Моренали релеф - музликлар таъсирида пайдо бўладиган релеф. Музликлар тоғ жинсларини емириб, уларни бир жойдан иккинчи жойга кўчиради. Чекинган музликлар йирик (ғўлатош, ҳарсанг тошлар), майда (шагал) тошлар ва қум ҳамда қумоқ жинсларни қолдириб кетади. Бу ётқизиқлар кўпдан-кўп тепалар, чуқурликлар (кўпинча кўллар) ҳосил қилади. Моренали релеф Россиянинг Европа қисмида кенг тарқалган ва тупроқ қатлами қалин бўлганидан анча текис кўринади. Тоғларда ҳам Моренали релефни учратиш мумкин. Тоғларда водий ён бағирларида мореналардан ҳосил бўлган айрим ва қатор тепаликлар ажралиб туради. Охирги морена ётқизиқларидан ёй шаклидаги морена уюмлари ва хилма-хил тепаликлар пайдо бўлади. Тоғлардаги морена ётқизиқларида тупроқ қатлами юпқароқ, лекин, унумдор бўлади. Моренали релеф Ўрта Осиё тоғларида кенг тарқалган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил