Мучал, мучал йил ҳисоби — Шарқий ва Марказий Осиёда кенг тарқалган йил ҳисоби. М. асосида милоддан 2000-йиллар олдин киритилган хитойларнинг сиклик календари ётади. 60 йиллик сикл билан йилнинг номлари қайтариладиган бу тақвим аслида Қуёш — Ой календари (қаранг Календар) бўлиб, у Ойнинг Ер атрофида айланиш даврига (бу давр синодик ой дейилиб, 29,53 суткага тенг) ва тропик йилга (365,2422 сутка) таянади. Йилнинг узунлиги оддий йилларда 12 ойлик бўлиб, 354 кунга, кабиса йилларда эса 13 ойлик бўлиб, 384 кунга тенг. 60 йиллик сиклда кайси йил 12 ойлик, қайсиси 13 ойлик (эмболисмик) бўлиб келиш тартиби маълум Ой фазаси (мас, янги ой) йилнинг аник, бир санасига тўғри келиш даврига (бу давр 19 йилга тенг бўлиб, унинг ихтирочиси шарафига Метон даври ёки сикли дейилади) кўра аниқланади. 19 йиллик сиклнинг 2-, 5-, 7-, 10-, 13-, 15- ва 18-йилларида 13-ой қўшилиб, қолганлари оддий — 12 ойдан иборат бўлади. ХХ асрда ушбу календарнинг 19 йиллик сикллари боши 1924, 1943, 1962, 1981, 2000-йилларга тўғри келди. Қад. Хитой календарида 60 йиллик сиклнинг келиб чиқиш тарихи қуйидагича. Кдс. да Олам 5 та — сув, олов, тупроқ, металл ва ёғоч каби унсурлардан ташкил топган ҳамда улар ижобий ва салбий хусусиятларни мужассамлантирган, деб қаралар эди. Бу 5 унсур ўзининг 2 хусусияти билан "Осмон шохобчаси" белгилари (сзя, и, бин, дин, у, сзи, ген, син, жен, гуй) орқали ифодаланган. 60 йиллик сиклнинг пайдо бўлишида ана шу 5 унсур уни ташкил этувчи кўпайтирувчилардан бири бўлиб, иккинчиси — 12 эса осмоннинг энг ёруғ "юлдуз"ларидан бўлган Юпитер (Муштарий)нинг йилларида ифодаланган давридан олинган.

Юпитернинг 12 йиллик ҳаракат йўли 30° дан қилиб 12 бўлакка бўлинган (30°х 12=360°) ва ҳар бир бўлагига "ер шохобчаси" деб аталувчи 12 ойнинг белгилари (сзи, чоу, ин, мао, чен, си, у, вей, шен, ю, сюй, хай) қўйиб чиқилган. Кейинчалик милод бошларида бу белгиларга ушбу ҳайвонларнинг номлари қўшиб қўйилган: каламуш, сигир, йўлбарс, қуён, аждаҳо, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит, чўчқа. Булар Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракати йўлида жойлашган (зодиак соҳа деб юритилувчи соҳада) ушбу юлдуз туркумлари эгаллаган ҳудудларга мос келади: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сумбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Дале ва Хут. Оқибатда қад. хитойликлар "осмон шохобчаси" ва "эр шохобчаси" белгиларидан ташкил бўлган ва 60 (12х5) йилни ўз ичига олган сиклик жадвалтақвимни тузганлар. Мазкур тақвимда маълум йил — "осмон шохобчаси"нинг вертикал устуни ва "эр шохобчаси"нинг горизонтал йўли кесишган катакда жойлашиб, қўшма — "қуён-олов", "маймун-металл" ёхуд "оцув" каби номлар билан аталадиган бўлган ва айнан шу номларга мос равишда, 60 йилдан сўнггина қайтарилган. 60 йиллик сиклга эга бўлган бу тақвим ҳозирги кунда Хитой, Япония, Корея, Ветнам ва Монголияда қўлланади. Хитой ва Кореяда "осмон шохобчаси"ни ташкил этган унсурлар иккиламчи — ижобий ва салбий (баъзан икки жинс — эр ва аёл) хусусиятларига кўра иккига бўлингани ҳолда, Японияда улар ёш хусусиятларига кўра — катта ва кичик ном билан, Монголияда эса 5 унсур фақат ранглар билан кўк (баъзан яшил), кизил, сариқ, оқ ва қора деб қўлланади (жадвалга қ.).

Қад. ёзма манбаларда кўрсатилишича, М.ни дастлаб Юнон-Бақтрия под-шолиги даврида (милоддан аввалги 250— 140ёхуд 130 йил) кўчманчи чорвадор халқлар яратган, сўнгра Мўғулистон, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Миср, Ироқ, Эрон, Афғонистон, Ўрта Осиё мамлакатлари ва бошқа мамлакатларга Тапкалган. Бу ҳисобнинг ватани Хитой ва Миср деган маълумотлар ҳам бор. Кишиларнинг туғилган йилларини ҳайвонлар номи билан аташ одати айрим хайвонларга сиғиниш асосида келиб чиққан: 12 йиллик ҳисобга киритилган ҳайвонлар "хосиятли" ва "муқаддас" ҳисобланган. Қайси мамлакатда қандай ҳайвонга кўпроқ сиғинилса, шу ҳайвон мазкур йиллик ҳисобга киритилган. Масалан, Хитойда балиқ ўрнига афсонавий аждаҳо, Африкадаги баъзи хал-қлар орасида балиқ ўрнига тимсоҳ, Мисрда сичқон ўрнига мушук, от ўрнига эшак ва ҳоказо қўлланган. Ўрта Осиё мамлакатлари, Мўғулистон, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг халқлари орасида турли буюмларни М. йил ҳисобига киритилган ҳайвонларнинг тасвири билан безаш одат бўлган. Олтин ва кумушдан илон шаклида ишланган билагузуклар, балиқ ва бошқа ҳайвонларнинг тасвири ўйиб ишланган мис товоклар бунга мисол бўлади. Қад. ривоятларга кўра, М. йил ҳисобидаги ҳар бир йилда муайян воқеақодисалар содир бўлар эмиш. Мас, "илон йили"да қурғоқчилик, қимматчилик бўлар, қиш совуқ келар, "тўнғиз йили"да эса ёғингарчилик кўп, нархнаво арзон бўлар эмиш. Туғилган боланингтақдири, феъл-атвори ҳам гўё унинг қайси йилда туғилганлигига боғлиқ экан (хусусан, "қуён йили"да туғилган ўғил бола яхши киши бўлиб етишиб, фойдали ишлар қилади, узоқ, бадавлат ҳаёт кечиради ва ҳоказо).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил