Amir Shohmurod
| Муҳаммад Шоҳмурод (Шоҳмурод, Шоҳмуродбий, Амир Шоҳмурод, Амир Муҳаммад Шоҳмурод, Амири Маъсум.) | |
|---|---|
Муҳаммад Шоҳмурод | |
|
Мансаб даври 1785-йил 10-июн – 1800-йил 30-ноябр | |
| Ўтмишдоши | унвон таʻсис этилган |
| Вориси | Амир Ҳайдар |
|
Мансаб даври ? – 1785-йил 10-июн | |
| Бош вазир | Муҳаммад Дониёл |
| Монарх | Абулғозихон |
| Ўтмишдоши | Давлат қўшбеги |
| Вориси | Султонмурод қўшбеги (укаси) |
|
Мансаб даври 1771-йил – ? | |
| Бош вазир | Муҳаммад Дониёл |
| Монарх | Абулғозихон |
| Бош вазир | Муҳаммад Дониёл |
| Монарх | Абулғозихон |
| Бош вазир | Муҳаммад Дониёл |
| Монарх | Абулғозихон |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1741-йил Бухоро, Бухоро хонлиги |
| Вафоти |
30-ноябр 1800-йил (59 ёшда) Бухоро, Бухоро амирлиги |
| Фуқаролиги |
|
| Турмуш ўртоғи |
|
| Болалари | |
| Отаси | Муҳаммад Дониёл |
| Таълим | Мир Араб ёки Кўкалдош мадрасаси |
| Дини | Ислом |
| Дафн этилган жойи |
Бухоро Жўйбор мавзеси Эшони Имло қабристони |
Муҳаммад Шоҳмурод (Шоҳмурод, Шоҳмуродбий, Амир Шоҳмурод, Амир Муҳаммад Шоҳмурод, Амири Маъсум) (1741-йил, Бухоро, Бухоро хонлиги — 1800-йил 30-ноябр, Бухоро, Бухоро амирлиги) — Бухоро амирлиги ҳукмдори (1785—1800). Манғитлар ўзбек сулоласининг биринчи ҳукмдорларидан бири ва ушбу сулоланинг биринчи амири. Давлат арбоби ва саркарда. Бухоро хонлигида қўшбеги лавозимида бўлган ва турли вилоятларда ҳокимлик қилган.
Манғит намоёндалари орасида Шоҳмурод ҳам шахс, ҳам арбоб сифатида алоҳида ўрин тутган. Манғитлар ўзбек сулоласи вакиллари орасида энг нуфузли ўринни эгаллаган.
Амир Шоҳмурод тахтга чиқиб 2 масалани ҳал этади: Аштархонийлар ўзбек сулоласининг умри тугаб, ҳокимият янги ўзбек сулоласи — Манғитлар қўлига ўтганлигини расмийлаштиради; Бухоро давлатини бирлаштириш ва марказлаштириш учун курашни давом эттиради ва отаси Дониёлбий оталиқ даврида жорий этилган солиқларни бекор қилдиради.
У ҳукмдор бўлишига қарамай оддий турмуш тарзини маъқул билар, ўзи учун кундалик харажати бир тангадан ошмаган, еб-ичиши оддий бўлган, ўз шарафига турли дабдабали тадбирлар уюштиришга йўл қўймаган. Шунинг учун ҳам замондошлари ва келгуси авлодлар томонидан Амири Кабир, Амири Маъсум[1] — Бегуноҳ амир, Умари соний — Иккинчи Умар, Амири Ғозий, Амири Валий, Жаннатмакон[2][3] ёки Амири Жаннатмакон[4] каби фахрли номлар билан аталган[5][6].
Амир Шоҳмурод Бухоро амирлигида 4 та: молия, суд, маъмурий ва ҳарбий соҳаларда ислоҳотларни амалга оширган. Давлат бошқарувида адолатни бош тамойил қилиб олиб, шариат қоидаларига тўғри келмайдиган барча солиқларни бекор қилдирган. Унинг даврига келиб амалдорларнинг унвон ва мансаблари тартибга солинган. Кўплаб ХВИ—ХВИИ асрларга тегишли вақф ҳужжатларини қайта кўчиртирган; амалдаги ёки бутунлай фаолият кўрсатмаётган ва йўқолган вақф ҳужжатларини қайта ишга солган.
Унинг даврига келиб аҳолиси камайиб, қишлоқ даражасига тушиб қолган Самарқанд қайта қурилган. Амир Шоҳмурод Самарқандни қайта қуриш тархини ўзи чизган. У шаҳарда 24 та мавзе қурдириб, давлатнинг шарқий вилоятларидан бу ерга кўплаб оилаларни кўчириб келтирган. Натижада, шаҳар гавжумлашиб, иқтисодий ва маданий аҳвол анча тикланган. Ҳозир Самарқанд кўчаларидан бири унинг номи билан аталади.
Амир Шоҳмурод ўзидан олдинги ҳукмдорлар Аркда қурдирган бинолардан кераклиларини қолдириб, қолганини эса буздириб, улардан чиққан қурилиш материалларини Бухоро шаҳри ичкариси ва ташқарисидаги масжидларга ишлатган. Марв яқинида Исломобод шаҳрини қурдирган.
Амир Шоҳмурод шахси зиддиятли бўлиб, у ҳақида кўпгина муаллифлар турлича фикр билдиришган.
Туғилган йили ва келиб чиқиши
Манғитлар ўзбек сулоласининг машҳур вакилларидан бири бўлмиш Муҳаммад Шоҳмурод Муҳаммад Дониёл хонадонида 1741-йили Бухорода туғилган. Оилада тўнғич фарзанд эди. Ёшлигида отаси уни Бегижон деб эъзозлаган[7].
Муҳаммад Шоҳмуроднинг туғилган йили Ўзбекистон миллий энсиклопедиясида 1749-йил деб кўрсатилган. А. Жуманазарга кўра, у аслида 1741-йили таваллуд топган[7]. Тарихий қўлёзмаларда бир нечта муаллифлар унинг 60 ёшдан ўтиб оламдан ўтганини ёзиб қолдиришгани ва у 1800-йилда вафот этгани ушбу тўхтамга келинишига асос қилиб кўрсатилади.
Муҳаммад Шоҳмуроднинг шажараси бир қанча манбаларда қуйидаги тарзда келтирилади: Амир Муҳаммад Шоҳмурод — Муҳаммад Дониёлбий оталиқ — Худоёрбий оталиқ — Худойқулибий — Келдиёрбий — Човушбой. Унинг бобокалони Човушбой ўз даврида ўзбек қавмлари орасида манғит уруғининг жуда бой-бадавлат кишиси бўлган[7]. Манбаларда келтирилишича, наслининг келиб чиқиши Туманойхонга бориб тақалар экан[5].
Ёшлик йиллари


Муҳаммад Дониёлбий оталиқ Бухоро хонлигини бошқаришни бошлаган вақтда Шоҳмурод 17 ёшга тўлганди. Шоҳмурод ўзининг 11 та укасидан алоҳида ажралиб турган[8]. Шоҳмуроднинг илм-фанга иштиёқи баланд бўлиб, унинг тарбияси билан отаси ҳам жиддий шуғулланган. Ёшлигида бир неча йил Мир Араб мадрасасида (бир манбага кўра, Кўкалдош мадрасасида[9]) таҳсил олган[7][3][5].
Шоҳмурод фаросатли, ақлли ва тақводор бўлиб вояга етиша бошлайди[5]. У шариат ва тариқатни пухта ўрганади. Тариқатда мужаддидия-нақшбандия сулукида эди. Бошқа илмлар қатори тасаввуф таълимоти билан жиддий шуғулланиб, ўзи ҳам мадрасада дарс беради. Шоҳмурод она тили туркий-ўзбек тилидан ташқари арабча ва форсчани ҳам яхши билган. Сўфиёна турмуш тарзи унинг ҳаётига айланган эди[7][5].
Шоҳмурод ёшлигида Қаршида кўп яшаган. Бу унинг келажакдаги сиёсий қарашларининг маънавий ижросини ўзига хос тарзда шаклланишига хизмат қилган. Бунга сабаб қилиб, ўша пайтларда Қаршида яшаган мужаддидия-нақшбандия тариқатининг машҳур вакилларидан бири, Сўфи Оллоёрнинг шогирди ва жияни — Халифа Жонмуҳаммад Кўлобийнинг (шайх Кўлобийнинг) насиҳатлари, ўгитларини тинглаб, унинг дуосини олишга мушарраф бўлгани кўрсатилади. Шайх бўлажак амирни тариқатга илҳомлантирган биринчи муршиди бўлади[10]. А. Жуманазарга кўра, амир Шоҳмуродда дунёга оддийроқ қараш, халқ ичида улар каби яшаш тарзи Жонмуҳаммад Кўлобийнинг суҳбатларидан кейин бошланиб кетган. Келажакда Муҳаммад Шоҳмурод Жонмуҳаммад Кўлобийнинг Биби Отун исмли неварасига уйланади.
Муҳаммад Шоҳмуроднинг илк муршиди охунд/шайх Муҳаммад Сафар Хоразмий эди. У шайх Сафарнинг ҳузурига борганида унга дастлаб унчалик рўйхушлик бермайди. Бўлажак шогирдини: Сен золим ва золимзодадирсан. Шайх хизмати ва бу йўлдаги риёзатга қандай тоқат қилурсан? — деб қаршилайди. Бироқ унинг қарори қатъий эди. У танлаган йўлидан қайтмаслигига шайхни ишонтиради ва шу кундан халқнинг назарида энг паст касб бўлган ҳаммоллик билан кун кечира бошлайди[1][11]. Ўз кунини топган пули билангина ўтказа бошлайди. Айни пайтда пири Шайх Сафар ёнида муридлик қилиб, тоат-ибодатни канда қилмайди. Ҳаммоллик қилиб юрган шаҳзода кўрганлар уни девона дейишгача боргач, отаси Дониёлбий қозикалон ва қушбегига маслаҳат солади. Амалдорлар „девона“ шаҳзодани нафақат валиаҳдликдан, балки фарзандликдан ҳам мосуво қилиш кераклигини айтишади. Аммо Дониёлбий ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолган мамлакатни халқ орасида юрган, эл таниган ва ҳурмат қилган ўғли Шоҳмуродга ишонади. У бир неча бор Шоҳмуродни бу йўлдан қайтаришга уринади. Унга ҳатто давлат хазинасидан маош тайинлайди. Аммо шаҳзода барча имтиёзларни рад этади. Таниганлар уни девона бўлган деб гумон қилади[7][5].
Ҳаммолликнинг оғир меҳнати Шоҳмуродни катта сиёсатдан четлаштириб қўймаган. Аксинча, у оддий халқ ҳаётини яқиндан ҳис этади. Ҳокимият раҳбарлари ва амалдорлар зулмини, уларнинг жабру ситамларини теранроқ англайди. Бу пайтларда Дониёлбий кексайиб, давлатни бошқаришга қийналиб қолганди. Бундан фойдаланган баъзи йирик амалдорлар хизмат мансабини суистеъмол қилиб, аҳолига нисбатан зулмни беҳад кучайтириб юборади. Айниқса, Давлат қўшбеги ва қозикалон Саййид Низомиддинхожа ситамлари ҳаддидан ошиб кетади. Айни пайтда, халқнинг норозилиги ҳам кучайиб боради. Бу ҳолдан, албатта, Дониёлбий ҳам хабардор эди[7][5].
Тарих саҳнасига чиқишидан олдинги давр
1785-йил 24-мартда Бухоро хонлиги ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон вафот этади. Унинг ўғил фарзанди бўлмагани учун хонлик тахтига вояга етмаган набираси Фозил тўра ўтқазилади. Ўша пайтда Кармана ва Миёнқол ҳокими бўлган Муҳаммад Дониёл унга оталиқ қилиб тайинланади. Бу тайинлов ҳаммага ҳам хуш келмайди. Бундан норози бўлишган вилоят ҳокимлари, кенагас, юз, бахрин ва сарой ўзбек уруғларининг нуфузли амирлари марказлашган ҳокимиятга қарши исён кўтаришади. Улар 10 минг йигитни қуроллантириб, Бухоро томон ҳарбий юриш уюштиришади. Уларга қарши чиққан Муҳаммад Дониёл исёнкор вилоят ҳокимлари билан бир битимга келади. Битимга кўра, Фозил тўрани тахтдан тушириб, ўрнига аштархоний шахзодалардан бири бўлган Абулғози хонлик тахтига ўтқазилади. Муҳаммад Дониёл ҳам оталиқ рутбасини ҳамда амалдаги ҳукмдорликни ўз қўлида сақлаб қолади.
Муҳаммад Шоҳмуроднинг отаси Муҳаммад Дониёл кексайиб, давлатни бошқаришга қийналиб қолган эди. Вақт ўтиб унинг даврида давлатни қозикалон ва қўшбеги лавозимларидаги Саййид Низомиддин қози ва Давлат қўшбегилар икковлашиб давлатни бошқара бошлайди. Улар Муҳаммад Раҳимбий даврида давлат юритишда лаёқати бўлган Эрондан у билан бирга келган амалдорлардан эдилар. Бу даврга келиб порахўрлик авжига чиқади. Иқтисодий танглик, вайронагарчилик кенгайиб кетади. Халқнинг норозилиги ҳам кучайиб боради[5]. Бу пайтда Туркистон бир неча бўлакларга бўлиниб кетган эди.
Муҳаммад Дониёл даврида ҳам ўзаро урушлар давом этади. Кармана, Ўратепа, Нурота, Шеробод, Бойсун ва бошқа жойларда маҳаллий кучлар бош кўтариб, пойтахт измидан чиқишга ҳаракат қиладилар. 1781-йил Россия империяси ҳукумати Бухоро хонлиги билан савдо битими тузишни таклиф этганида, Муҳаммад Дониёл бу битимни 92 ўзбек уруғи бошлиқлари розилигисиз имзолай олмаслигини билдиради. Бу пайти Бухоро хонлигида вазият жуда қалтис, норозилик кучайиб бораётган бир давр эди.
Муҳаммад Дониёл таянчи бўлган қўшинининг таъминоти учун кўплаб қўшимча солиқлар жорий этишга мажбур бўлади. Натижада, бу билан пойтахтдаги ҳунармандлар ва савдо аҳлини ўзига қарши қаратиб қўяди. 1784-йилда Бухорода қўзғолон кўтарилади. Тарихчиларнинг маълумотига кўра, унда 1000 га яқин киши ўлдирилган. Бу вазиятда чорасиз қолган Муҳаммад Дониёл 11 нафар ўғлининг каттаси, шаҳарликлар орасида обрў-эътибори баланд бўлгани Муҳаммад Шоҳмуродни ўзига валиаҳд деб эълон қилади.
Сиёсий фаолиятининг бошланиши
1770-йилларнинг охирида Шоҳмуроднинг отаси — Бухоро хонлигини оталиқ унвонида амалий бошқариб турган ва „амир ул-умаро“ унвонида бўлган Муҳаммад Дониёл (1758—1785) ҳокимият жиловини қўлдан чиқариб юбориши натижасида мамлакатда тартибсизликлар бошланган эди. Муҳаммад Дониёл баъзи сарой аъёнлари ва уламоларининг (раъийятнинг) талаби билан тўнғич ўғли Шоҳмуродни ўзига ўринбосар (манбаларда Бухоро ҳукумати бошлиғи деб ёзилган) қилиб тайинламоқчи бўлганида масжид ҳужрасида тақводор ҳаёт кечираётган Шоҳмурод дастлаб бу таклифни қатъий рад этган. Кейинчалик, 1775-йилда у устозлари Шайх Муҳаммад Сафар ва Эшон Турсун Боқи қозининг кўплаб илтимосларидан кейин отасининг бу таклифига зўрға рози бўлган[7][11].
Шоҳмурод давлат ишларини бошқаришда отасига 6—7 йилча ёрдам бериб турган. Бундан ташқари Шоҳмурод Кармана ва Қарши вилоятларида ҳокимлик ҳам қилган. 1771-йилда эса Самарқанд ҳокими бўлган. У Самарқанд ҳокимлиги мансабида узоқ вақт турмаган дея тахмин қилинади. Бунга сабаб қилиб баъзи тарихий манбаларда у ҳаммоллик билан кун кечиргани ёзиб қолдирилгани кўрсатилади[7].
Бир куни Шоҳмурод отасининг олдига хуфиёна киради ва бутун мамлакат Давлат қўшбеги тасарруфига ўтиб қолгани ҳамда халқ хонавайрон бўлаётгани тўғрисида сўзлаб: Энди бунга на илож ва на тадбир қилурмиз? — дея арз қилади. Отаси: Бу аҳволни мен ҳам фаҳмлаб турибман, лекин бирон чора кўришдан ожизман, — деб жавоб беради. Шунда Шоҳмурод бу муаммони ҳал қилишни ўз зиммасига олади. Манбаларда таъкидланишича, у Қўқон хонлигидан элчи келганини баҳона қилиб қўшбегини саройига машварат учун чақиртиради. Саройдаги махсус хоналардан бирида уни жаллод кутиб туради. Шу тариқа Давлат қўшбеги қорнидан чавақланиб ўлдирилади. Орадан кўп ўтмай қози Саййид Низомиддинхўжа бошига ҳам шу кун тушади[7][5].
Ривоят қилинишича, қози Саййид Низомиддинхўжа мамлакатда шаръий қонунларнинг бузилиши ва порахўрликнинг авж олишига сабабчи бўлган экан[7]. Боз устига у Дониёлбий оталиққа Шоҳмуродни ҳокимиятдан маҳрум этишни маслаҳат берган киши ҳам эди[11].
Хуллас, Шоҳмурод томонидан Бухоро қозикалони Қозий ул-қуззот Саййид Низомиддинхўжа ва Давлат қўшбеги каби амалдорлар шариат қоидаларини бузганлиги ва эронийлар (шиалар) таъсирида бўлганлиги ҳамда оддий халққа қилаётган жабр-зулми учун 1785-йили қатл этилганлар[1]. Ушбу амалдорларнинг қатл этилиш воқеаси халқ орасида Шоҳмуроднинг обрўйини ошириб юборади[7][5].
Гарчи амалдорлар Манғитлар ўзбек сулоласининг биринчи ҳукмдорларидан бўлган Дониёлбий оталиқнинг 11 нафар ўғлидан энг каттаси бўлган Шоҳмуродни ҳокимиятдан маҳрум этишни маслаҳат берган бўлсалар-да, у Бухоро давлати тахтига ворис қилиб тайинланади ва отаси вафотидан кейин 1785-йил 10-июнда Бухоро амири сифатида тахтга ўтиради.
Бухоро амирлиги ҳукмдори

Муҳаммад Дониёлбий оталиқ 27 йил ҳукмронлик қилади. У 1785-йил июн ойида 75 ёшида вафот этади. Ундан Шоҳмурод, Маҳмудбий, Умарбий, Фозилбий, Султонмурод қушбеги, Рустам мирохўр, Ганжи-али, Муҳаммад Юсуфбек, Муҳаммад Яъқуб Бухорий, Тўхтамиш қушбеги, Дарвешбий, Ражаб Алибек, Ўлжабек исмли 12 нафар фарзанд қолади[7] (Тарихи Туркистон асарида 11 нафар деб келтирилган)[5].
Муҳаммад Дониёлбий оталиқ васияти ҳамда сарой аёнларининг хоҳиш-истаги билан Шоҳмурод 1785-йил 10-июнда ҳокимият тепасига келади[12]. Ўзидан олдинги „сохта хонларни“ ва „хон“ унвонини бекор қилиб ўзини „амир“ (амир ул-мўминин)[13] деб эълон қилади. Амирлик унвони илгари асосан қўшин бошлиқлари ва жойлардаги турли ҳарбий вакилларга берилган бўлса, Муҳаммад Раҳимхон даврига келиб амир унвонига эга бўлган биронта мансабдор шахс қолмаган, ушбу унвон илгари амалда бўлган амир-беклик унвонидан фарқли ўлароқ, халифалик мақоми "Амир ул-мўминин" сифатида талқин этилган эди[1]. Муҳаммад Шоҳмурод давлат бошлиғи — амир унвонини таъсис этар экан, ушбу унвоннинг ўзбек ва мўғул уруғлари анъаналари билан эмас, балки шариат қоидалари асосида юзага келганини асослаб беради[14] ва шу даврдан бошлаб мамлакат расмий Бухоро амирлиги деб атала бошлайди[5]. Манғитлар сулоласининг ушбу вакили Бухорода 1785-йилда халқ қўзғолони бўлганидан сўнг давлат ҳукмронлиги тепасига чиққан эди[12][15].
Амир Шоҳмурод ҳукмронлиги даври Бухоро давлати тарихи тараққиётида муҳим ўрин тутади. Давлат тизими ва ижтимоий ҳаётда шаръий қонунлар мустаҳкамланиб, мамлакатда тартиб-интизом қарор топади[7][5]. Амир Шоҳмуроднинг давлат арбоби бўлиб шаклланишида тасаввуф оқимининг таъсири жуда кучли бўлиб, бу борада айниқса унинг Шайх Сафарнинг муриди эканлиги ҳал қилувчи рол ўйнаган. Кўпгина тарихий манбаларда унинг сўфий ва дарвешсифат бўлгани қайд этилади[11]. Лекин, тасаввуф унинг қаҳри қаттиқ ҳукмдор, Манғитлар ўзбек сулоласининг давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш борасида бир қанча ислоҳотларни амалга оширишига тўсқинлик қилмайди.
У давлат тепасига келса-да, ўзининг шахсий турмуш тарзини деярли ўзгартирмаган. Тариқат йўлида собит туриб, фақирона умр кечиришда давом этган. У бир йилда битта оддий кўйлак, битта олача чопон ва битта иштон кийган. Бошига бўз салла ўраган. Оёғига эчки терисидан тикилган сахтиён махси ва ковуш кийган. Эгнидаги қўй терисидан тикилган пўстиннинг нархи 10 танга атрофида эди. Ушбу нархни қиёслаганда, ўша даврда Абдуллахон мадрасаси талабалари ойига 15 танга стипендия олган[7][5]. У шу пўстинни ҳукмронлик йилларининг аввалидан то умрининг охиригача кийган[9][4].
Унинг одатий овқати арпа нон, атала, мошова (мошдан пиширилган ўмоч) ва ёввойи шўрва эди. Ҳар ҳафтада чораяк гўшт истеъмол этарди. Ҳаргиз тўйларга бормас, ҳеч кимнинг ҳадя ва совғаларини қабул қилмас эди. Пичоқ қини ясаб ўз касби билан тирикчилик қиларди[6]. Ҳар куни хазинадан эмас, Бухоро яҳудийларидан олинган жизя (жузя) солиғидан бир танга олиб оиласи заруратига ишлатган[9][4][7]. Давлат тарафидан ажратилган маошини қурилишларга, илм аҳли ва талабаларга сарфлаб, ҳукмдор бўла туриб дарвешлардан фарқ қилмайдиган ҳаёт кечирган[6]. Жумладан, Аҳмад Дониш ўзининг асарида қуйидагича тарифлайди: "Амир Шоҳмуроднинг кундалик ейдиган таомлари қуруқ нон ва бир стакан сув бўлган". Бошқа бир тарихчи Муҳаммад Ҳакимхон тўра "Шоҳмуродбийнинг ейдиган таомлари киши ейдиган даражада бўлмай, ўт-ўлан, сут-қатиқ ва дуккакли ўсимликлар билан таомланган" эканлигини қайд этади. Ҳар 15 кунда бир марта жуз’и жон солиғидан (ғайридинлардан олинадиган тўловдан) йиғилган маблағ ҳисобидан чорак гўшт олиб, ўз аёлига нафақа қилар эди. Давлат амалдорлари ва авомнинг тўйларига бормас, ҳадялар қабул қилмас эди. 1794-йили Россия империясидан Бухорога келган Т. Бурнашев ўз эсдаликларида "Унинг саройида заррача дабдаба йўқ эди. Фақат иккита хотини бўлиб, кун кечиришлари учун ниҳоятда кам пул ҳарж қилинарди. Шу сабабли улар тинимсиз турли қўл меҳнати билан маҳғул бўларди ва тирикчилиги шундан эди. У ҳеч кимникидан фарқ қилмайдиган оддий кийим киярди. Унинг одатий овқати нон ва сув эди. Халқ унга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўларди. Уни Муҳаммад шариатига ҳақиқий амал қилувчи ва ҳатто авлиё даражасида билишарди." деб қайд этади[5].
Амир Шоҳмурод ўнта укасининг ҳар бирига биттадан вилоят ҳокимлигини бериб, сиёсий тарқоқликка барҳам берган. У фаол ички ва ташқи сиёсат олиб борган[16].
Ички сиёсати
Дониёлбий оталиқ ҳукмронлигининг сўнгги даврларида халқ ҳар хил олиқ-солиқлардан қашшоқлашиб, ҳолдан тойганди. Шоҳмурод тахтга чиқибоқ амалга оширган эътиборга лойиқ энг хайрли тадбирларидан бири хатти тархонийни эълон қилиб, Муҳаммад Раҳимхон[17] ва отаси даврида жорий қилинган олиқ-солиқларни (ёрғу, бож, тарх, тушмол, ясоқларни[14]) бекор қилдиргани бўлган[1][9]. Бу фармонга кўра, аҳоли тинкани қуритадиган турли солиқлардан озод этилди. Бухоро шаҳридаги бева бечораларга „Нони Ротифа“ — оила аъзоларининг ҳар бирига давлат хазинаси ҳисобидан берилган бир кунликка етадиган нон ва бошқа озиқ овқатларни жорий қилган[18]. Амир Шоҳмурод даврида амалдорларнинг унвон ва мансаблари тартибга солинган[19]. У мансабдор шахслардан халқни кўнглини олиш йўлида фаолият юритишларини талаб қилган. Бу ишларнинг натижаси ўлароқ, аста-секин ишлаб чиқариш изига тушиб, савдо-сотиқ ривожланган[7][5].
Амир Шоҳмуроднинг ташаббуси билан 4 та ислоҳот: молия, суд, маъмурий ва ҳарбий соҳаларда катта ислоҳотлар амалга оширилган[12]. У 1785-йилда давлатда пул ислоҳотини ўтказиб[15], соф кумушдан ва олтиндан танга зарб қилдирган. У давлат зарбхоналарида аҳолининг ўз шахсий жамғармаларидан олиб келган кумуш ва олтиндан бир хил ўлчамдаги кумуш ва тилла тангаларни зарб қилишга кенг рухсат берган[20]. Солиқ тизими, қозихоналар ва қўшин фаолияти ҳам шариат асосида қайта ташкил қилинган. Муҳтасиб (раис) мансаби ва қўшинда қозиаскар лавозимини жорий этган[16]. Ушбу ислоҳотлар кўп ўтмай ўз ижобий натижасини бериб, мамлакат иқтисодиётининг ўнгланишига хизмат қилган[11]. Амир Шоҳмуроднинг амалга оширган ислоҳотлари ва қўлга киритган муваффақиятлари ака-укалар ўртасида душманлик муносабатларини вужудга келишига сабаб бўлган[21].
Амир Шоҳмурод томонидан ўтказилган суд ислоҳотлари ўз навбатида, мамлакатда суд ишларини юритишда ноҳақликларга чек қўйилишига, қозилар томонидан муайян даражада одиллик, адолат ва инсонпарварлик руҳида суд жараёнларини амалга оширишга имкон яратиб берган. Ушбу суд ислоҳотларининг яна бир муҳим жиҳати қозининг ҳукмидан норози бўлган тарафнинг қози-ул-қуззотга ёки амирга шикоят қилиш ҳуқуқини қўлга киритганлигида кўринади. Ўз навбатида, қозикалонга ёки амир номига ёзилган шикоятнома ўрганиб чиқилиб, қозининг ҳукмини асосли равишда қози-ул-қуззот бекор қилиши ҳамда унинг қарорини фақат амир бекор қилиши мумкин бўлган. Амир Шоҳмурод судловни ташкил этиш, хусусан, қуйи суд қозиларининг тайинланиши борасида ҳам муайян ўзгаришларни амалга оширган. Бинобарин, Амир Шоҳмуроднинг бевосита ташаббуси билан қирқ аъламдан (қонуншунослардан) иборат таркибда олий суд (қозихона) палатаси тузилган. Ушбу палатада қозиларнинг ҳукмидан норози бўлиб ёзилган арз ва шикоятномалар шариат нормалари билан бирга, амир Шоҳмурод томонидан тузилган қоидалар тўплами асосида кўриб чиқилган. Суд палатасида арз ёки шикоятнома кўрилаётганда даъвогарнинг шахсан ўзи иштирок этиш имкониятига эга бўлган. Амир Шоҳмурод давлат ва ҳуқуқ ислоҳотчиси, ислом ҳуқуқи нормаларининг ғоявий ва амалий курашчиси ҳамда давлат бошлиғи сифатида қирқ аълам суди ишларида иштирок этганда тарафларнинг ўзаро келишуви, жабрланувчи ва айбланувчи томонларнинг ўзаро ярашувининг тарафдори бўлган. У амирлик хазинасидан жабрланувчининг фойдасига етказилган зарарнинг ярмини қоплаш учун айбланувчининг келажакда ижтимоий тарбияланиши, оиласи, фарзандлари қаровсиз қолиб кетишининг олдини олиш мақсадида фоизсиз маблағ ажратиш амалиётини қўллаган[22].
Амир Шоҳмурод ички сиёсатда аввало шаръий қонунлар асосида давлатни адолат билан бошқаришга интилган[16]. У шариат нормаларига мутлақо зид бўлган ва унинг талабларига жавоб бермайдиган барча нормаларнинг амал қилишини бекор қилган. Ҳарбий соҳадаги бошқарув фаолиятини уламоларнинг фатвоси асосида олиб борган ҳамда айнан унинг даврида ҳуқуқ манбаси бўлмиш суннага сезиларли даражада амал қилинган[22].
Амир Шоҳмурод давлатдаги турли элатларни, қабила ва уруғларни марказий ҳокимият атрофида жипслаштиришга интилган. Унинг даври Манғитлар ўзбек сулоласининг Бухоро давлатида бирлаштириш ва марказлаштириш ишларининг иккинчи босқичи давом этади[12]. Марказий ҳокимиятга қарши чиққан Ургут, Шаҳрисабз, Ҳисор, Ўратепа, Хўжанд ҳокимларининг ўзбошимчалиги, яъни сепаратистик сиёсатига қарши изчил курашган. У Хўжанд ва Ўратепа масаласида Қўқон хонлиги билан баъзи низоларга бориб туришга мажбур бўлган[16].
Амир Шоҳмурод даврида Бухоро қўшини 2 қанотдан иборат бўлган. Ўнг қанотида манғит, кенагас, кероит, дўрмон, қўнғирот, хитой, қипчоқ, ўтажи, туркман, арлот, қиёт, қирғиз, қалмоқ, ҳофиз, ўғлон, тилод дасталари бўлган. Чап қанотида қатағон, сарой, ябғу, баҳрин, жалойир, қанғли, юз, минг, найман, қарлуқ, берқут, қушчи, арғун, оғлон, қалмиқ, фўлодчи, қирқ, олчин, мажор, чинбой, бадайил, ас, жибирғин, қилгий, тимой, масид, татор, боғлон, иложи, тангут ва шогирдпеша гуруҳлари жойлашган[23].
Амир Шоҳмуроднинг Марв, Балх ва бошқа ҳудудларни Бухорога қайтариш учун Хуросонга қилган ҳарбий юришлари алоҳида ажралиб туради[16].
Марвнинг қайтарилиши
Амир Шоҳмурод фаолиятининг илк йилларида Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг ҳарбий юришлари натижасида босиб олинган Амударёнинг чап соҳилидаги мулкларни қайта қўлга киритиб, амирликка бўйсундирилади. Бухоро амирлигига маркази Марв бўлган ҳозирги Туркманистоннинг йирик ҳудудлари ҳам киритилади[5].
Марв атрофида 1785—1786-йилларда бўлган жангларда шаҳар ҳокими, илгари Дониёл оталиқ ўз ўғлидек кўрган[1] — Байрамалихон ўлдирилган ва унинг қўшини тор-мор қилинган. Амир Шоҳмурод Марвга 1789—1790-йилларда қилган кейинги юришида (бир манбада эронлик Байрамалига қарши курашган дейилади[5] Мурғоб дарёсида қурилган Банди Султон тўғонини буздирган ва тўғон атрофидаги қалъани эгаллаб, воҳани муҳим ҳаёт манбаи — сувдан маҳрум қилган[24]. Марвнинг янги ҳокими ва Байрамалихоннинг катта ўғли Ҳожи Муҳаммад Ҳусайнхон таслим бўлган ва Марв яна аввалгидек Бухоро давлати тасарруфига киритилган. Марвдан катта миқдордаги шиа мазҳабидаги аҳоли, 20—30 минг (айрим манбаларда 30 минг[21]; 100 минг[21][5] киши, Ҳожи Муҳаммад Ҳусайнхон бошчилигида Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари ва уларнинг атрофига кўчирилган[16][21].
Амир Шоҳмурод ўз укаси — Умарбийни Марвга ҳоким қилиб қолдирган. Марв атрофида янги шаҳар қуриб, уни Исломобод деб атаган. Кейинчалик, 1796-йилда Амир Шоҳмурод Банди Султон тўғонини тиклаб, Марв вилоятини сув билан таъминлайди. Аммо шаҳар аввалги гуллаб-яшнаган ҳолатига қайтмай қолиб кетади[24]. Бу пайтда Амир Шоҳмурод ўғли Динносирбекни ҳоким қилиб тайинлаган[16].
Балх учун кураш
Илгарилари Бухоро хонлигига бўйсунган Балх хонлиги ҳудуди (Балх, Маймана, Андҳуд мулклари) Аҳмадшоҳ Дурроний (1747—1773) даврида у томонидан босиб олинган эди[21]. Бу ҳудуд аҳолиси Дурронийлар афғон сулоласига қарши қўзғолон кўтариб, 1788-йили Амир Шоҳмуроддан ҳарбий ёрдам сўрашган. 1789—1792-йилларда ўзбек ва афғон қўшинлари ўртасида Калиф ва Ақча вилоятларида жанглар бўлиб ўтган. Бу урушлардан сўнг Амир Шоҳмурод ва Темуршоҳ Дурроний ўртасида тузилган сулҳнинг шартларига кўра, Амударё ҳар иккала давлат ўртасидаги чегара деб белгиланган[20]. Бошқа версияга кўра, ҳар икки ўртада сулҳ тузилиб, Балх, Маймана ва Андхуй Бухорога қайтарилган; Амир Шоҳмурод 1788-йил Бухоро амирлиги таркибига Чор вилоят (Чаҳор вилоят) ерларини қайтарган[16].
Ташқи сиёсати
Амир Шоҳмурод Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилувчи ва ўша вақтда сиёсий жиҳатдан бирмунча заифлашган қизилбошларга (Эрон шиаларига) қарши 20 дан ортиқ ҳарбий юришлар уюштирган[21], Машҳад ва Теҳронгача бир неча марта борган[16].
Унинг даврида Бухоро амирлигининг қўшни давлатлар билан дипломатик муносабатлари кучайган. У Усмонлилар ва Россия империяларига бир неча марта элчилар жўнатган. Бу даврда Бухоро амирлиги билан Россия ўртасида савдо-сотиқ ривожланган[16].
Усмонлилар империяси билан дипломатик алоқалари

Муҳаммад Дониёлбий оталиқнинг ҳукмронлиги даврида Россия империясида ўз вазифасини тўлиқ уддалаган Эрназар элчи, 1780-йилда Усмонлилар империясига, Абдулҳамид И (1773—1789) ҳузурига ҳам элчилик мақсадида борган[25].
1783-йилда Қрим расман Россия империясига қўшилган. Бу воқеа 1787—1792-йиллардаги Россия-Туркия урушининг муқаддимаси бўлиб хизмат қилади. Бу даврда Эрназар элчидан рус—бухоро муносабатларининг ҳозирги аҳволи тўғрисида олинган маълумотларни ҳисобга олиб, Усмонлилар империяси Бухоро хонлиги ҳукмдорини ҳам Россияга қарши чиқишга кўндиришга қарор қилади. Усмонлилар элчиси Алемдар Меҳмед Саид оға 1785-йилда Бухорога боради. Аммо у ерга келиши билан Амир Шоҳмурод (1785—1800) Абулғозихонни ҳокимиятдан четлатиб, ҳокимиятни ўз қўлига олган эди. Усмонлилар элчиси унга султондан хабарни етказиб, турклар рус қўшинлари томонидан ҳужумга учраганини ва жанговар ҳаракатлар бошланганини айтади. Усмонлилар султони Бухоро ҳукмдоридан Россияга қарши туришни талаб қилади. Усмонлилар режасига кўра, бухороликлар Дашти қипчоқда яшовчи „қозоқ ва қирғизлар“ ўртасида ғазот ғояларини тарғиб қилишни ташкил этишлари керак эди. Қолаверса, султон бухорийлар орқали Россияда бўлаётган барча воқеалардан хабардор бўлишни хоҳларди. Бухоро уламолари ҳам Усмонли ҳукуматининг режасига кўра, кўчманчи аҳоли орасида кофирларга қарши диний кураш ва Усмонлилар империяси билан иттифоқ тузиш ғоясини тарғиб қилиши керак эди. Усмонлилар Марказий Осиёдаги вазиятдан бехабар эдилар ва Эрназар элчининг Санкт-Петербург ва Константинополга қилган миссияси асосан тижорат характерини ҳисобга олган ҳолда, айнан Усмонлилар Бухоро амирлиги ҳукмдорини ҳарбий иттифоққа тортишга ҳаракат қилишган эди[25].
Амир Шоҳмурод элчига, етарлича қўшини бўлишига қарамай, Россия билан уруш олиб бора олмаслигини, бунинг учун қурол-яроғи етарли эмаслигини айтади ва султондан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ҳамда ўғлини хон унвонида тан олишни сўрайди. Бу ҳолатда у жанговар ҳаракатлар бошлашга ва Россия билан чегарада бир нечта истеҳкомлар қуришга ваъда беради. Аммо Амир Шоҳмурод Россия унинг асосий душмани эмаслигини, Россия шаҳарлари билан савдо алоқалари борлигини айтади. У Бухоро амирлиги учун асосий хавф Эрон эканлиги такидлайди. У элчига Эронга биргаликда ҳужум уюштиришни таклиф қилади, лекин унинг таклифи Усмонлилар империяси ва Эрон ўртасидаги тинчлик шартномалари ўрнатилганлиги сабабли рад этилади[25].

Музокаралар якунида Амир Шоҳмурод Усмонлилар элчисига Россия билан чегарадош қозоқ ва қирғиз қабилаларига рус-турк уруши ҳақида хабар беришга ваъда беради. Шунингдек, у элчига айни дамда Россия ёки Эрон орқали Константинополга қайтиш хавфсиз эмаслигини айтади. У элчига Ҳиндистон орқали жанубий йўлдан боришни маслаҳат беради. Йўлда у элчидан ўша пайтда Бухоро амирлиги билан душманлик муносабатларида бўлган Афғонистон амирини зиёрат қилишни сўрайди. Амир Шоҳмурод элчини султон номидан унинг афғонлар билан бўлган можаросини ҳал қилишда воситачи бўлишни таклиф қилади[25].
Алемзар Меҳмед Саид оға Афғонистонга боради ва Кобулда Афғон амири Темуршоҳ Дурроний билан учрашади. У амирга Россия билан уруш ҳақида ҳам хабар бериб, ундан ёрдам олишга ҳаракат қилади. Кейинчалик, Алемдар Меҳмед Саид оға Ҳиндистондан ўтиб, Афғонистон амирининг султонга мактуби билан Туркияга қайтиб келади[25].

Амир Шоҳмурод 1789-йилда Константинополга Муҳаммад Веди бошчилигида ўз элчилари орқали Эрон устидан шикоят хатини юборади. Мактубда Эрон Марказий Осиё мусулмонларининг Ҳаж зиёратига тўсқинлик қилаётгани айтилган эди. Амир султонга Россия билан урушдан келиб чиққан энг муҳим муаммоларни ҳал қилиб, Эронга қарши юриш уюштиришни таклиф қилади. Амир, султон талаб қилганидек, чегара зонасидаги кўчманчи қабилаларга Россия билан уруш ҳақида хабардор қилганини, у ҳам дўстона тарғибот олиб борганини ва барча мусулмонларнинг бирлигини тарғиб қилганини, бироқ ўзбек қабилаларининг қўзғолонини бостиришга мажбур бўлганлиги сабабли жиҳодда шахсан қатнаша олмаганлигини хабар беради. Амир Шоҳмурод ўзини оқлагандек бўлиб, султонга қозоқлар ва қирғизлар Россия билан фойдали савдо-сотиқ олиб бораётганини, агар улар уруш бошласа, руслардан биринчи бўлиб жабр кўришини маълум қилади. Амир Шоҳмурод ўз мактубида Усмонлилар империясининг урушда ғалаба қозонишига умид билдирган. У султондан сулҳ тузаётганда шартномага Россияни Бухоро амирлигига ҳужум қилмаслик мажбуриятини оладиган бандни киритишни илтимос қилган[25].
Бухоро элчиси Муҳаммад Веди ёзма ҳисоботида турклар ва руслар ўртасида тинчлик ўрнатилгунига қадар Константинополда қолиш кўрсатмаси борлигини маълум қилади. У Бухоро ҳукмдорининг тинчлик музокараларида шахсан иштирок этиш нияти ҳақида ҳам ёзган ва бунинг учун султондан рухсат сўраган[25].
Айни вақтда Амир Шоҳмурод буюк вазир Жазоирли Ғози Ҳасан пашага Бухорода ҳукмрон сулола ўзгаргани ҳақида мактуб йўллайди. Амир Шоҳмурод агар султон Усмонлилар хонадони аъзоси ёки қобилиятли вазир жўнатмоқчи бўлса, уни тахтга ўтказишга ва у билан ҳокимиятни бўлишига тайёрлигини айтади. Янги султон Салим ИИИ (1789—1807) Амир Шоҳмуродга йўллаган мактубида, агар тинчлик ўрнатилса, Россия билан тузилган шартномага қозоқ ва қирғизларга зарар етказмаслик бандини киритишга розилиги ҳақида гапирган. Аммо уруш давом эца, минтақа халқларидан Россия билан курашни давом эттиришни талаб қилган. Мактуб Муҳаммад Веди Константинополда вафот этгани боис Бағдод губернаторининг ишончли одами орқали юборилган. Бироқ, уруш Усмонлиларнинг мағлубияти билан якунланди ва турк тарихчиларининг фикрига кўра, Усмонлилар мағлуб томон сифатида мустақил равишда тинчлик шартларини қўя олмадилар. Шунинг учун ҳам шартномада Бухоро манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи кун тартибида бўлмай қолади[25].
Хоразм билан дипломатик алоқалари
Авазбий иноқ (1790—1804) қўшни хонликлар билан дўстона алоқаларни олиб бориш сиёсатини давом эттирган бўлса-да, афғон шаҳзодаси борасида Амир Шоҳмурод билан зиддият юзага келган. 1797/98-йилда Аҳмадшоҳ Дурронийнинг набираси шаҳзода Маҳмуд ҳокимият учун бўлган ички курашлар жараёнида ёрдам сўраб Бухоро амирлиги ҳукмдори ҳузурига келган. Амир СҲоҳмурод шаҳзодага нафақат қадр-у мартабасига кўра иззат ва эҳтиром қилмай, балки туцоқ сифатида ушлаб турган. Шаҳзода Маҳмуд бундай муомалани кўриб, ҳаж зиёрати баҳонасида 1799-йилда Бухородан чиқиб, Хоразмга қараб йўл олган. Аваз иноқ юқори мартабали амирлари билан шаҳзодага пешвоз чиқиб, уни катта ҳурмату эҳтиром билан кутиб олган. Шаҳзода муносиб манзилга жойлаштирилиб, ҳар кунлик харажати ва эҳтиёжи учун етарли маблағ ажратилган ҳамда шоҳона зиёфатлардан баҳраманд бўлган. Шу орада афғон султонларидан Шоҳзамон Бухорога элчи юбориб, ўзининг рақиби бўлмиш шаҳзода Маҳмудни қатл этиш ёки тутиб унинг ҳузурига жўнатишни сўраган. Аммо Хоразмнинг амалдаги ҳукмдори унга рад жавобини бериб, Бухоро элчисини аччиқ гаплар билан қайтарган. Бу ҳолатдан огоҳ бўлган шаҳзода Авазбий иноқдан рухсат олиб Эрон шоҳининг ҳузурига кетган. Авазбий иноқ шаҳзодага сафар учун лозим бўлган барча асбоб-у анжомларни бериб, маълум бир масофагача кузаттириб қўйган. Теҳронга бориб, иззат-у меҳрибонлик кўрган шаҳзода Маҳмуд 1800-йилда Эрон шоҳининг кўмагида салтанат тахтини қўлга олишга эришган[26].
Илм-фан ва маданият соҳасидаги сиёсати
Амир Шоҳмурод ва Амир Ҳайдар даврида зардўзлик санъати ривожланмай, тушкунликка учраган[27].
Шаҳарсозлик

Шоҳмурод 1771-йилда Самарқанд вилоятига ҳоким бўлганидан сўнг Самарқандни тиклаш ва обод қилишга ўзининг катта ҳиссасини қўшган[1]. У Самарқандга келганида шаҳар хароб аҳволда эди. Ижтимоий шароитнинг оғирлигидан аҳоли камайиб, шаҳар қишлоқ даражасига тушиб қолган эди. Муҳаммад Шоҳмурод Самарқанд ҳокимлиги мансабида узоқ вақт турмаган бўлса керак дея тахмин қилинади. Сабаби, баъзи тарихий манбаларда ҳаммоллик билан кун кечиргани ёзиб қолдирилган[7][5]. 1781-йилга келиб Самарқандда 200—300 оила истиқомат қилган[28]. Шаҳардаги бу аянчли аҳволни кўрган Сайидо Насафий қуйидаги сатрларни битган эди[18]:
Самарқанд як кўчаи қоқ шуд,
Бухоро таъли Хожа Исъҳоқ шуд[18].
Мазмуни:
Самарқанд бўм-бўш кўчага,
Бухоро Исъҳоқнинг қуп-қуруқ тепалигига айланди[18].
Хусусан, у тахтга чиққанидан сўнг Самарқандни ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор билан ёндашади. Унинг даврида Бухоро ва Самарқандда кўплаб мадрасалар, масжидлар, хонақолар қурилган ва борлари таъмирланган. Самарқанд шаҳри марказида олти қиррали Чорсуни бунёд эттирган. Чорсу ўша даврда Тоқи Мусаддас деб аталган. Самарқанд қалъа ва шаҳар деворлари ва дарвозаларининг баъзиларини қурдирган, қайта тиклатган[29]. Шаҳар яқинида жойлашган Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳини қайта барпо эттирган. Амир Шоҳмурод Самарқандни қайта қуриш тархини ўзи чизган. У шаҳарда 24 та мавзе қурдириб, давлатнинг шарқий вилоятларидан (Ўратепа, Ховос, Зомин ва бошқа ёқлардан[30]) бу ерга 63 оилани кўчириб келтирган. Кўчиб келган аҳоли орасида меъморлар ҳам бўлган, улар ўзларининг қуриш анъаналарини сақлаб қолган ҳолда иш кўришган[18]. Шу ишларнинг натижаси ўлароқ, шаҳар гавжумлашиб, иқтисодий ва маданий аҳвол анча тикланган[8][7][5].


У ҳукмронликни қўлга киритганидан сўнг вақф мулкларини тартибга келтирган[31]. Амалдаги ёки бутунлай фаолият кўрсатмаётган ва йўқолган вақфларни[12] қайта ишга солган[32]. ХВИ—ХВИИ асрларда расмийлаштирилган кўпчилик вақф ҳужжатларининг асл нусхалари сақланмаган. Бу даврларга тегишли кўплаб вақф ҳужжатлари Амир Шоҳмурод ташаббуси билан қайта кўчирилган ва унинг муҳри билан тасдиқланган[33]. Вақфлардан ва солиқлардан олинган даромадларни янги масжид, мадраса, хонақоҳ, мактаб, зиёратгоҳ, карвонсарой, ҳаммом ва турли маиший-маъмурий бинолар барпо этиш, борларини таъмирлаш учун сарфлашга буйруқ берган[32][22]. Шундан сўнг қаровсиз қолган кўпдан-кўп бинолар таъмирланган[7] ва янгилари бунёд этилган. Хусусан, Амир Шоҳмуроднинг ўзи томонидан Ғузорда мадраса ва масжид қурдирилган; Қаршидаги Мир Бекойбий мадрасаси фойдасига йирик вақф мулки ажратилган[34]; Самарқандда хароба ҳолига тушиб қолган Шайбонийхон, Улуғбек ва Хожа Аҳрор Валий[5] мадрасалари таъмирлатилган ва қайта тикланган; Хожа Аҳрор Валий мадрасаси (Мадрасаи сафед) қайта қурдирилган. Ана шу даврда Шоҳизинда зиёратгоҳи зинапоясининг тепа қисмидаги ўзига хос арк-гумбаз тармоғи — Чортоқ биноси қурилган[8]. Дониёлбий даврида Бухорода бошланган Халифа Худойдод мажмуаси қурилиши унинг даврида давом эттирилган. Эрназар элчи, Халифа Худойдод, Муҳаммад Амин тўпчибоши, Назарак ва Раҳмонқули каби Бухоро мадрасалари бунёд этилган. Улардан сақланиб қолганлари бугунги кунда Ўзбекистоннинг маданий меърос обектлари сифатида давлат ҳимоясига олинган[7][35].
Амир Шоҳмурод Бухоро амирлиги ҳудудида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ер унумдорлигини ошириш мақсадида ариқлар, зовурлар қаздирган, дарё (Зарафшон, Амударё, Қашқадарё[1]) ва ирмоқларни қайтадан таъмирлатган[22]. Хусусан, Зарафшон водийсидаги деҳқончиликка катта эътибор қаратиб, Зарафшон дарёсидан турли ариқлар (Қозонариқ, Тойман ариғи, Тўғузариқ), Оқдарё ва Қорадарёдан янги ариқлар чиқарилган ҳамда бошқа суғориш иншоотлари қурилган[16]. Амир Шоҳмурод ва унинг ўғли Амир Ҳайдар даврида катта суғориш ишларининг олиб борилганлиги сабабли, бу ҳол ҳунармандларни зарур хом ашё билан таъминлаш имкониятини кенгайтирган[36].
Илм-фан соҳасидаги сиёсати

Шоҳмурод тахтга чиққунга қадар кўплаб илм масканлари қаровсиз қолган ёки омборхона вазифасини ўтаган эди[32]. Мадрасаларда Аштархонийларнинг сўнгги хонлари даврида дунёвий фанлар мадраса программасидан деярли чиқариб ташланган эди[9]. Шоҳмурод ҳукмронлиги даврида айниқса илм-фанга эътибор кучаяди[3]. У илм аҳлларини ҳурматлаб, уларга ҳомийлик қилади[37]. Амир Шоҳмурод вақф мулкларини тартибга келтирганлиги ва бадавлат кишилар ҳомийлиги сабабли мадрасалар таъмирланади. Хароба ҳолига тушиб қолган мадрасалар қайта тикланади ва бадавлат кишилар томонидан янги мадрасалар бунёд этилади. Мадрасада таълим ишлари жонланади. Мадрасаларнинг илгариги анъаналари тикланиб, диний илм билан бир қаторда, баъзи дунёвий илмларни ҳам ўқитиш жорий қилинади[9]. Одамлар, жумладан кўплаб илм толиблари Бухоро ва Самарқандга кела бошлайди — шаҳар улар билан гавжумлашади[8][7][5]. Манбаларда Амир Шоҳмурод ва унинг ўғли — Амир Ҳайдар даври Бухоро амирлигида мадрасалар гуллаб-яшнаган даври сифатида тилга олинади[31]. Бу даврда Бухоро мадрасаларида 30 000 талаба таҳсил олган[38].
Манбаларда Амир Шоҳмурод ислом фиқҳшунослиги мураббийси сифатида ҳам эътироф этилади. Шоҳмурод мадрасаларда ханафий мазҳаби, хусусан, Бурҳониддин Марғинонийнинг „Ал-Ҳидоя“, Байзовийнинг „Китоб усул ад-дин“ асарлари, Имом ал-Мотуридийнинг ғоялари, Қур’они Каримни талқин қилиш ва уни шарҳлаш бўйича Андалусиялик машҳур Аш-Шотибий асарлари ва унга ёзилган шарҳлардан фойдаланган ҳолда дарс машғулотларини ўтказган[22]. Муҳаммад Шоҳмурод „Шотибия“ ва унинг шарҳларини ёддан билган. Шунингдек, у қироат, ҳадис ва фиқҳ илмлари билимдони бўлган ва умрини талабаларга дарс беришга сарфлаб, кўплаб шогирдлар етиштирган[5].
Амир Шоҳмурод давридан бошлаб Бухоро инқилобигача бўлган даврда бадавлат кишилар мадраса ҳамда ҳужраларни таъмирлаб, уларни талабаларга ижарага берган[39]. Дастлаб, хароб ҳолга келган мадраса ҳужраларининг талабаларга хусусий қилиб берилиши ва таъмирлаш харажатларини улар зиммасига юклатилиши билан мадрасалар икки йилда ночор аҳволдан чиқиб олган[11]. Садриддин Айний ўзининг эсдаликларида Амир Шоҳмуроднинг мадраса ҳужраларини таъмирлаш тўғрисидаги фармони ҳақида тўхталиб ўтиб қуйидагиларни ёзади:
Ҳар бир талаба мадраса ҳужраларидан бирини ўз харжи ва меҳнати билан обод қилиб, унга кириб ўтирса, ҳужра у талабаники бўлади ва қачонки талабага ҳужрани тарк этмоқчи бўлса, ҳужрани тузатишга сарф қилган маблағларини бошқа бир талабадан олиб, ҳужрани унинг номига ўтказиши мумкин. Бу тадбир яхши натижа бериб, Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг ҳужралари 2—3 йилда обод бўлиб, бир қанча йиллар мадраса ҳужраларининг талабадан талабага ўтиши, тузатишга сарф бўлган ҳақиқий маблағнинг олди-сотдиси бўлар ва талаба бўлмаган киши, бундай турар жойга яқинлашмас эди[40]..
Амир Шоҳмурод таълим соҳасида мадраса мударрис ва талабаларига катта имтиёзлар жорий қилаган[9]. Хусусан, илмни чуқур ўзлаштирган мадраса талабаларига солиқлардан тушган даромад ҳисобидан қўшимча талабалик ҳақлари (стипендиялар) тўлаш тизимини жорий қилган[31][22]. У олий мадрасаларнинг фаолиятини яхшилаш мақсадида бир қанча ислоҳотлар ўтказган. Бу ислоҳотлар асосан қуйидаги йўл билан амалга оширилган[32]:
- Аҳволи ёмонлашган мадраса биноларини таъмирлаш;
- Вақф мулкларини қайта тиклаш орқали мадрасаларни молиялаштириш;
- Масъул шахсларни мударрис этиб тайинлаш[32].
Амир Шоҳмурод даврида тез-тез олимлар ва ижодкорларнинг йиғинлари ўтказилиб турилган. Баҳс-мунозаралар охирида иштирокчилар, айниқса, ғолиблар муносиб тақдирланган[41].
Бу даврда Бухоронинг машҳур шоирлари орасида Мужрим Обид ўтган. Амир Шоҳмуроднинг талабига кўра шоир ўз шеърларини Мужрим тахаллуси билан ёзган. Амир Ҳайдар даврида, амир шоирдан ўз шеърларида Обид тахаллусини қўллашни буюрган. Ўз моддий аҳволидан доим шикоят қилиб яшаган шоир шундан сўнг икки тахаллусини ҳам қўллаб шеърлар ёзишда давом этган[42]. Ўша даврнинг яна бир машҳур тарихчиси ва шоири Мирзо Содиқ Мунший бўлиб, у Амир Шоҳмурод саройида котиб бўлиб ишлаган[43].
1781/82-йилда Муҳаммад Амон Садри Қошғарий ўзида жаҳон тарихини акс эттирган Дурр аж-жавоҳир асарини Самарқандда ёзган[44].
Диний соҳадаги сиёсати
Амир Шоҳмурод ўзидан олдинги ҳукмдорлар Аркда қурдирган бинолардан кераклиларини қолдириб, қолганини эса буздириб Бухоро шаҳри ичкариси ва ташқарисидаги масжидларга ишлатган[45]. Тарихий маълумотларга кўра, Амир Шоҳмурод, айниқса унинг вориси Амир Ҳайдар диний амалларга ҳатто ХВИ асрдаги Убайдуллахондан ҳам кучлироқ риоя қилганлар[46].
Амир Шоҳмурод масжидларга янги имом ва муаззинлар, зиёратгоҳларда шайхлар тайинлаган ҳамда улар устидан назорат ўрнатган. Олис туман, қасабаларга фозил, олим кишиларидан қози ва раислар тайинлаган[5]. Мадраса мударриси, муфтий, имом, қози ва бошқа диний мансабларга номзодларни тайинлашда уларнинг шариат нормаларига амал қилиш даражаси, илмий билимлари ва илмий саводхонлигига эътибор қаратган. Амир Шоҳмурод нафақат Бухоро шаҳрида балки амирликнинг турли вилоятларига бориб улардаги масжид ва мадрасаларда шариат ҳуқуқи нормалари ва уларни тадбиқ этишга оид масалалар юзасидан машғулотлар ўтказиб келган. Масжидларда имомлик қилиб, намоз тугаганидан сўнг „олий йиғин“ни (мажлиси олийни) чақирган ҳамда унга илм аҳлини, қозиларни, ҳадисшунос олимларни тўплаган. Ушбу мажлисларда ислом ҳуқуқи нормаларига, ҳуқуқий одатларга асосланган ҳолда аҳолига уларнинг фиқҳий муаммоларга оид саволларига жавоб қайтарган[22]. Бу даврда Бухорога ўтмишдаги шукуҳи қайтгандай бўлади[7][5].
Амир Шоҳмуроднинг олим шайхларга нисбатан ҳурмати юқори бўлган. Хусусан, Халифа Худойдодга Амир Шоҳмуроднинг ихлоси баланд бўлган ва у амирнинг таклифини қабул қилиб, Пирмастдан Бухорога кўчган[47]. Ўз даврида Амир Шоҳмуродга илм берган Халифа Ниёзқули Масжиди Калонга имом-хатиб вазифасига тайинланган. У бу вазифани Амир Ҳайдар даврида ҳам, деярли 30 йил, ўлимига қадар бажарган[43].
Тарихчи Мулла Олим маҳдум ҳожи ўзининг Тарихи Туркистон асарида Амир Шоҳмурод ҳақида сўз юритиб, хусусан, унинг дин йўлидаги сиёсатини қуйидагича характерлайди:
Шоҳмуродбий зиёда сўфий, худога яқилнлашиш йўлини тутган (дохули сулук) ва тараққийпарвар, шариат тарғиботчиси (шаръи шариф), таоми ўз касби ҳалолидан эди[11].
Амир Шоҳмуроднинг ўзи ҳам аллома ва илоҳиётчилардан бири бўлган. У ислом илмининг кўплаб асарларини ўрганиб, ўша даврнинг уч нафар кўзга кўринган Қур’он қорилари — Ҳофиз Ашуро, Қори Надр Боқий ва Халифа Ниёзқулилардан Қур’он тиловати маҳоратини эгаллаган. Амир Шоҳмурод фиқҳга доир китоблар ёзган[43]. У тасаввуф ғоялари билан суғорилган „Айн фиҳикмат“ („Донишмандлик асослари“) асарини ёзган, ҳанафия мазҳабига доир „Фатавайи аҳли Бухоро“ („Бухоро аҳлига фатволар“) фатволар тўпламини тузган[6]. Амир Шоҳмурод бу тўпламни тўлиқ китоб ҳолига келтиришга улгурмаган. Уни ўғли Амир Ҳайдар охирига етказган[7][5].
Инглиз саёҳатчиси Ҳенрй Скрине амир Шоҳмуроднинг диний соҳадаги сиёсати ҳақидаги қуйидагиларни ёзиб қолдирган:[48]
Амири Маъсум „Раиси шариат“ яъни диний сензурани қайта тиклади. Раиси шариат мансабидаги амалдорлар одамларни қамчи билан намоз ўқишга мажбурладилар, зоҳирий маросимларни эътиборсиз қолдириб, қаттиқ калтаклар билан ибодат қилишга чорладилар. Шароб ва тамаки истеъмол қилиш қаттиқ тақиқланди, ўғрилар, талончилар ва фоҳишалар судсиз жаллодга топширилган[48].
Оиласи
Амир Шоҳмуроднинг 3 нафар хотини бўлган: Юлдуз бегим (Шамсиябону деб ҳам номлашган), Биби Отун ва номи аниқланмаган (кичик амакиси Баротбийнинг қизи)[7][5].
Улардан Ҳайдар (Шамсиябонудан[4][7]), Мир Ҳусайн (Шамсиябонудан[49] ёки Биби Отундан[7]), Биби Робиа (Биби Отундан), Динносирбек (номи аниқланмаган хотинидан) ва яна бир номи аниқланмаган қизи дунёга келишган[7][5].
Аввал Шоҳмуроднинг амакиси Муҳаммад Раҳимхонга, сўнгра Шоҳмуродга турмушга чиққан ва ундан Ҳайдар исмли ўғил кўрган Абулфайзхоннинг қизи, Жоҳн Малcолмнинг форс манбаларида — Юлдуз бегим, Иззатуллоҳда — Шамсбону ойим (Шамсиябону) деб номланган[49]. Ушбу никоҳга асосан, Амир Шоҳмурод Аштархонийлар хонадонига қариндош тутинган[13] ва Амир Ҳайдар ўзининг келиб чиқишини бир томондан Чингизхонга ва иккинчи томондан Муҳаммад пайғамбар авлодларидан бўлган саййидларга тақалишига алоҳида аҳамият берган. Амир Ҳайдарнинг муҳрларидан биридаги битикда Абулфайзхоннинг ўлдирилиши Манғитлар сулоласига тегишли бўлганига қарамай, амир „хони шаҳид“ Абулфайзхоннинг вориси деб аталади[50].
Амир Шоҳмурод қуда-андачиликда ҳам давлат арбоблари билан эмас, дин пешволари билан муносабатда бўлган. Пешоварлик бўлган Миён Фазл Аҳмад Бухорога келгач, тариқатда Амир Шоҳмуродга муршидлик қилади ҳамда Шайхнинг Фазлуллоҳ исмли ўғли Амир Шоҳмуроднинг қизига уйлантирилади[5].
Амир Шоҳмуродга нисбатан уюштирилган суиқасд
Амир Шоҳмуроднинг халқпарвар сиёсати унинг атрофидаги амалдорларнинг ишини мушкуллаштирган. Унинг амалга оширган ислоҳотлари ва қўлга киритган муваффақиятлари ака-укалар ўртасида душманлик муносабатларини вужудга келишига сабаб бўлган. Шоҳмуроднинг укаларидан бирортаси ҳам уни ёқтирмаган. Муҳаммад Ҳакимхон ўзининг „Мунтахаб ут-таворих“ асарида Амир Шоҳмуродга нисбатан муваффақияциз амалга оширилган суиқасд ҳақида ёзиб қолдирган. Унга кўра, амирнинг укалари уни ўлдириш мақсадида иккита одам ёллаб, уларни аёллар қиёфасида Аркка юборишади. Ҳарамга кириб олган ёлланма қотиллар ухлаб ётган Амир Шоҳмуроднинг дуч келган ерига пичоқ уриб ярадор қилишади. Аммо, амир тирик қолиб, ўзига келгандан сўнг, ўзини бирор йўл билан ташқарига чиқаришларини, одамлар унинг тириклигини кўришларини буюради. Сарой аҳли буйруқни у айтгандек қилиб бажаришади ва тонг отгач, бу хабар бутун шаҳар бўйлаб ёйилади. Ёлланма қотилларни унинг укалари юборганини билиб қолган Амир Шоҳмурод, уларга қарши бирор чора кўрмасликни афзал кўриб, укаларига шафқат ва марҳамат қилганини билдиради. Укалари амирнинг ушбу йўлни тутганини эшитгач, Бухорода қолишни ор-номусдан эп кўрмай, ҳар бири ҳар тарафга бош олиб кетади. Хусусан, Султонмурод қушбеги ҳаж сафарига жўнаб кетиб, йўлда оламдан ўтади. Маҳмудбий эса Қўқонга кўчиб кетади[21][5].
Вафоти
Амир Шоҳмурод 1800-йили 30-ноябрда, жума куни бомдод маҳали[6] Бухорода вафот этган ва ўзининг васиятига кўра Жўйбор мавзесидаги Эшони Имло қабристонида Ҳожи Ҳабибуллоҳ ва пири (устози) Муҳаммад Сафар Хоразмий қабрлари пойига дафн этилган[5][6] ва кейинчалик аҳоли орасида шахси авлиё даражасига кўтарилиб, унинг қабри муқаддаслаштирилган, Жаннатмакон қабри номи билан аталган[51][52][9]. Совет даврида қабристон йўқ қилиниб, қабрлар йўқотилган[7]. Унинг ўрнида мактаб ва болалар боғчаси қурилган[4].
Муҳаммад Ҳакимхон ўзининг „Мунтахаб ут-таворих“ асарида Амир Шоҳмуроднинг вафоти сабабини унинг Хўжандга қилган навбатдаги ҳарбий юриши билан боғлаб қуйидаги сатрларни ёзиб қолдирган[21][5]:
… Бу сўфисифат амирнинг кароматли ва одатдан ташқари ишларидан бири шу бўлдики, ўша Хўжанд сафаридан қайтишда касалга чалинган, кўрган одамига қараб „бизнинг ишимизни валийлар султони Муслиҳиддин Хўжандий (ХИИИ аср) бир ёқлик қилди. Тағин худо билади-ю, бу касалдан тузалмасам керак“, деган экан. Иттифоқан, бир неча кундан сўнг борлиқ этагини бу пойдор хокдондан йиғиштириб, юзини охират томон қаратди ва ўша 1212-йили (1800-йили) ҳақнинг чақирув хитобига лаббай дея жавоб берди[21][5].
Амир Шоҳмуроднинг вафотидан сўнг унинг тўнғич ўғли ва меросхўри Ҳайдар Қаршидан чақириб олиниб, анъанавий тарзда тахтга кўтарилади[53]. Амир Ҳайдар Бухоро давлати ҳукмдорлари ичидан ўз номидан танга чиқарган охирги шахс эди. Унинг ўлимидан сўнг 1920-йилга қадар тангалар „марҳум амир“ номидан зарб этилган[50][46]. Шу тариқа Амир Шоҳмурод вафотидан сўнг Амир Ҳайдар (1800—1826), Амир Ҳусайн (1826), Амир Умар (1826—1827), Амир Насруллоҳ (1827—1860), Амир Музаффар (1860—1885), Амир Абдулаҳад (1885—1911), Амир Олимхон (1911—1920) Бухоро амирлигида ҳукмронлик қилишган. Сўнгги ҳукмдор Амир Олимхон Бухоро инқилобида 1920-йил сентябрда тахтдан ағдарилган ва амирлик тугатилган[13].
Шахсга нисбатан муносабат
Амир Шоҳмурод шахсияти, унинг таржимаи ҳоли ва ижтимоий фаолияти, тарихдаги ўрни фанда ҳозирга қадар етарли ўрганилмаган. Бир қанча тарихчилар томонидан мавзуга оид баъзи тадқиқотлар олиб борилганига қарамай, Амир Шоҳмурод шахси тарихи билан боғлиқ махсус тадқиқот ҳали амалга оширилгани йўқ[5]. Амир Шоҳмурод шахси зиддиятли бўлиб, у ҳақида кўпгина муаллифлар турлича фикр билдиришган[11].
Бухоронинг сўнгги ўрта асрлар тарихнавислигида Амир Шоҳмурод шахси ижобий бўёқларда тасвирланади. Айниқса, маърифатпарвар олим Аҳмад Дониш Амир Шоҳмуродни Умавийларнинг саккизинчи халифаси Умар ибн Абдулазизга қиёслаб, унинг фаолиятини ва дарвишона турмуш тарзини қуйидаги мақтовлар билан юксак баҳолайди[37]:
Амирлик гиламини камбағаллик кийими билан безади, жаҳон боғидан душманлик ва ёмонлик кийимини суғуриб ташлади ва адолат ниҳолларини ўтқазди[11][22].
Мутафаккир Аҳмад Дониш ўз асарларида "Амири Маъсум ҳаёт тарзини ўзи ҳақида бутун бир китоб ёзилиши керак" дея таъкидлаган эди[5]. Аҳмад Дониш Марказий Осиё тарихини энг кўзга кўринган ҳукмдорлар, яъни ҳар бир асрнинг янгиловчилари деб аталган ҳукмдорлар ҳукмронлиги асосида даврлаштиришни таклиф қилган, улар қаторига Амир Шоҳмурод ҳам киритилган. Айни пайтда Мовароуннаҳр давлатларида илғор бўлган энг билимдон олимлар ҳам ана шундай кишилар билан бир пайтда яшаган[54].
Амир Шоҳмуродга замондош бўлган инглиз саёҳатчиси Ҳенрй Скриненинг „Букҳара травелс“ китобининг 2-қисмида унга шундай таъриф берган:[48]
Амир Маъсум ўз халқи орасида тақволик ва эзгулик обрўсини қолдирди. Бухоро гуллаб-яшнади, Маъсум фақат яхшилик билан банд эди. Ибодатларни ихлос билан бажарди. У дунёнинг барча роҳат ва дабдабаларидан воз кечди, на олтинга на кумушга теги, на ўзи сарфлади. Маъсум фақат яҳудийлар ва кофирлардан жон бошидан солиқ жорий этд[48].
Муҳаммад Ҳакимхон ўзининг „Мунтахаб ут-таворих“ асарида Амир Шоҳмуроднинг шахсияти, инсоний фазилатлари, амалга оширган ислоҳотлари ҳақида бошқа тарихий манбаларда учрамайдиган нодир маълумотларни келтиради[21]. Шоҳмурод даври тарихчиларидан бири у тўғрида шундай деб ёзади[5]:
Қуббат ул-ислом ва дор ул-хилофа Бухоройи шарифнинг охирги авлиёуллоҳ султонларидан эди, муборак исми Муҳаммад Шоҳмурод Валийдир[5].
Шунга қарамай, илк ўзбек профессори Абдурауф Фитрат ушбу анъанадан чекинган ҳолда бу инсон ҳақида „Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври“ деб номланган китобида ўз танқидий фикрларини билдириб ўтган[55]:
Шоҳмурод тор дунёқарашга эга киши эди. Лекин унчалик аҳмоқ ҳам эмасди. У мамлакатнинг аҳволи, манғитийлар сулоласининг эътиборсизлигини кузатиб, вазиятни яхши тушунар эди ва бу сулола узоқ вақт ҳокимиятни ўз қўлида асрай олмаслигини ҳам яхши билар эди. Шоҳмурод сипоҳ саркардалари, муллолар, шаҳар ва қишлоқ аҳлидан умидини узган эди. Улар арзимас бир баҳона билан ундан юз ўгиришларини ҳам биларди. У қўшни давлатлардан паноҳига нажот истаб келган сиёсий қочоқларни ҳеч бир гуноҳсиз, маҳфий ҳолда қатл эттирарди. Обод, осойишта бир шаҳар кулини кўкка совуриб, минглаб аҳолисини қул бозорига ҳайдаб боришдан унинг виждони ҳеч қийналмас эди[55].
Пўлат Солиев ҳам Амир Шоҳмурод шахсига ўта танқидий муносабатда бўлган. ХХИ аср маҳаллий олимларнинг фикрича, у Амир Шоҳмуроднинг ислоҳотчилик фаолиятига панжа ортидан қараган. Амир Шоҳмурод даврида диннинг майдалашиб кетганини қоралаган. Мазкур масалада Пўлат Солиев ва Абдурауф Фитрат муштарак бўлишган[37].
СССР даврида амир Шоҳмуродга ва унга ўхшаган ҳукмдорлар фаолияти бир томонлама яъни фақат салбий нуқтаи назардан ўрганилган[22]. Рус манбаларида Амир Шоҳмурод шахси „жуда айёр ва шавфқациз шахс эди“, „халқни, жамиятни алдашга жуда уста эди“ деб таърифланган ва шу таърифларнинг таржимаси ўзбек тилидаги дарсликларга киритилиб, бундан ортиқ маълумот деярли берилмаган[7].
Амир Шоҳмурод шахси, у юритган давлат сиёсати ҳамда тариқатдаги фаолияти хориж, жумладан ғарб олимларини ҳам қизиқтириб келган. Бу борада немис шарқшуноси Анке вон Кüгелген ХВИИИ аср охири ва ХИХ аср бошларига қадар Ўрта Трансоксанияда нақшбандия-мужаддидизмни гуллаб-яшнаши мақоласи диққатга сазовордир. Муаллиф ушбу мақолада асосан Амир Шоҳмурод сиёсати ва унинг тариқат аҳлига муносабатини ёритишга кенг ўрин беради. Ҳатто унинг бир бўлими Шоҳмуроднинг жаҳрий зикр шайхларига қарши кураши деб номланган[7].
Анке вон Кüгелгеннинг ғарб тарихшунослиги замонавий методологиясининг принсипиал жиҳатларини ўзида акс эттирган фундаментал тадқиқот сифатида жаҳон шарқшунослари томонидан илиқ кутиб олинган Манғит тарихчилари асарларида Ўрта Осиё Манғитлар сулоласи легимитацияси (ХВИИИ—ХИХ асрлар) номли китобида Манғитлар сулоласи ҳукмдорлари, хусусан Амир Шоҳмуроднинг ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг тож-тахтга нисбатан қонунийлик ва ворисийлик ҳуқуқи таҳлил қилинади[56].
Ўзбекистонлик тарихчи Турғун Файзиев амир Шоҳмуродга давлат бошлиғи сифатида қуйидагича та’риф берган:[48]
Бегуноҳ амир номини олган Шоҳмурод шариат ишларига кенг йўл очган, вақфларни тиклаган, масжид ва мадрасалар ишига катта э’тибор берган. У зоҳидларга хос ҳаёт кечириб, мамлакатда рўй берган сиёсий-иқтисодий вазият тақозосига кўра, бир неча жангу-жадалларда бўлди. Манғитлар салтанатида бид’ат ва номашру ишларни таг-томиридан узган биринчи ҳукмдор бўлган[48].
Ўзбекистонлик шарқшунос олим Абдусаттор Жуманазар Амир Шоҳмуродга шундай таъриф беради[5][6]:
У хорижлик сайёҳлар келиб томоша қиладиган улкан иншоотлар қурдирмаган. Аммо ўз даврида буюк эътиқод, мустаҳкам имон биноларини барпо қилган эди[5][6].
Амир Шоҳмурод ҳақида ҳикоя ва ривоятлар
Амир Шоҳмурод билан боғлиқ кўплаб ҳикоялар бизгача етиб келган. Хусусан, Аҳмад Дониш ҳам 2—3 ривоят келтиради. Ушбу ривоятларда баён қилинган воқеаларнинг кўпчилик қисми воқеъи ҳодисалар дея таъкидланади[9]. Қуйида улардан мисол келтирилади:
Ҳикоя қилинишича, бир гал Амир Шоҳмурод Самарқандга келганида бир неча кун ўша вилоятда қолиб кетибди, сарфлайдиган харажат пули тугабди ва бисотида битта пўстинидан бўлак ҳеч вақо қолмабди. Ноилож, ўша пўстинини сотиш учун бозорга бериб юборибди. Пўстиннинг харидори топилмабди. Ниҳоят, деярли текин баҳога, ярим дирҳамга сотиб қайтишга мажбур бўлишибди. Сотиб олган харидор камбағал бир мулло киши бўлиб, эртаси куни пўстинни қайтариб олиб келиб, "пўстиннинг айби бор экан, савдони бекор қиламан, олмайман", дебди. Амир Шоҳмурод "нима айби бор экан?" деб сўрабди. Ҳалиги одам "бутун дунёнинг бити шу пўстин ичига йиғилган экан. Кечаси танимда бир мисқол ҳам эт қолмаслигига сал қолди" дебди. Мулло бу пўстиннинг Амир Шоҳмуродга тегишли эканидан хабари йўқ экан. Амир роса қотиб кулибди ва ниҳоят, иккаласи ҳам қози ҳукмини сўрашибди. Қози ярим танга арзон тушириб, пўстинни муллога сотиш бўйича қарор чиқармоқчи бўлибди. Аммо, мулло бунга кўнмабди ва "бу пўстиндан безор бўлганман, бир фулусга ҳам олмайман, пулимни қайтаринг" дея оёқ тираб олибди. Амир эса олишини сўрайверибди. Чунки пўстиндан қўлга киритга икки тангани ишлатиб бўлган, ёнида муллога қайтариб бериш учун пули йўқ экан. Хуллас, анча тортишувлардан сўнг мулло рози бўлибди ва амир можародан қутулибди[21].
Бошқа бир ҳикояга кўра, Амир Шоҳмурод Эронга қилган ҳарбий юришидан қайтаётган маҳал бисотида бирон танга пул қолмаган бўлиб, Бухорога яқин ерда қорни очибди ва доимгидек, сўфийлар равиши бўйича, ҳалолдан луқма ейишга одатланган амир оёғидаги жуфт ковушини ечиб, баққолга берибди ва эвазига бирор егулик олиб, тановул қилибди. Бухорога эса оёғида ковушсиз кириб борибди[21].
Ҳикоя қилинишича, Амир Шоҳмурод кучли уламолардан 2 кишига Бухорода қаерда бидъат ва хурофот кўрсалар, уни йўқотишни буюради. Уларга ушбу фармонни бажаришга ваколат беради. Ҳалигилар сидқидилдан ҳаракат қилиб, амирнинг фармонини ҳаётга жорий қила бошлайди. Анча вақт ўтгандан сўнг амир улардан фармони натижасини суриштирганда, улар "Ҳамма бидъату хурофотни йўқотдик илло иккитаси қолди, уни йўқотмоққа ожизмиз. … Бири мозорлар бошидаги туғлардур, иккинчиси шайхларнинг қўлидаги тасбеҳлардур. … Уларга барҳам беролмаганимизнинг сабаби, биз қариб қолдик. Умримиз ҳам охирлаб қолди. Агар биз улуғлар қабри устидаги туғни ва айрим риёкор шайхлар қўлида олиб юрадиган тасбеҳларни ҳам йўқоцак, шундан сўнг бироз вақт ўтиб, мутаассиблар „Фалончиларни улуғларнинг туғи урди, ёки шайхларнинг дуои бади урди-ю, улар ўлдилар“, — дейдилар. Мана шу маломот сўзидан истиҳола қилиб, 2 нарсага тегмадик", — деб жавоб беришади. Амир Шоҳмурод уларнинг гапига эътироз билдирмаган экан[9][4].
Бошқа бир ривоятга кўра, Кўкалдош мадрасаси мударрисининг ўғли Қаландархон мадраса саҳнида ўз талабадошлари билан суҳбат қуриб ўтирганда, талабалардан бири Қаландархонга нон олиш учун нонвойнинг ўғли олдига боради ва ундан Бу нон сиздек талабалар учун қимматлик қилади деган ҳақоратомуз камситиш эшитади. Сўнг Қаландархон бошлиқ кўпгина талабалар бориб нонвойнинг ўғлини уриб ўлдиришади. Нонвой Амир Шоҳмурод олдига арзга боради. Амир Қаландархонни дарҳол олиб келишни буюради. Мулозим Қаландархонга рўпара бўлишдан қўрқиб, унинг отасига кириб, воқеани баён қилади. Мударрис унинг гапларини лоқайдлик билан эшитиб, мен жуда бандман, ўзинг бориб айцанг, боради деган жавобни олади ва мулозим Қаландархон олдига келиб, уни амир ҳузурига чақираётганини хабар беради. 3 000 дан ошиқ талабалар дарҳол Қаландархон от устига ўтказиб, отнинг орқасидан борадилар. Амир Шоҳмурод бу аҳволни кўриб, Қаландархонга ўзи пешвоз чиқади. Амир ўғли ноҳақ ўлдирилган нонвойга: Ўғлинг шундай дин аҳилларини ҳақорат қилибгина қолмай, балки бизнинг динимизни, муқаддас урф-одатларимизни ҳақорат қилибди, сенга яхшиси мен хазинадан 300 танга пул берай, бошқа даъво қилиб юрма, улар агар болангни мени ҳузуримга олиб келганларида, мен у кофирни қатл эттирган бўлардим. Сен ҳам 300 тангадан қуруқ қолган бўлар эдинг, деб Қаландархон охунзодани иззат ва ҳурмат билан узр сўраб, жўнатиб юборади[9].
Яна бир ривоятга кўра, Шоҳмурод ўзининг ўғли Ҳайдарни хатна тўйини ўтказганда, уламолардан 2—3 кишини чақириб, битта чуқур ёғоч лаганда шўрва келтириб қўяди. Устанинг хизмат ҳаққига Шоҳмурод ўрдага кириб, бир мушт чигициз пахтадан бўлак нарса топмай, устага қараб, Бундан бошқа сен учун ҳеч нарса тополмадим. Аёллар менинг бўлажак чопоним учун шу пахтани чигитидан тозалаб қўйишган экан, шуни сенинг хизмат ҳаққингга олиб чиқдим, — деб устага беради[9].

Ривоят қилинишича, Регистонга бир деҳқон биринчи бўлиб пишган қовунни олиб келади. Амир Шоҳмурод деҳқон сотиш учун келтирилган қовундан тотиб кўришни истайди. Аммо олдида пули бўлмайди. Ўз маҳрамига, ўзининг кулоҳини бериб, уни қовун билан алмаштиришни буюради. Кулоҳ йиртиқ, тердан чириб, пахталари чиқиб қолган ҳолатда эди. Деҳқон бу кулоҳ Амир Шоҳмуродники эканлигини англаб, бир дона қовун бериб юборади. Амир Шоҳмурод бу қовунни тилим-тилим қилиб, суҳбат аҳлига беради, ўзига эса ҳеч вақо қолмайди[9].
Яна бир куни Рамазон ойида кечаси ифтор қилиш учун палов пиширишни буюради ва ўз маҳрамига ўз ҳисобидан хазиначидан бир товоқ ош учун пул олишни буюради. Маҳрам харажат қилиб, паловни тайёрлайди. Шу аснода Амир Шоҳмурод мадрасалардан 4 та энг қашшоқ талабаларни олиб келишларини буюради. Талабалар келгач, уларнинг олдига ўша товоқдаги паловни қўйиб, Бу паловни ҳаммасини еб бўлсаларингиз, ҳар бирингиз бир динордан (олтин танга) пул оласизлар, агар еёлмасаларингиз, пулни ололмайсизлар, — деб айтади. Талабалар эса шавқ билан бир товоқ паловни покиза туширадилар. Амир Шоҳмурод бир коса сув ва қотган нонлар билан ўз ифторини очади[9].
Номини абадийлаштириш
Самарқанд шаҳрининг кўчаларидан бирига Амир Шоҳмурод номи берилган[57].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 1,6 1,7 Бартольд 1963, с. 279—282.
- ↑ Жуманазар 2017, с. 252.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 Асророва 2017, с. 11.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 4,4 4,5 Бухорий 2012, с. 274—276.
- ↑ 5,00 5,01 5,02 5,03 5,04 5,05 5,06 5,07 5,08 5,09 5,10 5,11 5,12 5,13 5,14 5,15 5,16 5,17 5,18 5,19 5,20 5,21 5,22 5,23 5,24 5,25 5,26 5,27 5,28 5,29 5,30 5,31 5,32 5,33 5,34 5,35 5,36 5,37 5,38 5,39 Бухоронинг дарвеш ҳукмдори ҳақида баъзи мулоҳазалар 2020, с. 11—19.
- ↑ 6,0 6,1 6,2 6,3 6,4 6,5 6,6 6,7 „Ҳукмдорлигида ҳам пичоқ қини ясаб тирикчилик қилган амирни биласизми?“. Уза.уз (2020-йил 30-ноябр). Қаралди: 2022-йил 24-апрел.
- ↑ 7,00 7,01 7,02 7,03 7,04 7,05 7,06 7,07 7,08 7,09 7,10 7,11 7,12 7,13 7,14 7,15 7,16 7,17 7,18 7,19 7,20 7,21 7,22 7,23 7,24 7,25 7,26 7,27 7,28 7,29 7,30 Жуманазар 2017, с. 256—264.
- ↑ 8,0 8,1 8,2 8,3 Ражабов 2007, с. 365—368.
- ↑ 9,00 9,01 9,02 9,03 9,04 9,05 9,06 9,07 9,08 9,09 9,10 9,11 9,12 9,13 Йўлдошев 1993, с. 110—114.
- ↑ Жуманазар 2017, с. 254.
- ↑ 11,0 11,1 11,2 11,3 11,4 11,5 11,6 11,7 11,8 Тўраев 2020, с. 184—185.
- ↑ 12,0 12,1 12,2 12,3 12,4 Бухоро тарихи 1991, с. 87.
- ↑ 13,0 13,1 13,2 Ўрта Осиё хонликларида давлат бошқаруви тарихидан 2006, с. 22.
- ↑ 14,0 14,1 Шодиев 2010, с. 16.
- ↑ 15,0 15,1 Бухоро — Шарқ дурдонаси 1997, с. 192.
- ↑ 16,00 16,01 16,02 16,03 16,04 16,05 16,06 16,07 16,08 16,09 16,10 Ражабов.
- ↑ Кўҳна тарих гувоҳи 2000, с. 28—29.
- ↑ 18,0 18,1 18,2 18,3 18,4 „Амир Шоҳмурод — Маъсумхон (1785—1800)“. Архив.уз. Қаралди: 2021-йил 27-ноябр.
- ↑ Ўрта Осиё хонликларида давлат бошқаруви тарихидан 2006, с. 27.
- ↑ 20,0 20,1 „Бухоро амирлиги (аввали ва охири)“. Шош.уз. Қаралди: 2021-йил 27-ноябр.
- ↑ 21,00 21,01 21,02 21,03 21,04 21,05 21,06 21,07 21,08 21,09 21,10 21,11 Абдукаримов 2020.
- ↑ 22,0 22,1 22,2 22,3 22,4 22,5 22,6 22,7 22,8 Шодиев 2010, с. 16—21.
- ↑ Ўрта Осиё хонликларида давлат бошқаруви тарихидан 2006, с. 36.
- ↑ 24,0 24,1 Бартольд 1965, с. 154—155.
- ↑ 25,0 25,1 25,2 25,3 25,4 25,5 25,6 25,7 Васильев 2014, с. 107—111.
- ↑ Аллаева 2019, с. 168—169.
- ↑ Бадриддинов 2013, с. 162.
- ↑ Тўраев 2019, с. 54.
- ↑ Бабаев, Аҳмедов 2007, с. 230—233.
- ↑ Пардаев 2007, с. 372—374.
- ↑ 31,0 31,1 31,2 Асророва 2017, с. 129.
- ↑ 32,0 32,1 32,2 32,3 32,4 Асророва 2017, с. 12.
- ↑ Жуманазар 2017, с. 56.
- ↑ Жуманазар 2007, с. 139.
- ↑ „Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сонли қарори“. Лех.уз. Қаралди: 2021-йил 28-октябр.
- ↑ Бухоро — Шарқ дурдонаси 1997, с. 59.
- ↑ 37,0 37,1 37,2 Тўраев 2020, с. 20.
- ↑ Бобожонова 2014, с. 40.
- ↑ Асророва 2017, с. 18.
- ↑ Умарова 2022, с. 31—38.
- ↑ Жуманазар 2017, с. 88.
- ↑ Бухоро — Шарқ дурдонаси 1997, с. 160.
- ↑ 43,0 43,1 43,2 Джурабаев 2013, с. 96—102.
- ↑ История Самарканда 1969, с. 289.
- ↑ Тўраев 2019, с. 15.
- ↑ 46,0 46,1 Бартольд 1965, с. 391.
- ↑ Бухорий 2012, с. 267—268.
- ↑ 48,0 48,1 48,2 48,3 48,4 48,5 Ёрбозоров 2023, с. 48—52.
- ↑ 49,0 49,1 „Комментарии к тексту Мирзы Шемса Бухари“. Востлит.инфо. Қаралди: 2021-йил 28-ноябр.
- ↑ 50,0 50,1 Бартольд 1963, с. 281.
- ↑ Йўлдошев 1993, с. 97.
- ↑ Йўлдошев 1993, с. 100.
- ↑ Тўраев 2020, с. 186.
- ↑ Дониш 1967, с. 24—27.
- ↑ 55,0 55,1 „Амир Шоҳмурод қандай ҳукмдор бўлган?“. Маҳалладош.уз (2019-йил 25-декабр). 2021-йил 27-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 27-ноябр.
- ↑ Тўраев 2020, с. 28.
- ↑ „Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 24-июлдаги „Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Саҳоват ва Мурувват интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида“ги Фармони“. Лех.уз (2021-йил 26-март). Қаралди: 2022-йил 7-январ.
Адабиётлар
Китоблар
- Аллаева Н.. Хива хонлигининг дипломатияси ва савдо алоқалари (ХВИ—ХИХ асрлар). Тошкент: Академнашр, 2019 — 496-бет. ИСБН 978-9943-5650-1-2.
- Асророва Л. Қ.. Бухоро мадрасалари тарихидан. Тошкент: Ҳилол-Нашр, 2017 — 224-бет. ИСБН 978-9943-4818-6-2.
- Бадриддинов С.. Бухоро моддий ва маънавий маданияти саҳифалари (Энг қадимги замонлардан ХХ асрга қадар). Бухоро: Бухоро, 2013 — 210-бет.
- Баракаев Ж., Ҳайдаров Й.. Бухоро тарихи (Энг қадимги даврлардан Улуғ октабр инқилобигача). Тошкент: Ўқитувчи, 1991 — 144-бет.
- Бобожонова Ф.. Бухоро амирлигида таълим тизими (ХИХ аср охири — ХХ асрнинг бошларида). Тошкент: Адиб, 2014 — 128-бет.
- Бухорий С. С.. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона, 2012 — 300-бет.
- Бухоро — Шарқ дурдонаси. Тошкент: Шарқ, 1997 — 232-бет.
- Иноятов С., Йўлдошев Н., Ҳайитова О.. Кўҳна тарих гувоҳи (Кармана тарихидан лавҳалар). Тошкент: Шарқ, 2000 — 44-бет.
- Жуманазар А. К.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.
- Жуманазар А. К.. Насаф. Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007 — 204-бет. ИСБН 978-9943-06-029-6.
- Тўраев Ҳ.. Бухоро тарихи: ўқув қўлланма. Бухоро: Дурдона, 2020 — 592-бет. ИСБН 978-9943-6571-0-6.
- Тўраев Ҳ.. Маҳаллий ўлкашуносларнинг илмий меросида тарихий топография ва меъморий обидалар тарихи: Бухоро ўлкашунослиги фанидан ўқув-услубий қўлланма. Бухоро: Бухоро, 2019 — 72-бет.
- Воҳидов Ш., Ҳолиқова Р. Ўрта Осиё хонликларида давлат бошқаруви тарихидан (ХИХ—ХХ аср бошлари). Тошкент: Янги аср авлоди, 2006 — 71-бет.
- Йўлдошев Н.. Бухородаги айрим авлиёлар тарихи. Бухоро: Бухоро, 1993 — 144-бет.
- Шодиев Ж. М.. Бухоро амирлиги давлатчилигининг ривожланиши. Тошкент: ТДЙИ нашриёти, 2010 — 114-бет.
- Бартольд В. В.. Сочинения. В 9 т. Том ИИ 1-часть. Москва: Наука, 1963 — 1024-бет.
- Бартольд В. В.. Сочинения. В 9 т. Том ИИИ. Москва: Наука, 1965 — 711-бет.
- Васильев А. Д.. «Знамя и меч от падишаха». Политические и культурные контакты ханств Центральной Азии и Османской империи (середина ХВИ — начало ХХ вв. Москва: ПРОБЕЛ-2000, 2014 — 356-бет.
- История Самарканда. В 2-х т. Том И. Ташкент: Фан, 1969 — 505-бет.
- Трактат Ахмада Дониша „История Мангитской династии“. Душанбе: Дониш, 1967 — 142-бет.
Мақолалар
- Абдукаримов Ж. „Мунтахаб ут-таворих“ асари муаллифи Муҳаммад Ҳакимхон Амир Шоҳмурод ҳақида // „Ориэнтал арт анд cултуре“ сcиэнтифиc-метҳодиcал жоурнал. — 2020.
- Бабаев С. М., Аҳмедов М. А.. Амир Темур ва Темурийлар даври обидалари меъморчилик хусусиятлари (Самарқанд шаҳрининг 2750-йиллик юбилейига бағишланган халқаро илмий симпозиум материалларидан). Тошкент—Самарқанд: Фан, 2007.
- Пардаев А. Ҳ.. ХВИИИ асрнинг иккинчи ярмига оид Самарқанд шаҳри маҳаллалари тарихи ва аҳоли демографияси ҳақида айрим мулоҳазалар (Самарқанд шаҳрининг 2750-йиллик юбилейига бағишланган халқаро илмий симпозиум материалларидан). Тошкент—Самарқанд: Фан, 2007.
- Рахмонқулова З. Бухоро амирлиги ва Усмонийлар давлати ўртасидаги дипломатик муносабатлар тарихидан (ХВИИИ—ХИХ аср бошларида) // Ўтмишга назар. — 2021. — № 3.
- Ражабов Қ. К. Амир Шоҳмурод ёхуд «амири маъсум» // Бухоро мавжлари.
- Ражабов Қ. К.. Манғитлар сулоласи даврида Самарқанд (Самарқанд шаҳрининг 2750-йиллик юбилейига бағишланган халқаро илмий симпозиум материалларидан). Тошкент—Самарқанд: Фан, 2007.
- Умарова М. Бухоро амири Шоҳмурод даврида барпо этилган иморатлар ва уларнинг асосий хусусиятлари // Образование и иновационные исследования. — 2022. — № 1.
- Ёрбозоров Б. Р. Чет эл сайёҳларининг Амир Шоҳмурод сиёсатига муносабати // Международный научный журнал «Новостиобразования: исследованиев ХХИ веке». — 2023. — № 6 (100).
- Замонов А., Абдукаримов Ж. Бухоронинг дарвеш ҳукмдори ҳақида баъзи мулоҳазалар // Ўтмишга назар. — 2020. — № 2.
- Джурабаев Д. Х. Научные труды светских и религиозных деятелей Бухарского эмирата в конце ХВИИИ — начале ХИХ века // Вестник Челябинского государственного университета. — 2013. — № 36.
Ҳаволалар
- „Ўзбекистон тарихи телеканали / Бозорда ҳаммоллик қилган дарвеш Амир Шоҳмурод қисмати. 1-қисм“. ЁуТубе.cом (2022-йил 2-апрел). Қаралди: 2022-йил 8-апрел.
- „Ўзбекистон тарихи телеканали / Бозорда ҳаммоллик қилган дарвеш Амир Шоҳмурод қисмати. 2-қисм“. ЁуТубе.cом (2022-йил 5-апрел). Қаралди: 2022-йил 8-апрел.
- „Ўзбекистон тарихи телеканали / Бухоро амирлиги ва Манғитлар сулоласи тарихи“. ЁуТубе.cом (2021-йил 26-июн). Қаралди: 2022-йил 8-апрел.
- „Ўзбекистон тарихи телеканали / Бухоро амирлигида таълим тизимининг тарихи“. ЁуТубе.cом (2021-йил 30-июл). Қаралди: 2022-йил 8-апрел.

