Ikrom domla
- Википедияда исми Икром бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.
Икром домла, Мулла Икромча (тахаллуслари; асл исми Муҳаммад Икром ибн Абдусалом, 1847-йил, Бухоро — 1925-йил, Бухоро) — Бухородаги тараққийпарвар уламолардан, муфтий ва мударрис[1]. Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Аҳмад Донишнинг маърифатпарварлик ғояларига қўшилиб, мадрасалардаги таълим тизимини танқид қилган, уни ислоҳ қилиш йўлларини ишлаб чиққан.
| Икром домла | |
|---|---|
| Муҳаммад Икром ибн Абдусалом | |
| Таваллуди |
1847-йил Боғикалон қишлоғи, Бухоро |
| Вафоти |
1925-йил Бухоро |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Бадалбек мадрасаси |
| Касби | Муфти, мударрис |
| Фаолият йиллари | 1880—1925 |
Муҳаммад Икром ибн Абдуссалом 1847-йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Боғикалон қишлоғида дунёга келган, кейинчалик Пойи Остона гузарида (ҳозирги Галаосиё тумани) яшаган. Бошланғич мактабни тугатгач, 1860—1880-йиллари Бадалбек мадрасасида[2] қозикалон ва йирик амалдор, „Оят“ тахаллуси билан ижод қилган шоир Абдушукур ибн Абдурасул Бухорийдан таҳсил олган[3]. Икром Домла „Акрам“ тахаллуси билан шеърлар ёзган. „Тазкират аш-шуаро“ асарида Домла Икром Мир Араб мадрасасида, „Афзал ат-тизкор“ асарида эса Абдуллахон мадрасасида дарс бергани айтилади. Бундан ташқари Жаъфархўжа ва Турсунжон мадрасаларида ҳам мударрислик қилган. Икром домла 1894—1896-йилларда Муҳаммад Аваз Хўжандий ҳамроҳлигида ҳаж сафарига борган. Зиёрат қилиш чоғида Россия, Туркия, Эрон ва Мисрда бўлган[4]. Ўша вақтда Истанбул, Бағдод, Шероз ва бошқа исломий шаҳарлардаги тараққиётни кўриб таъсирланади. Сафардан қайтгач, Бухоро мадрасаларидаги таълим дастурларини танқид қилиб, уларни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлайди. Домла Икром мадрасалар таълимига тафсир, ҳадис фанларини киритишни ёқлаб чиққан[5] ва диний илмсизлик ҳамда давлатнинг тараққий этишига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш таклифи билан чиққан. У жадид мактаблари ташкил этиш тарафдори бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаган. 1910-йил бошида Бухородаги мактабларни тафтиш қилиш учун Тошкентдан келган К.Пален бошчилигидаги ҳай’ат билан қўшбеги Насрулла буйруғига кўра Домла Икром музокара олиб боради[6]. Уларнинг янги мактаб, ҳижоб ва солиқлар ҳақидаги саволига Домла Икром шариат юзасидан жавоб бериб, жадид мактаблари ислом динига ҳеч қанақа зид эмаслигини айтиб ўтади.
1909-йилда Мирзо Абдулвоҳид Мунзимнинг мактабида ўқиётган болаларни имтиҳон қилиш маросими сўнгида йиғилиш бўлиб, унда мактабни ёпиш ёки очиқ қолдириш масаласи кўрилади. Йиғинда Домла Икром янги мактабни ислом одобига мувофиқ эканлигини айтиб, бу турдаги мактабларни ривожлантиришни ислом дини нуқтаи назаридан лозим эканлигини таъкидлайди ва янги усул мактабларининг ҳалол эканига муҳр босиб, фатво беради[7].
ХХ аср бошларида муфти сифатида Бухородаги жадид — янги усул мактабларини мулла Абдураззоқ бошчилигидаги қадимийчиларнинг гуруҳларидан ҳимоя қилган. „Бедорин хобидаган ва огаҳи нодонон“ рисоласида Бухородаги амирлик тузумидан норозилик кайфиятлари акс эттирилган. Ушбу рисоладан сўнг Икром домла Бухородан сургун қилиниб, Пешкуга қози қилиб жўнатилган (1912—1914), ҳар ой унга 1000 танга маош белгиланган. Қоракўлда қозилик қилган даврда уйида жадид мактаби очади. Бу мактаб ҳақида кейинчалик „Ҳуррият“ газетасида мақола берилади.
1914-йилда амир Олимхон Икром домлани саройга чақиради ва уни муфтий этиб тайинлайди.
Бухорода 1917-йил апрел намойишларидан кейин мулла Икром Ғузорда қамоққа олинади. БХСР тузилгач, қисқа муддат адлия вазирлигида нозир бўлиб хизмат қилади. Файзулла Хўжаев томонидан шўролар қозиси этиб тайинланади[8]. Муҳаммад Икром 1924-йилда нафақага чиқади ва 1925-йилда 78 ёшида вафот этади.
Икром домла Бухорода кўплаб шоирларга, жумладан, Садриддин Айнийга устозлик ва ҳомийлик қилган. Файзулла Хўжаев ва Айний ўзларининг Бухоро инқилоби тарихига бағишланган асарларида Икром домланинг тараққийпарварлик фаолия-тига юксак баҳо беришган.
Адабиёт
- Айний С, Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар, Асарлар, 1-ж., Т., 1963;’ Хўжаев Ф., Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Т., 1997[9].
Манбалар
- ↑ Шодмон Вохидов „Домулло Икромча Муфти Бухори (1847-1925): жизнь и деятельность“. Қаралди: 18-июл 2023-йил.
- ↑ Лола Асророва. Бухоро мадрасалари тарихидан. Тошкент, 2017 — 48-бет. ИСБН 978-9943-4818-6-2.
- ↑ И.Қодиров, Ф.Ширинова. Сўнгги сулола тарихи. Тошкент Муҳаррир 2009 — 67-бет. ИСБН 978-9943-354-44-9.
- ↑ „Некоторые замечания о жизни и творчестве Домулло икромчемуфтий Бухары“. 2023-йил 18-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 18-июл.
- ↑ Шодмон Вохидов. [ҳттпс://дзен.ру/а/Й_жНР6ТгзУCгмрав „ДОМУЛЛО ИКРОМЧА (1847 - 1925) 24 февраля“]. Қаралди: 2023-йил 18-июл.
- ↑ Дилноза Жамолова. Бухоро амирлигида жадидлар ва қадимчилар фаолияти. Тошкент, 2021 — 71-бет. ИСБН 978-9943-6834-8-8.
- ↑ Анвар Ҳикматов „Бухорода илмий муассасаларнинг вужудга келиши ва фаолияти тарихи (ХХ асрнинг 20-30-йиллари)“ (ўзбекча) (2018). Қаралди: 8-июл 2023-йил.
- ↑ Муҳаммад Али Балжувоний. Тарихи нофеий. Тошкент Академия 2001 — 75-бет.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил