Мулчалаш (инг. мулч — қоплаш) — тупроқ бетини калин мулчақоғоз ёки ҳавол (похол, торф, чиринди, гўнг ва бошқалар) материаллар билан ёппасига ёки қатор оралатиб ёпиш. М. ўсимликнинг ўсиши шароитига ижобий таъсир этади; ер бетидан намнинг буғланишини камайтиради, сутка давомида ҳароратнинг ўзгариш амплитудаси муқобил бўлишини таъминлайди, ер бетини сув ювиб кетиши ва шамол учириб кетишидан ҳимоя қилади, тупроқ структурасини сақлаш ва яхшилаш имконини беради, тупрокда кечадиган биокимёвий фойдали жараёнларни кучайтиради; натижада ўсимликнинг озиқланиши яхшиланади, ер бетини қатқалоқ босишдан сақлайди.

Ўрта Осиёнинг суғориладиган енгил механик таркибли ва қумоқ тупроклари шароитида экинларни етиштиришда, тупроқнинг устки қисмини мустаҳкамловчи ва уни ювилиши ҳамда шамол кўтариб кетишидан сакловчи оралиқ экинлар анғизи мулча вазифасини бажаради. М. кучли шамол эрозияси кузатиладиган ерларда чекланган майдонларда қўлланади. ХХ асрнинг 90-йиллар охирида Ўзбекистонда чигитни Андижон технологияси асосида плёнка остига экишда М.нинг янги усули катта майдонларда амалга оширилмок,да. Бунда чигит экиш билан бир вақтда пушта устига сеялкага ўрнатилган махсус мослама ёрдамида плёнка тўшалиб, ҳар бир уяга 3—4 тадан чигит экилади, уя устидаги плёнка тешиб кетилади. Ғўза қийғос шоналангандан кейин плёнка йиғиштириб олинади.

Зиёмиддин Артукметов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил