Мум — 1) ҳайвон ёки ўсимлик маҳсулоти бўлган ёғсимон модда, асосан, юқори ёғ кислоталарнинг мураккаб эфирлари ва юқори молекуляр спиртлардан иборат. М. — аморф, пластик, қиздирилганда осон юмшайдиган модда, 40—90° орасида суюкланади. М.нинг қазилма хиллари ҳам бўлади. Асалари муми, қўй жуни ювилганда чиқадиган М., кашалот ёғидан олинадиган спермацет ҳайвон маҳсулоти М.ига, Бразилия палмаси баргидан олинадиган карнауба, канделил, палма муми ва бошқа ўсимлик маҳсулоти М.ига, озокеритни тозалаб олинадиган серезин, қўнғир кўмир ёки торфдан ажратиладиган монтан М.и қазилма М.ига киради. Саноатда синтетик М. ҳам ишлаб чиқарилади. Ҳайвон маҳсулотидан олинган, қазилма ва синтетик М.лар техникада ишлатилади. Ўсимлик М.и ўсимликларда сув режимини тартибга солишда муҳим биологик функсияни бажаради. М. дан амалий ва тасвирий санъатда ҳам фойдаланилади; 2) асалари мум безларида ишлаб чикариладиган ёғсимон суюклик (қаранг Асалари муми).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил