Муқова — китоб, албом, журнал, дафтар ва шу кабиларни яхлит қилиб бириктириб турувчи устки қисм. Муқовада нашрнинг номи, муаллифлари ёзилади, турли безаклар ишланади. Муқова китоб блокини қай даражада ушлаб туришига қараб олд ва орқа, туб (коришок) томонларга ажралади. Муқованинг жузланган вараклар сарбандига бириктирилган қисми муқова сарбанди дейилади. Муқова томонлари картон ва бошқа хом ашёлардан тайёрланиб, сиртига чарм, қоғоз, мато ва бошқа сирилади; ичига қоғоз ёпиштирилиб китоб блокига бирлаштирилади. Муқовалар юпқа, қаттиқ (қалин), юмшоқ бўлиши мумкин. Юпқа муқова қоғоздан иборат бўлиб, уни тайёрлаш нисбатан осон ва арзон бўлганлиги учун, одатда оммавий китоблар, рисола, журналларда фойдаланилади. Қалин муқова мустаҳкам бўлиб (1—9 рақамли турларга эга), китоб ва нашрларни яхши сақланишини таъминлайди. Булардан 5 ва 7-рақамли муқовалар кенг ишлатилади. 5-рақамли муқовада томонлари (картон)га қоғоз сирилиб, муқова сарбандида алоҳида материал (мато) билан уланади; дарсликлар, сиёсий, илмий, адабий асарларда кўп қўлланади. 7-рақамли муқовада томонларига сирилган материал (чарм, лидерин ва бошқалар) муқов сарбанди билан яхлит туташиб кетади; энсиклопедиялар, йирик илмий ва бадиий асарлар нашрида қўлланади. Юмшоқ муқовада картон ўрнига қалин букилувчан қоғоз ишлатилади. Муқова яхши сақланиши учун жилд (суперобложка) кийгизилади.

Ўзбекистон ҳудудида қадимдан қўлёзма китоблар тайёрлаш ривожланган. Бу қўлёзма китоблар муқоваси асосан чарм, шунингдек, қоғоз, матодан тайёрланган. Муқовага ёзувлар битилмаган. Муқова марказига вертикал чизиқ бўйлаб йирик ва майда турунж (медалон)лар жойлашган, атрофи нафис ислимий нақшлар билан ҳошияланган. Китоб муқоваларини шу усулда безаш ХХ асргача давом этган (яна қаранг: Муқовасозлик)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил