Мусаллас — 1) енгил виноларнинг умумий номи; 2) винонинг хонаки тури. Янги пишган узумдан оқ (фақат шарбатни бижғитиш йўли билан), қизил (шарбат ва турпини бирга бижғитиш йўли билан) Мусалласлар тайёрланади. Таркибида 9— 12% спирт бўлади, соф (таркибида қанд йўқ) ва ярим ширин (2—8% қанд бор) хилларига бўлинади. Ўзбекистон ҳудудида қадимдан машҳур шароб, май номлари ҳам бор. Мусаллас тайёрлашнинг қадимги усуллари ҳозиргача сақланиб келади. Мусаллас алоҳида бир хил узум навидан ёки ҳар хил навларидан тайёрланади.

Пишиб етилган узум ювилмасдан шингили билан ғужумлари ажратиб олиниб, қўлда ёки махсус эзгичда эзилади ва хумга, ёғоч бочкага ёки сирли, зангламайдиган идишга солиб, иссиқ жойда 7—10 кун бижғитилади. Бижғитиш жараёни тез ўтиши учун унга ҳамиртуруш, эски вино ёки жийда — ачитқи солинади. Бижғитиш давомида узум тўпонлари (шингил бандлари, ғужум пўстлари) юқорига кўтарилади. Бижғиган узум суви сузиб олинади, қайнатиб етилиши давом эттирилади, оғзи зич ёпиладиган идишга солинади. Бу жараёнда пайдо бўладиган газлар чиқиб кетиши учун ингичка шлангнинг бир учини идиш ичига, иккинчи учини ташқаридаги сувли идишга солиб қўйилади. Қайнаш тугагач, у тиник, ҳолга келгунча тиндириб, кейин лойқалатмай кийик ўти қайнатмаси билан чайилиб, олтингугурт тутуни билан стерилланган (микроблардан тозаланган) идишга қуйилиб, оғзи ҳаво кирмайдиган қилиб, чақичлаб беркитилади ва салқин жойда сақланади. Шунингдек, М.ни сувда ивитиб, сўнгра эзилган майиздан ҳам тайёрлаш мумкин.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил