Muqimiy
Муқимий (асл исм-шарифи Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли) (1850-йил, Қўқон — 1903-йил 25-май, Қўқон) — ўзбек шоири ва мутафаккири. Ўзбек демократик адабиёти асосчиларидан бири.
| Муҳаммад Аминхо'жа Мирзахо'жа о'г'ли | |
|---|---|
![]() | |
| Таваллуди |
1850-йил Қўқон, Қўқон хонлиги |
| Вафоти |
1903-йил 25-май Қўқон, Россия Империяси |
| Фуқаролиги |
|
| Соҳаси | шоир, сатирик |
| Машҳур ишлари | „Ошиқ бўлибман“, „Айрилмасун“, „Ўзим ҳар жойдаман“, „Ақлу ҳуш учди бошимдин…“, „Танобчилар“, „Тўй“, „Сайлов (Адабиёт)“ |
| Дини | Ислом |
Ҳаёти
Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг отаси тошкентлик, онаси Ойшабиби эса хўжандлик бўлиб, улар Қўқонда яшаган. Муқимий бошланғич маълумотни маҳалласидаги мактабда олган. Онаси Муҳаммад Аминхўжада шеъриятга ҳавас уйғотган. Муқимий Қўқон шаҳридаги Нодира томонидан қурдирилган "Моҳларойим" мадрасасида, сўнгра Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиган (1864—1865; 1875—1876). 1876-йилда Қўқонга қайтгач, ер қурилиши маҳкамасида мирзалик қилган. У маҳкамадаги фаолияти давомида амалдорларнинг қаллобликларини бефарқ кузата олмасдан ўзининг „Танобчилар“ сатирасини ёзган.
Ижоди
70-йиллар охирларида Қўқонга қайтган ва ижод билан шуғулланган. Отаси вафотидан сўнг моддий аҳволи оғирлашгач, „Ҳазрат“ мадрасасининг кичик бир ҳужрасига кўчиб ўтган (1885), бутун умри қашшоқликда кечган. Бир неча бор Тошкентга саёҳат қилган (1887-1888, 1892), Тошкентдаги янгиликлар билан танишган. Тошкент маданий ва адабий ҳаётини чуқур ўрганган. Алмаий, Нодим каби илғор руҳдаги ижодкорлар билан алоқа боғлаб, ижодий ҳамкорлик қилган. Муқимий яшаб ижод этган давр адабий ҳаёти мураккаб эди. Бундай муҳит Муқимий ижодига кучли таъсир кўрсатди. Ижодининг илк даврида қисман шаклбозлик унсурлари, санъатпардозлик майлларига берилиш ҳам учрайди. Лекин тезда бу хил анъаналардан воз кечиб, жамиятдаги иллатларга, эскилик ақидаларига танқидий назар билан қаради. Навоий, Жомий, Низомий ва Фузулийдан ўрганди, улар ғазалларига муҳаммаслар боғлади. Жомийни ўзига устоз билди. Ўзбек, форс мумтоз шоирлари анъаналарини давом эттирди. Ўзбек адабиётида демократик йўналишнинг вужудга келиши ва шаклланиши Муқимий номи билан боғлиқ. У бошлиқ Фурқат, Завқий, Аваз, Комил каби илғор фикрли шоирлар ўзбек адабиёти тарихида янги саҳифа очдилар. Муқимий лирикаси чуқур оптимизм билан суғорилган, ҳаётийлик ушбу лириканинг асосий ва етакчи хусусиятларидан. Муқимий реал муҳаббатни, инсонни куйлаган. Шеърларининг туб моҳиятини инсон кечинмалари, севинч ва аламлари, истак ва армонлари, курашлари ташкил этган. Уларда дўстлик, садоқат, самимият вафодорлик, сабот ва матонат улуғланган ва булар орқали шоир кишиларда яхши хусусиятларни тарбиялашга интилган. Адолатли ва бахтли замонни орзу қилган, шундай кунлар келишига ишонган („Келур охир сени ҳам йўқлағудек бир замон яхши“ ва бошқалар). Ҳасрат, шикоят, норозилик мотивлари мавжуд бўлган шеърларида ҳам келажакка ишонч, фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-идеаллари акс этган.
Муқимий лирик шоир. Муҳаббат мавзуси унинг лирикасида асосий ўрин тутади. „Ошиқ бўлибман“, „Айрилмасун“, „Ўзим ҳар жойдаман“, „Ақлу ҳуш учди бошимдин…“ каби шеърлари бунга мисол.
Ҳажвиёти
Муқимий дунёқараши ва интилишлари билан муҳит ўртасидаги зиддият унинг ижодида танқидий йўналишни майдонга келтирган. Бу унинг хажвиётида кўпроқ акс этган. Ҳажвиёти мазмунан сатира ва юморга бўлинади. Сатираларида чор амалдорлари, айрим маҳаллий бойларнинг кирдикорлари очиб ташланган („Танобчилар“, „Тўй“, „Московчи бой таърифида“, „Ҳажви Виктор бой“, „Воқеаи Виктор“ ва бошқалар)- „Сайлов (Адабиёт)“, „Дар мазаммати замона“ ва бошқаларда ўлкага кириб келаётган капиталистик ва ғайриахлоқий муносабатлар ҳамда уларнинг оқибатлари кўрсатилган. Баъзан, ўша даврдаги ҳукмрон қарашларга эргашиб, Дукчи эшон ҳақида ҳам ҳажвий асарлар ёзган („Ҳажви ҳалифаи Мингтепа“).
От, арава, лой, пашша, безгак каби мавзуларда 30 га яқин ҳажвий асар яратган. Уларда шоир турмушнинг қолоқ ва чиркин томонлари, ижтимоий онгдаги нуқсонлар устидан кулган, мустамлакачилик азоби, ҳаробаликни заҳархандалик билан тасвирлаган („Девонамен“, „Кўсамен“ „Ҳайрон қилди лой“, „Паш-шалар“, „Шикояти безак“ ва бошқалар). Бошқа бир қатор ҳажвияларида жамият ҳаётидаги ўзгаришларга янгича муносабат акс этган („Таърифи печ“, „Ароба қурсин“, „Лой“ ва бошқалар).
Саёҳатнома асари
Муқимий ўзбек адабиётига ишчилар мавзусини олиб кирди, типлар галереясини яратди („Масковчи бой таърифида“, „Воқеаи Виктор“ ва бошқалар). Турли шаҳар ва қишлоқларга қилган саёҳатлари таассуротлари асосида 4 қисмли „Саёҳатнома“ асарини ёзди. Асар енгил, ўйноқи вазнда ёзилган, 4 мисрали бандлардан ташкил топган. Унда халқ турмушининг оғирлиги, қишлоқларнинг вайроналиги реалистик тасвирланган. Шоир яхшиликни маъқуллаб, гўзалликни мадҳ этган, камчиликлар устидан кулиб, танбеҳ берган, ёвузликни, турли иллатларни танқид қилган.
Муқимийнинг наср ва назмдаги мактублари эпистоляр адабиёт намунаси ҳисобланади. 10 шеърий, 20 га яқин насрий мактублари сақланган. Шеърлари қўлёзмалар, баёзлар, ХХ аср бошларида литографияда нашр қилинган китоблар, Тошкент ва Петербургда босилган вақтли матбуот саҳифаларида бизгача етиб келган.
Ижоди
Муқимий ижодини ўрганиш, асарларини тўплаш ва нашр эттириш у ҳаёт давридаёқ бошланган. Дастлаб Остроумов „Девони Муқимий“ тўпламини 1907-йилда нашр қилдирган. 1910—1912-йилларда эса „Девони Муқимий маа ҳажвиёт“ номи билан бошқа асарлари тўплам сифатида босиб чиқарилган. Ғофур Ғулом, Ойбек, Ходи Зарифов, Ҳомил Ёқубов, Ҳ. Раззоқов, Ғулом Каримов, Абдуқодир Ҳайитметов ва бошқалар Муқимий ижодини Ўрганишган. Шеърларидан намуналар чет тилларга таржима қилинган. Муқимийнинг аксарият ғазаллари ашулага айланган.
Номини абадийлаштириш
Муқимийнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида махсус кўкрак нишони ва стипендия жорий қилинган[1]. Қўқон шаҳрида Муқимийнинг уй-музейи ташкил этилган[2]. Фарғона вилоятидаги шаҳарчага, Тошкент кўчаларидан бирига ҳамда Ўзбек давлат мусиқали драма театрига Муқимий номи берилган. Муқимийга бағишлаб Собир Абдулла „Мавлоно Муқимий“ романи ва „Муқимий“ драмасини яратган. 2021-йилда Ўзбекфилм киностудияси томонидан Муқимийнинг ҳаётига бағишланган „Муқимий“ номли 110 дақиқалик филм суратга олинган[3].
Нашр қилинган асарлари
- Муқимий. Танланган асарлар. Т., 2011
- Муқимий. Асарлар. Т., 1974.
Адабиётлар
- Ёқубов Ҳ., Ўзбек демократ шоири Муқимий, Т., 1953;
- Зарифов Ҳ., Муҳаммад Амин Муқимий, Т., 1955;
- Каримов Ф., Муқимий. Ҳаёти ва ижоди, Т., 1970;
- Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. 3-китоб, Т.. 1975.
- Каримов Ғ. Муқимий ҳаёти ва ижоди. Т., 1970.
- Аҳмедов С. Ўзбек демократик адабиётида шеърий ҳикоя. Т., 2023
- Каримов Ф., Ўзбек адабиёти тарихи, 3китоб, Т., 1966, 1975, 1987.
- Асарлар тўплами 2-жлид, Т., 1960-1961; Асарлар, Т., 1974.
- Ўзбекфилм киностудияси
Манбалар
- ↑ „даракчи“ (2020-йил 20- август). 2024-йил 24-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 24-июн.
- ↑ „Муқимий ҳужра-музейи“. www.ёутубе.cом/Қуқон. Қаралди: 11-март 2024-йил.
- ↑ „“Муқимий” — миллий байрамга муносиб туҳфа!“. www.дарё.уз. Қаралди: 11-март 2024-йил.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
