Муҳаммаджон Каримов (1919.20.6 — Тошкент — 1998.26.7) — хонанда, Ўзбекистон халқ ҳофизи (1992). Дутор, танбур чалишни, мумтоз ашула йўлларини дастлаб отаси Каримбобо, Нўъмонқори ҳофизлардан, мақом йўлларини Тўйчи ҳофиз, Домла Ҳалим каби устозлардан ўрганган. Ўзбекистон саноат кенгаши қошидаги ашула ва рақс ансамблида яккахон хонанда (1935— 39), Хоразм вилояти театри, Чоржўй ўзбек театри, Мирзачўл театрларида ашулачи ва актёр (1939—1942). 2- жаҳон уруши қатнашчиси (1942—44). Ўзбекистон радиоқўмитасининг миллий мусиқа ансамбли (1944—45), "Мақом" ансамблида хонанда (1960-й.лари), Тошкент шаҳри турли мусиқа мактаблари ва санъат муассасаларида ёшларга анъанавий ашулачилик сирларини ўргатган. Репертуаридан мақом йўллари ("Дугоҳ", "Сегоҳ", "Баёт 1 — У","Чоргоҳ" ва б.), ўзбек ашула ва катта ашулалар ("Самарқанд Ушшоғи", "Тошкент Ироги", "Гиря", "Найларман", "Қаландар И, ИИ", "Лайли ва Мажнун", "Улким жонон", "Айрилмасун" ва б.), ўзбек бастакорлари асарлари ("Сайёра", Ҳамза; "Раъноланмасун", Ю. Ражабий; "Муножот", И. Икромов; "Фиғонким", А. Убайдуллаев ва б.), шунингдек, ўзи мусиқа басталаган қўшиқлар: "Кел, эй дилбар" (Машраб), "Каъбам онам" (Иброҳим Адҳам), "Дерлар" (Ҳувайдо) ва б. ўрин олган. К. тиниқ, кучли ва ниҳоятда жозибали овоз соҳиби. Унинг ижро услуби ўзига хос дардмандлик, юракдан жўшиб айтиш, чуқур фалсафий мазмун, ҳар бир сўзини аниқ, дона-дона қилиб айтиш билан ажралиб туради. К. ижро этган ашулалари Тошкент грам-ёзув студияси томонидан бир неча пластинкада чиқарилган ("М. Каримов куйлайди", 1969, 1980, 1983 ва б.), Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан унинг ижодига бағишланган 2 видеофилм суратга олинган ("Муҳаммаджон Каримов куйлайди", 1991; "Муножот", 1997).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил