Муҳаммад Раҳимхон (Муҳаммад Раҳим, Муҳаммад Раҳимбий) (1715—1758-йиллар) — Бухоро хонлиги ҳукмдори (1756—1758). Манғитлар ўзбек сулоласининг асосчиси. Давлат арбоби ва саркарда. оталиқ, Бухоро хони (1756—1758). Бухоро хонлигида оталиқ унвонида амалий ҳукмронлик қилган (1747—1756).

Муҳаммад Раҳимхон
(Муҳаммад Раҳим, Миҳаммад Раҳимбий)
Муҳаммад Раҳим
Бухоро хонлиги ҳукмдори
Мансаб даври
1756-йил 2-декабр – 1758-йил 24-март
Ўтмишдоши Абулфайзхон
Абдулмўминхон
Убайдуллахон ИИИ
Шерғозихон
Вориси Фозилхон
Бухоро оталиғи
Мансаб даври
1745-йил – 1756-йил 2-декабр
Монарх Абулфайзхон
Абдулмўминхон
Убайдуллахон ИИИ
Шерғозихон
Ўтмишдоши Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ
Вориси Муҳаммад Дониёлбий оталиқ
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1715-йил (ёки, 1709-йил)
Бухоро, Бухоро хонлиги
Вафоти 24-март 1758-йил(1758-03-24)
(43 ёшда)
Бухоро, Бухоро хонлиги
Фуқаролиги Бухоро хонлиги
Болалари қизининг номи аниқланмаган
Отаси Муҳаммад Ҳакимбий

Муҳаммад Раҳим Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг (1736—1747) хуружларидан давлатни имконият даражасида сақлаб қолган. Бухоро хонлигини иқтисодий бўҳрон ва сиёсий бўлинишлардан қутқарган. Марказий ҳокимиятга қарши чиққан амирлар ва бийларнинг ўзбошимчаликларига қарши курашган. Бухоро хонлиги ҳукмдори Абулфайзхон даврида қўлдан кетган ҳудудларни давлат тасарруфига қайтарган. Ниҳоят, у Бухоро давлатида 173 йил ҳукмронлик сурган Манғитлар ўзбек сулоласига асос солган.

Муҳаммад Раҳимхон ўз даври манбаларида „амири саодати макрун“, „амири соҳибқирон“, „баҳодур“, „шоҳи алижон“, „амири жаҳонпаноҳи комёб“, „амири Арасту рай“ каби унвонлар билан тилга олинган.

Келиб чиқиши

Муҳаммад Раҳим Муҳаммад Ҳакимбий хонадонида 1715-йили (ёки 1709-йили) Бухорода туғилган. Унинг шажараси қуйидагича эди: Муҳаммад Раҳимхон — Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ — Худоёрбий оталиқ — Худойқулибий — Келдиёрбий — Човушбой. Унинг бобокалони Човушбой ўз даврида ўзбек қавмлари орасида манғит уруғининг жуда бой-бадавлат кишиси бўлган[1]. Отаси Муҳаммад Ҳакимбий эса нуфузли манғит бийларидан (бекларидан) бўлиб, Манғитлар ўзбек сулоласининг давлат ҳукмронлиги тепасига келишига етарлича шарт-шароит яратиб берган киши эди.

Ёшлик йиллари

Муҳаммад Раҳим ўспиринлик ва ёшлик йилларидан бошлаб уста чавандоз бўлган ва турли қурол-аслаҳалардан моҳирлик билан фойдаланган. Отаси Муҳаммад Ҳакимбий оталиқнинг кўмаги билан у Аштархонийлар ўзбек сулоласидан бўлган Бухоро хонлиги ҳукмдори Абулфайзхон (1711—1747) саройида юқори лавозимларда хизмат қилган. Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг (1736—1747) Бухорога таҳдидидан кейин давлатда унинг мавқеи янада ошган. У Нодиршоҳ хуружидан кейин Бухоронинг обрўли кишиларидан 12 минг нафарга бўлиб, уларни оқ уйли сифатида Эрон пойтахти — Машҳадга олиб келган.

Сиёсий фаолиятининг бошланиши

Муҳаммад Раҳим отаси Муҳаммад Ҳакимбий оталиқ вафот этганда Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг (1736—1747) рухсати билан падарининг дафн маросимларини ўтказиш учун 1743-йили Бухорога келиб кетган. Кейинчалик Каттақўрғонлик Ибодуллоҳбий бошчилигидаги хитой-қипчоқ қавмлари кўтарган исённи бостириш учун Нодиршоҳнинг буйруғи билан Бухорога 1745-йилда яна қайтган ва қўшбеги — бош вазир лавозимини эгаллаган. Нодиршоҳ ва Абулфайзхон унга оталиқ унвонини беришган. Айнан шу йилдан бошлаб у Бухоро хонлигининг амалдаги ҳукмронига айланган.

Муҳаммад Раҳим 1747-йилда Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг (1736—1747) тўсатдан ўлдирилиши ҳақидаги хабар етиб келганидан сўнг, унинг буйруғи билан Мир Араб мадрасасининг ҳужраларидан бирига яшириниб олган Бухоро хонлиги ҳукмдори Абулфайзхон (1711—1747) қатл этилган. Бироқ Муҳаммад Раҳим Бухоро хонлиги тахтига ўзи ўтиришдан ҳайиқиб, тахтга марҳум хон Абулфайсхоннинг 9 ёшли ўғли Абдулмўминхонни (1747—1751) ўтқазган ва болакай сохта хонга қизини бериб, уни ўзига куёв қилиб олган. Бироқ орадан 4 йил ўтгач, ўз куёви Абдулмўминхонни ҳам ўлдиртириб, тахтга Абулфайзхоннинг авлоди ёки Абулфайзхон ҳамда ўзининг невараси — Убайдуллахонни (1751—1754), кейинчалик Шерғозихонни (1754—1756) ўтқазиб, бу қўғирчоқ хонлар даврида марказий ҳокимиятга бўйсунишни хоҳламаётган Миёнқол, Нурота, Ургут, Жиззах, Ўратепа, Хўжанд, Тошкент, Шаҳрисабз, Бойсун, Ҳисор, Қубодиён ва бошқа вилоятлар устига юриш қилиб, уларни бўйсундирган. Хусусан, айирмачилик кайфиятларини намоён қилаётган Шаҳрисабз ва Китобдаги кенагаслар устига 3 марта ҳарбий юриш қилиб, уларни тобе қилган. Бурқут, баҳрин, кенагас, қипчоқ, юз, сарой ва бошқа ўзбек қавмларни мамлакатнинг турли ҳудудларига кўчириб, Бухоро хонлигининг яхлитлиги ва хавфсизлиги учун изчил курашган. У ҳокимиятни марказлаштириш сиёсатини фаол суръатда олиб борган ва қудратли амирларни лавозимларидан бўшатиб, уларнинг ўрнига ўрта табақа вакилларини тайинлаган.

Муҳаммад Раҳим давлатнинг ободончилик ишларига катта эътибор қаратган. Урушлар туфайли вайрон бўлган Самарқанд вилоятидаги Дарғом каналини қайта тиклаттирган. 1752—1753-йилларда Бухоро шаҳрининг мудофаа деворини мустаҳкамлатган; баландлиги 2 метрли янги девор қурдирган. Унинг донаторлигида Бухоро шаҳрида кўплаб мадраса ва масжидалр қурилган, боғлар (Катта чорбоғ ва бошқалар) бунёд этилган.

Бухоро хонлиги ҳукмдори

Муҳаммад Раҳим Абулфайзхоннинг (1711—1747) қизи Юлдузбегимга уйланган. Кейинчалик 1756-йил 12-декабрда Бухоро хонлиги тахтига расмий равишда хон бўлиб ўтиргач, Манғитлар ўзбек сулоласининг ҳукмронлиги бошланган. Тахтга чиқиш маросими Аркда ўтказилган. Муҳаммад Раҳимхон оқ кигизга ўтириб, хон деб эълон қилинган. Манғитларнинг 11 йиллик амалдаги ҳукмронлиги эндиликда расмий мақомга эга бўлган. Муҳаммад Раҳимхон Бухорода хонлик тахтига ўтирганидан кейин (ёки ҳали оталиқ унвонида бўлган пайтда) Самарқандга махсус келиб, машҳур Кўктош тахтига (Турон тахтига) чиқиш маросими ҳам ўткарилган. 92 ўзбек уруғлари бирлашиб, уни „Турон хоқони“ деб эълон қилишган. Бухоро хонлиги ҳукмдори Субҳонқулихон (1680—1702) вафотидан Муҳаммад Раҳимхонгача Кўктош тахтига чиқиш маросими ўткарилмаган эди. Муҳаммад Раҳимхоннинг хонлик тахтига ўтириши ўз даврининг муаррихлари томонидан муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланган.

Муҳаммад Раҳимхон Хоразмда сиёсий низолар даврида, у томонидан юборилга ва чингизийлардан бўлган ўз одамини тахтга хон қилиб кўтариш учун Бухородан юборган.

Муҳаммад Раҳимхон саройида Муҳаммад Вафо Карминагий (Қози Вафо) тарихчи ва китобдор (кутубхоначи) лавозимида фаолият юритган.

Муҳаммад Раҳимхоннинг хон унвонида мустақил ҳукмронлиги деярли икки йил давом этган.

Ўлими

Муҳаммад Раҳимхон Ғиждувондаги Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Шофиркондаги Хожа Ориф Ревгарий мақбараларини зиёрат қилиб, Бухорога қайтаётганида йўлда, 1758-йил 24-мартда, 45 ёшида тўсатдан касалланиб, бевақт вафот этган. Шоҳруд канали бўйида, Мозори Шариф дарвозаси ёнидаги Абу Бакр Тархон қабристонига дафн этилган.

Бир тарихий маълумотга кўра, Муҳаммад Раҳимхон Ғиждувонга зиёратга борганида ҳарамини хам ўзи билан олиб борган ва дабдабали зиёфат уюштирган. Кечқурун у ортига қайтаётганда унга бир дарвиш йўлиқиб, яқинда вафот этишини башорат қилган. Бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланган Муҳаммад Раҳимхон Касалликка чалинган ва вафот этган. Ҳокимият унинг невараси Фозилхонга мерос бўлиб ўтган.

Бошқа бир тарихий маълумотга кўра, Муҳаммад Раҳимхон қадамжоларга отлиқ ҳолатда (от миниб) борган, кечқурун ўз ҳарамидаги аёллар билан зиёратгоҳ яқинида кўнгилхушлик (жинсий алоқа) қилган. Эртасига эса „безовта кўнгил“ ва ташвишли қиёфа билан Хожа Ориф Ревгарий қабрини зиёрат қилиб, унинг руҳи қувватидан мадад сўраган. Ушбу ҳолатлар ҳукмдорнинг ўлимига сабаб бўлган. Яъни Муҳаммад Раҳимхон қадамжойларни зиёрат қилаётганида ўзини етарлича камтарин тутмаган.

Бухоро хонлигидаги сиёсий аҳвол

Бухорода аштархонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида ўзбек қабилаларидан манғитлар ва қўнғиротларнинг нуфузи баланд эди. Бу икки қабила ҳақиқий ҳокимият аштархонийлар қўлида бўлиб турган даврларда уларга садоқат билан хизмат қилган эдилар. Бироқ, кейинчалик, Бухорода манғитлар алоҳида нуфузга эга бўлиш учун астойдил курашдилар. Муҳаммад Ҳакимбий даврида бу мақсадга эришдилар.

Муҳаммад Ҳакимбий 1743-йилда вафот этган эди. Унинг ўғли Муҳаммад Раҳимбий ўзининг мунтазам қўшинга эгалигидан фойдаланиб, ҳокимиятда отаси каби алоҳида мавқеи учун даъвогарлик қила бошлади. Сўнгги аштархоний Абулфайзхон унга Бош вазирлик лавозимини беришга мажбур бўлди ва охир-оқибатда марказий ҳокимият унинг қўлида тўпланди.

Нодиршоҳ 1747-йилда ўлдирилганидан сўнг Эронда бошланган ички курашлар Муҳаммад Раҳимнинг Бухоро тахтини эгаллашига йўл очиб берди. Унинг буйруғи билан Абулфайзхон ҳам 1747-йили ўлдирилди. Муҳаммад Раҳим тахтга Абулфайзнинг ўғли Абдулмўминни ўтқазди ва уни ўзига куёв қилиб олди. Кўп ўтмай Муҳаммад Раҳим куёви Абдулмўминни ҳам қатл эттирди. Тез орада Муҳаммад Раҳим Бухоро аслзодалари ва руҳонийларининг қўллаб-қувватлаши билан 1756-йилда ўзини хон деб эълон қилди. Бироқ манғитлар чингизийлар наслига мансуб бўлмаганлиги учун ундан кейинги манғит ҳукмдорлари ўзларини хон деб эмас, амир деб атаганлар. Улар Бухоро минтақасининг диний ҳукмдори — амир ул-мўминин ҳисобланганлар.

Шундай қилиб, 1756-йили Бухорода ҳокимият тепасига янги сулола — манғитлар сулоласи келди ва давлатни 1920-йилгача идора қилди. Шундан бошлаб Бухоро хонлиги эндиликда Бухоро амирлиги деб аталадиган бўлди. Манғитлар 92 ўзбек қабиласининг бири эди.

Сиёсий фаолияти

Муҳаммад Раҳим — мамлакатда ўзининг мутлақ ҳукмдорлигини ўрнатиш ҳамда ички бошбошдоқликни тугатиш сиёсатини тутди. Бундай сиёсатдан кўзланган мақсад — марказлашган давлатни тиклаш эди. Муҳаммад Раҳим бу сиёсатни рўёбга чиқаришга қатъий киришди. У барча маҳаллий ҳукмдорларни ўз ҳузурига чорлаб, уларга ўзининг асл мақсадини, ўз бошқарув дастурини маълум қилди. Лекин давом этаётган ички низолар, урушлар мамлакатни хонавайрон қилаётганлиги, хўжалик, савдо-сотиқ ишларининг издан чиқаётганлиги, агар бу жараёнлар бундан буён ҳам давом этиладиган бўлса, давлат ҳалокати муқаррар эканлигини алоҳида таъкидлади. Қайси маҳаллий ҳукмдор марказий ҳокимиятга бўйсунмаса, ундайлар аёвсиз жазога тортилишини огоҳлантирди.

Муҳаммад Раҳимхон мустақилликни даъво этиб юрган Миёнқол, Нурота, Қўбодиён, Бойсун, Шаҳрисабз ҳамда Ургут бекликларини тўрт йил давомида ўзига бўйсундирди. Айни пайтда у бўйсунишни истамаган, марказий ҳокимиятга бўйсунмасликка уринаётган қабилаларни турган жойидан кўчиртириб юбориш сиёсатини тутди. Масалан, бурқут, қипчоқ, етти уруғ, баҳрин, юз кенагас, сарой ва бошқа қабилаларга нисбатан ана шундай сиёсат юритилди.

Итоациз бекларнинг бўйсундирилиши

Ўратепа шаҳри ва унинг бозор майдони
Ҳисор қал’аси ва Ҳисор бекларининг қароргоҳи. ХВ—ХВИИ-асрлар

1754-йилда Муҳаммад Раҳимбий оталиқ ва Қўқон хони Эрдонабий бир муддат тенг иттифоқчи бўлиб, Ўратепага биргаликда юриш қилдилар, бу ерда Ҳисор беклари Муҳаммад Амин Ўратепа беки тарафида ҳаракат қилиб, Бухоро қўшини учун қийинчилик туғдирдилар[2]. Кейинчалик Ҳисор беки фитналари туфайли иттифоқ бузилиб, Муҳаммад Раҳим билан Эрдонабий ўртасидаги барча муносабатларга барҳам берилди[2]. Кейинчалик, Бухоро қўшинлари Ўратепани эгаллаб олишга муваффақ бўлишди, бу эса Муҳаммад Амин ва Ўратепалик бекни Ҳисорга қочишга мажбур қилди. Бу ҳолат бухоролик оталиқларнинг ғазабини қўзғатди ва улар қочоқлар ортидан эрҳашиб, юришни давом эттирдилар[3].

1756—1757-йилларда Муҳаммад Раҳимбий биринчи юришида Бойсунни, сўнгра Денов қал’асини эгаллади. Денов қал’асидан Ҳисорга босқинлар уюштира бошлади. Бу босқинлар ҳудуд забт этилгунча тўхтамади. Муҳаммад Раҳимбий Ҳисорни иккинчи уринишда, Шаҳрисабзни эса учинчи уринишда забт этди[4][5]. Ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши билан хон Бухоро, Самарқанд ва хонликнинг бошқа марказий шаҳар ва вилоятларидан Ҳисорга кўчиб келган барча аҳолини ўз жойларига қайтишни буюрди. Муҳаммад Раҳимхоннинг хонликнинг асосий шаҳарларида доимий ҳаётни тиклаш истагидан далолат берувчи ушбу воқеа натижасида 20 минг оила кўчирилди, бу эса, албатта, шаҳар ҳаётининг умумий тикланишига таъсир қилмай қолиши мумкин эмас эди[2].

Муҳаммад Раҳим йирик ер эгаларининг давлатни бошқариш ишларида шу вақтгача давом этиб келган аралашувларини кескин камайтиришга эриша олди. Шундай бўлса-да, у барча бекликларнинг марказий ҳокимиятни тан олишларига тўла эриша олмади.[6]

1757-йилда Муҳаммад Раҳим кўмагида Темур Ғозихон Хива тахтига ўтирган. Бу эса Бухоро хонлигининг нуфузини анча мустаҳкамлади. У афғонлар ҳукмдори Темуршоҳ Дурроний, Қўқон беклари билан фаол дипломатик алоқалар олиб борган.

Бухоролик тарихчи Мирзо Абдулазим Сомий Бўстонийнинг ёзишича, Ғиждувон туманидан қайтаётганда йўдда вафот этган. Бухородаги Шоҳруд анҳори бўйида, Мозор дарвозасидаги Абу Бакр Тархон қабристонида дафн этилган.[7][8][9]

Манбалар

  1. ↑ Жуманазар 2017, с. 256—264.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 Иванов 1958.
  3. ↑ Искандаров 1962, с. 23.
  4. ↑ История Узбекской ССР 1956.
  5. ↑ Тревер 1947.
  6. ↑ Муҳаммад Раҳимхон эдупортал.уз сайтида, 2016-03-05да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2011-06-25
  7. ↑ Мирза Абдал’ азим Сами, Тарихи салатини мангитийя, М.,
  8. ↑ Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001.
  9. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Адабиётлар

  • Абдалазим Сами Тарих-и Салатин-и Мангития. пер. Епифановой Л. М.1962
  • Анке фон Кюгелген Легитимация среднеазиацкой династии мангитов в произведениях их историков, ХВИИИ-ХИХ вв А.,2004
  • Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Абдулмўминхон. Тошкент,2000—2005
  • Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Бухоро Арки. Тошкент,2000—2005
  • Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Манғитлар. Тошкент,2000—2005
  • Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Муҳаммад Раҳим. Тошкент,2000—2005