Muhammad Vaqqos
Муҳаммад Ваққос ибн Муҳаммад Исмоил ал-Жасарий (арабча: محمد وقاص بن محمد إسماعيل الجسري) ёки оддийгина Муҳаммад Ваққос (бенгалча: মুহাম্মদ ওয়াক্কাস) (1952-йил 15-январ — 2021-йил 31-март) номи билан танилган Бангладешлик ислом олими, ўқитувчи, собиқ парламент аъзоси ва давлат вазири эди. Жанубий Бенгалиядаги энг катта мадраса бўлган Жамиа Имдадиа Маданинагар мадрасасининг асосчиси ҳисобланади. Мадрасада тахминан 2000 талаба таҳсил олади[1].
Биография ва таълим
Муҳаммад Ваққос 1952-йил 15-январда Шарқий Бенгалиянинг Жессор тумани, Манирампур шаҳридаги Бижайрампур қишлоғида бенгал мусулмон оиласида туғилган. Ваққос Муҳаммад Исмоил ва Нуржаҳон Бегимларнинг энг кичик фарзанди эди[2].
Таълим жараёни маҳаллий бошланғич мактабда бошланган. Мактабдаги якуний имтиҳонларда юқори ўринни эгаллаган. Бу натижа онасини ҳайратда қолдирди. Ота-онаси Жанубий Бенгалиянинг таниқли муассасаси Лаури Рамнагар Комил мадрасасига ўқишга киритди. Уч ойда Қур’онни тўлиқ ёдлаб олди ва 1967-йилда ҳай’ат Олим имтиҳонида энг кўп балл тўплаган эди. Мадарипур шаҳридаги Баҳодурпур Шариатиа Алиа мадрасасида комил даражаси учун таҳсил олган. 1971-йилда имтиҳон комиссиясида энг юқори балл олган. 1972-йилда Манирампур коллежида Олий ўрта мактаб даражасини тамомлади[1].
Устози ва Ҳусайн Аҳмад Маданийнинг хилофаси Тажаммул Али Шимолий Ҳиндистондаги Дорул улум Деобандда ўқишни маслаҳат берди. Деобандда тўрт йил давомида Мавқуф Алайҳий (1973), Такмил-э-Улум-э-Диният (1975) ва Ифто (1976) имтиҳонларида биринчи ўринни эгаллади ва муфтийлик унвонига сазовор бўлди[1].
Меҳнат фаолияти
Сиёсий фаолият
Ваққос талабалик даврида сиёсат билан шуғулланган. Ўқитувчиси тез-тез Жамиат Улема-э-Ислом дастурларига олиб борган. Ваққос Баҳодурпурда Комил даражасида ўқиётганда Жамият-э-Талаба-э-Арабия Баҳодурпур бўлими вице-президенти этиб сайланди. Бангладеш мустақилликка эришгач, Жамият Улема-э-Ислом Бангладешнинг Хулна бўлими нозими бўлди. Жамият қарорига кўра, Ваққос 1981-йилда Ҳофиззи Ҳузур асос солган Бангладеш Хилофат Андоланга қисқа вақт аъзо бўлди[3], лекин кейинчалик Жамиятга қайтиш учун уни тарк этди.
Шамсуддин Қосимий Ваққосга 1986-йилги Бангладешдаги умумий сайловида Жатия партияси номзоди сифатида қатнашишни маслаҳат берган. Бу сайловда Жессор-5 сайлов округидан муваффақиятли иштирок этди. Ўз ўрнини 1988-йилги умумий сайловлардан кейин сақлаб қолди[4][5]. Парламент аъзоси сифатидаги биринчи муддати давомида Ваққос мамлакатнинг Дин ишлари вазири ҳам бўлган[6]. Кейинчалик қамчи вазифасида ҳам ишлаган.
Эршаднинг Жатия партияси тугатилгандан сўнг Ваққос 1991-йилги умумий сайловларда Исломи Оикя Жоте алянси номзоди сифатида қатнашди. Мазкур сайловда Авоми лигаси вакили Хон Типу Султонга ютқазиб қўйди. Айнан шу йили Бангладеш Жамияти Улема-э-Исломнинг Арзобод мадрасасидаги Миллий кенгашида бош котиб этиб тайинланган эди.
1996-йил июн ойидаги умумий сайловда яна Жатия партиясидан номзод сифатида қатнашди, аммо Хон Типу Султонни мағлуб эта олмади. Кейинчалик Бангладеш Миллатчилар партиясига қўшилди ва 2001-йилги умумий сайловда парламентга сайланди. Ушбу сайловда рақиби Хон Типу Султондан 20 минг кўпроқ овоз олди[7]. Бироқ, Султон 2008-йилги умумий сайловда Ваккасни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Таълим карераси
1982-йилда Ваққос Манирампурда Жамиа Имдадиа Маданинагар мадрасасини ташкил этди. Орадан 7 йил ўтиб, мадрасанинг аёллар бўлимига асос солди. Ҳадисшунослик факултети 1995-йилда, аёллар учун эса 2003-йилда очилган. 2009-йилда ифто бўлими очилгандан сўнг мазкур муассаса Жанубий Бенгалиядаги энг йирик мадрасага айланди[1]. Ваққос Ҳефазат-э-Ислам Бангладеш аъзоси эди[8].
Вафоти
Ваққос 2021-йил 31-март куни Даккадаги касалхонада вафот этди[1].
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 Маҳмудур Раҳман (2019), মুফতি মুহাম্মদ ওয়াক্কাস রহ. এর জীবন ও কর্ম (Бенгали)Маҳмудур Раҳман (2019), মুফতি মুহাম্মদ ওয়াক্কাস রহ. এর জীবন ও কর্ম (ин Бенгали)
- ↑ „আলাপচারিতায়-জমিয়ত নেতা মুফতি মুহাম্মদ ওয়াক্কাস“ (бн). Сйлҳет Репорт (2017-йил 28-октябр). 2019-йил 31-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 30-август.
- ↑ Жаҳид, Салим. „জীবদ্দশায় ছেলেরা, এখন নাতিরা পদ নিয়ে দ্বন্দ্বে“ (бн). Протҳом Ало (2014-йил 28-ноябр).
- ↑ „Лист оф 3рд Парлиамент Мемберс“ (бн). Бангладеш Парлиамент. 2018-йил 18-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 3-ноябр.
- ↑ „Лист оф 4тҳ Парлиамент Мемберс“ (бн). Бангладеш Парлиамент. 2019-йил 8-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 3-ноябр.
- ↑ „Муфти Wаккас гец 6-монтҳ баил“ (эн). бангланеwс24.cом (2014-йил 17-феврал). 2019-йил 3-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 3-ноябр.
- ↑ „Парлиамент Элеcтион Ресулт оф 1991,1996,2001 Бангладеш Элеcтион Информатион анд Статистиcс“. Воте Монитор Нетwоркс. 2008-йил 28-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 3-ноябр.
- ↑ „Муфти Wаккас грантед баил“. Дҳака Трибуне (2014-йил 17-феврал). Қаралди: 2019-йил 3-ноябр.