Mukofot
Мукофот – бирон бир фаолият соҳасидаги алоҳида ютуқлар учун рағбатлантириш шакли. Ўзбекистон Республикасида пул ва натура кўринишидаги, якка шахсларга ёки жамоага бериладиган мукофотлар мавжуд. Мукофотлар ўзининг даражасига кўра: давлат мукофотлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотларининг мукофотлари, корхона, муассасаларнинг ўз ходимларига берадиган мукофотлари, халқаро мукофотларга; шаклига кўра эса – орденлар, медаллар, фахрий унвонлар, қимматбаҳо совринлар, пул мукофотлари ва бошқаларга бўлинади.
Давлат мукофотлари фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий, фан-техника, санъат ва адабиёт ҳамда бошқа соҳаларда улкан муваффақиятларни қўлга киритганлиги, тараққиётга катта ҳисса қўшганлигини расман эътироф этилишини билдиради. Давлат мукофотларининг турлари, тақдирланиш шартлари, тартиблари қонунлар ва бошқа расмий ҳужжатларда белгилаб қўйилади. Ўзбекистонда фан ва техника соҳасида Беруний (Абу Райҳон Беруний) номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, бадиий ижод соҳасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, тасвирий ва амалий санъат, халқ ҳунармандчилиги сохасида Камолиддин Беҳзод номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, адабиёт ва санъат соҳасида Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, иқтидорли қизлар учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. „Давлат мукофотлари тўғрисида“ Ўзбекистон Республикасининг қонуни (1995 йил 22-декабр)га кўра, „Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвони, Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари, фахрий унвонлари ва Фахрий ёрлиғи давлат мукофотлари ҳисобланади (қаранг: Ўзбекистон Республикасининг орден ва медаллари, Фахрий унвонлар).
Айрим шахсларни жамият ҳаётидаги салмоқли ҳиссасини тақдирлаш мақсадида Жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат ташкилотларининг мукофоти ҳам таъсис этилади (мас, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, рассомлар уюшмаси ёки б. жамоат бирлашмаларининг мукофотлари).
Корхона, муассасаларнинг ўз ходимларига берадиган мукофотлари – меҳнат интизомини мустаҳкамлашнинг асосий ҳуқуқий усулларидан ҳисобланади. Корхонада ходимларни мукофотлаш ички меҳнат тартиби қоидалари, мукофотлашга оид ички низомлар, бошқа локал меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади. У моддий ва маънавий тусда бўлади. Моддий йўсиндаги мукофотлар жумласига қимматбаҳо буюм билан ёки пул кўринишида бериладиган мукофотлар киради. Пул мукофоти корхонада иш ҳақи тўлаш тизимида назарда тутилган (иш натижасига кўра мунтазам бериб бориладиган) ва иш ҳақи тизимида назарда тутилмаган (бир марталик) мукофотларга бўлинади. Иш ҳақи тўлаш тизимида назарда тутилган (шу жумладан, корхона йиллик иш натижаларига кўра тўланадиган „ўн учинчи“ ва ҳатто „ўн тўртинчи“ ойлик деб аталувчи) мукофотларни бериш мезонлари, шартлари, тартиблари корхонанинг бевосита ўзида иш берувчи томонидан ходимлар вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган ички меъёрий ҳужжатлар билан белгиланади. Корхоналарда ташаккур эълон қилиш, ҳурмат китобига номини ёзиш, корхона фахрий унвонларини бериш ва ҳоказо шакллардаги маънавий рағбатлантиришлардан фойдаланилиши мумкин. Ходимларни мукофотлашда қар бир ходимнинг корхона ютуғига қўшган қиссасини алоҳида ва муносиб баҳолаш иш самарадорлигини оширишга таъсир қилади.
Халқаро мукофотлар – халқаро ташкилотлар, жамғармалар, хорижий хусусий шахслар томонидан муайян соҳада оламшумул аҳамият касб этувчи ютуқларга эришган кишиларни тақдирлаш (пул ёки махсус унвонлар, халқаро грантлар ва бошқа бериш) учун таъсис этилади (мас, Нобел мукофоти, ЙУНЕСКО халқаро мукофоти ва ҳоказо)[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |