Монополия — атамасининг келиб чиқиши бозорга оид тушунчалардан (яъни, юнонча „моноc“ — ягона, битта ва „полео“ — сотаман) таркиб топсада, унинг иқтисодий асослари аслида ишлаб чиқаришга бориб тақалади. Монополияни қуйидагича таърифлаш ўринли: монополия — монопол юқори нархларни ўрнатиш ҳамда монопол юқори фойда олиш мақсадида тармоқлар, бозорлар ва яхлит макроиқтисодиёт устидан ҳукмронликни амалга оширувчи йирик корхоналарнинг бирлашмалари.

Монополия (юнонча моно — танҳо, полео — сотаман) — иқтисодиётнинг бир соҳасида танҳо ҳукмронлик; бозорни ташкил этиш шакли. Бундай бозорларда ягона сотувчи ўз товари билан фаолият кўрсатади, бошқа тармоқларда бундай товарнинг ўринбосари бўлмайди. Монополия ишлаб чиқариш воситалари, иш кучи ва яратилган маҳсулотлар асосий қисмининг озчилик корхоналар, соҳибкор шахслар ёки давлат қўлида тўпланиши натижасида пайдо бўлади. Монополия кўринишлари қадимдан мавжуд. Ноёб маҳсулот етиштириладиган ерлар, конлар, сув ҳавзалари, ўрмонлар ва бошқа табиий манбалар озчилик қўлида тўпланиб, эгаларига монопол мавқеи берилган, улар маълум маҳсулотни бозоргатанҳо етказиб берувчиларга айланиб, у ерда ҳукмрон бўлганлар. Монополия ўз табиатига кўра ишлаб чиқаришда турғунлик пайдо қилади, чунки монопол мавқеига таяниб, сарфларни камайтирмай фойда кўриши, рақобатнинг йўқлиги ёки заифлигидан фойдаланиб бозорга ўз измини ўтказиш мумкин. Монополия бозор муносабатларини чеклайди, шу сабабли ҳатто бозор иқтисодиёти ҳукмрон давлатлар монополияга қарши чоратадбирларни кўрадилар. Монополиянинг асосий шакллари — картел, синдикат, трест, консернлар ҳисобланади.[1]

Монополиялар вужудга келишининг моддий асоси ишлаб чиқаришнинг тўпланиши ҳисобланади. Ишлаб чиқаришнинг тўпланиши ишлаб чиқариш воситалари, ишчи кучи ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг йирик корхоналарда тўпланишини намоён этади.

Турлари

Монополиянинг 3 та асосий тури мавжуд. Улар:

1.Табиий монополия

Табиий монополия — бу бозорда битта корхона фаолият юритиши иқтисодий жиҳатдан энг самарали бўлган ҳолатдир. Бунда ишлаб чиқариш учун жуда катта харажатлар талаб қилинади, шунинг учун бир нечта корхона ишлаши фойдасиз бўлади. Масалан, электр энергияси, газ ва сув таъминоти соҳалари. Одатда бундай монополия давлат томонидан назорат қилинади.

2. Сунъий монополия

Сунъий монополия — бу корхоналар томонидан атайлаб яратиладиган монополиядир. Йирик фирмалар бозорда устунликни қўлга киритиб, рақобатчиларни чеклайди ёки чиқариб юборади. Натижада улар нархларни ўзлари белгилаш имконига эга бўлади. Бу тур картел, синдикат ва трест каби шаклларда учрайди.

3.Давлат монополияси

Давлат монополияси — бу давлат томонидан ташкил этиладиган ва бошқариладиган монополия ҳисобланади. Одатда муҳим ва стратегик соҳаларда қўлланилади. Масалан, ҳарбий саноат ёки айрим табиий ресурслар давлат назоратида бўлади. Бу орқали давлат иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлайди.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил