Muhammad Nabi Vosil
Муҳаммад Наби Восил ХИХ асрда яшаб ижод этган истеъдодли афғон шоиридир.
Ҳаёти
Восил 1827-йилда Кобул шаҳрида дунёга келди. Шоирнинг бобоси Али Ризохон Аҳмадшоҳ Дурроний подшоҳлиги йилларида муставфий лавозимидаги таниқли шахс бўлган. Восилнинг истеъдоди ва дарс ўқишдаги тиришқоқлигини кўрган онаси уни Раҳимдилхон мударрисга ўқишга беради. Восил мударрис раҳбарлигида қисқа вақт ичида форсий тилидаги адабиёт тарихи, араб тили ва исломий билимларни эгаллайди.
Восил имло ва иншони яхши ўзлаштириб олганидан сўнг онаси уни сарой дабири Муҳаммад Муҳсинга шогирдликка беради. Шогирдининг зеҳни ўткирлиги ва хотираси кучлилигини кўрган дабир кўп ўтмай уни ўзига мирза ва маслаҳатчи этиб белгилайди. Шундан сўнг Восил узоқ йиллар давомида Муҳаммад Муҳсин бошчилик қилган бўлимда мирза вазифасида ишлади. Муҳсин Дабир шимолий вилоятлардан бирига ишга тайинланганида Восил ҳам унинг муовини сифатида бирга боради. Қисқаси, Муҳсин Дабир 1879-йилда вафот этгунига қадар Восил унинг раҳбарлигида ишлади ва ундан муншилик сирларини пухта эгаллади. Устози вафот этганидан кейин эса, амир Шералихон дабирлик лавозимини Восилга топширди.
Шералихон 1879-йилда вафот этганидан сўнг, иккинчи инглиз-афғон уруши даврида Восил қандай иш билан шуғуллангани маълум эмас. Амир Абдураҳмонхон Самарқанддан қайтиб Кобулга яқинлашганида эса, Восил бир гуруҳ сарой аҳли билан унга пешвоз чиқади. Абдураҳмонхон тахтни эгаллагач, уни яна илгариги вазифаси — сарой дабири лавозимига ишга белгилайди.
Восил 1890-йилда вабо касалидан вафот этди.
Ижоди
Восил мирза ва дабир1 вазифаларида ишлаш билан бирга адабиёт билан ҳам яқиндан шуғулланар, шеърлар ёзар эди. У Ҳофиз Шерозий шеърияти мухлиси эди. Гарчи у Саъдий Шерозий, Муштоқ Исфаҳоний, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Сойиб Табризий, Қудсий ва Ҳилолийлар ғазалларига татаббулар яратган бўлса ҳам, Ҳофиз шеъриятига нисбатан алоҳида муносабатда бўлар эди. Унинг аксар ғазаллари Ҳофизга эргашиб ёзилгани ҳам бунинг далилидир. Тадқиқотчилар Восилни Афғонистон дарийзабон адабиётида узоқ давом этган ҳинд услубининг ҳукмронлигидан сўнг биринчи бўлиб ироқ услубини қайта жонлантирган шоир, деб таърифлайдилар.
Восил шеърлари мажмуаси биринчи бор 1952-йилда „Анис“ газетаси таҳририяти томонидан босиб чиқарилди. Бу тўплам 130 бетдан иборат бўлиб, шоирнинг ғазал ва таржибандларини ўз ичига олади. Мазкур тўплам шоир асарларини тўлиқ қамраб олмаган. Манбаларда нашр этилган мажмуага кирмаган асарлар учраб туриши шундан далолат беради. Шоирнинг ўзи асарларини жамлаб девон тузмагани тахмин қилинади. Унинг ҳозирги кунда маълум бўлган девони Толиб Қандаҳорий номли шахс томонидан тузилган, аммо у девон ва унга киритилган асарлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.
Девон 250 саҳифадан иборат бўлиб, унда Восилнинг ҳозиргача маълум бўлган шеърлари, жумладан Имом Ҳусайн фожиасига бағишланган марсиялари ундан жой олган.
Юқорида айтилганидек, Восил Ҳофиз Шерозий шеъриятини ўзи учун адабий меъёр деб билган ва ҳар жиҳатдан унга эргашишга ҳаракат қилган. У бир шеърида буни қуйидагича ифодалаган эди:
خامه ام هر چند کلک استادان شکست، کلک حافظ میخراشد نوک اقلامم هنوز.
Менинг қаламим устозлар қаламини синдирган бўлса ҳам,
Ҳофизнинг қалами ҳалигача менинг қаламларим учини тирнайди.
Байт мазмунига кўра Восил ўз поэтик маҳоратини мумтоз адиблардан кам кўрмаса ҳам, Ҳофиз Шерозий даражасига ета олмаганини эътироф этади. Унинг Афғонистонда йиллар давомида шоирларга дастуруламал бўлиб хизмат қилган ҳинд услубидан кўз юмиб ироқ услубида ижод қилиши сабаби ҳам шу, дейиш мумкин.[1]
1Солиқлар бо'йича идора бошлиг'и
Манба
Раҳмон Иномхўжаев. Дарийзабон адабиёти(ХВИИИ-ХИХ-асрлардаги). 2016
- ↑ Раҳмон Иномхо'жаев. Дарийзабон адабиёти (О'збек), Тошкент, 2016.