Муҳаммад ибн Абд Кеший Абдулҳамид Кешийнинг ўғли ўз отасидан кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Муҳаммад ибн Абд Кешийдан кўплаб муҳаддислар ҳадис келтирган. У ота-боболарининг маънавий меросини асосий давомчиларидан ҳисобланиб, кешийлар сулоласини давом эттирган. У Муҳаммад Абу Жаъфар Кабий (Кеший) ҳам деб номланган ва 286/899 йилда вафот этган[1]. Муҳаддиснинг ўғли отасидан сўнг унинг илмий меросини давом эттирган. Отаси ва боболари ҳақидаги тарихий маълумотларни Абдулҳамид Кешийнинг муснад ва тафсир асарларини кейинги авлодларга этказилишида катта хизмат қилган. Муҳаммад ибн Абд Кешийнинг асосий устози ўз отаси Абдулҳамид Кеший ҳисобланади ундан араб тили, ҳадис, тафсир ва бошқа фанлардан таҳсил олган. Кешийлар сулоласининг кенжа вакили Муҳаммад Кеший қуйидаги устозлардан ҳам илм-маърифат ўрганиб улардан ҳадислар ривоят қилган. Улар Абу Исмоил Абдурраҳмон ибн Уъббод ибн Исмоил Маъвалий[2], Муҳаммад ибн Ғолиб ибн Абдурраҳмон ибн Язид[3], Усмон ибн Шайба[4], Ҳасан ибн Ҳайсам Абу Али Мазаний Бағдодий[5], Убайдулло ибн Мусо, Яҳё ибн Муғира[6], Бишр Ибн Афлаҳ Кеший[7] ва бошқалар. Муҳаммад ибн Абд Кеший ҳам улуғ устозлардан олган илмни ўз шогирдларига таълим берган. Ундан қуйидаги кишилар ҳадис ривоят қилишган. Улар Ибн Сакин[8] Аъмр ибн Муҳаммад[4], Абдулмумин ибн Халаф Насафий[9], Иброҳим ибн Хузайм Шоший[10], Ҳусайн Ибн Исмоил Форисий[11] ва бошқалар. Муҳаммад ибн Абд Кеший отасининг энг кейинги шогирди бўлган „Муснад Абд“ ва „Тафсир Абд“ асарларини муҳаддиснинг ўзидан эшитиб ёзиб олган Иброҳим ибн Хузайм Шоший билан бирга ҳатто унга устоз бўлиб, ана шу буюк меросни ёзма ҳолда сақланиб қолишида илмий ҳамкорликда иш олиб борган. Муҳаддис асарларининг қўлёзма нусхалари Иброҳим ибн Хузайм Шоший орқали бизгача этиб келган. Муҳаммад ибн Абд Кеший ва унинг оиласига ўхшаш илм-маърифат, ҳадис илми йўлида хизмат қилган оилавий сулола вакиллари тарихда жуда кам учрайди.

Манбалар

  1. ↑ Заҳабий. Тариху-л-ислом. – Байрут: Дору китоби арабий, 1987. – Ж. 21. – Б. 274.
  2. ↑ Самъоний (506-562 ҳ.). Ансоб.– Байрут, Дорул фикр. 1998. – Ж.2. – Б. 461.
  3. ↑ Ибн Ҳажар Асқалоний. Исобату фий тамйизи-с-саҳобати. – Байрут. Дору Ҳийл. 2009. – Ж. 7. – Б. 219.
  4. ↑ 4,0 4,1 Муҳаммад ибн Ҳиббон (354 ҳ.в.) Мажруҳийн мин муҳаддисийн. 2009. – Ж. 2. – Б. 15.
  5. ↑ Хатиб Бағдодий. Тариху Бағдод. – Байрут: Дору китоби илмий, 1995. – Ж. 7. – Б. 450.
  6. ↑ Ибн Асокир. Тариху-л-Дамашқ. 2009. – Байрут. – Ж.22. – Б.78. ва – Ж. 62. – Б.672.
  7. ↑ Ибн Ҳажар Асқалоний (773/852ҳ.). назҳату-л-албоб фий-л-алқоб. – Риёз. Мактабату рушд, 1989. – Ж. 1. – Б. 123.
  8. ↑ Ибн Ҳажар Асқалоний. Исобату фий тамйизи-с-саҳобати. – Байрут. Дору Ҳийл, 2009. – Ж. 7. – Б. 219.
  9. ↑ Заҳабий. Тариху ислом. Дору китоби арабий, 1987. – Ж. 21. – Б. 274.
  10. ↑ Ибн Асокир. Тариху-л-Дамашқ. – Байрут. 2009.– Ж. 62. – Б.672.
  11. ↑ Абу Наъим Аҳмад Исбаҳоний (430 ҳ.в.). Маърифату-с-саҳоба. – Риёз: Дору-л-ватан, 1998. – Ж. 3. – Б. 1640.