Мушкулкушод, Биби Мушкулкушод – ўзбек халқи ҳаётида узоқ даврлардан буён яшаб келадиган одатлардан бири. Бу одат ўзбек халқи орасида Биби Сешанба, Биби Фотима каби номлар билан ҳам машҳур.

Тарихий манбаларда

Бир неча тарихий манбаларда қайд этилишича, Биби сешанба келиб чиқиш моҳиятига кўра, маъбуда рамзи бўлиб, унинг илдизи Ўрта Осиё ва Ўрта Шарқда Ислом дини келгунига қадар кенг ёйилган маъбуда Анахита (Ноҳид)га бориб тақалади. Анахита деҳқончилик ва чорвачилик, ҳосилдорлик ва пишиқчилик маъбудаси ҳисобланиб, гўё унинг қудратига инсон ва ҳайвонлар, қушлар ва барча жониворлар ҳам бўйсунган, деб ҳисобланар эди. Шу тариқау Биби мушкул кушод, яъни кишини ҳар қандай мушкулдан халос этувчи Она образига айланган.

Бошқа бир манбада келтиришича, маросим кўпгина турк халқлари орасида кенг тарқалган. Туркистон ҳудудларида Биби Сешанба, Туркияда Пайшанба қари (Пейшенбе-кари) ёки Паршамба пари, Эронда Биби-ҳур ва Биби Нур, Афғонистонда Биби Рисинда, Биби Чархи, уйғурларда эса Сешамба Биби деб аталган.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Биби Сешанба (Сешанба она) маросими сешанба кунлари отинойи бошчилигида ўтказилади. Ўзбек ва тожик халқларида Биби Сешанба оилавий бахт, тикувчи ва йигирувчи аёллар ҳомийси рамзидир. Одатга кўра, маросим турмушга чиқмаган қизи бор хонадонларда аёллар томонидан ўтказилган. Бунда албатта умоч оши (хамир овқат), 7 та чалпак (ёғда пишириладиган юпқа нон), 7 та оби нон, суюқ ва қуюқ таомлар пиширилган. Шунингдек, 2 та шамдан ҳам фойдаланилган.

Маросимга қадар хонадоннинг тўрт бурчагига ликопчага ун солиб қўйилган. Баъзи ҳудудларда хамир райҳон солинган сувдан тайёрланган. Бу биринчидан, райҳон жаннат ўсимлиги деб ҳисоблангани билан, иккинчидан, таомга хушбўй ҳид бериши билан боғланган.

Маросимнинг асосий рамзларидан бири супра ҳисобланган. Супрада ун элаш билан боғлиқ турли одатлар бажарилган. Бундай маросимларда хонадон эркаклари иштирок этмайди. Иштирок этувчи аёллар сони чегараланмаган. Отинойга оқ рўмолча, ширинликлар, пул совға қилинган.[1]

Бид’ат

Биби Фотима Муҳаммад (с.а.в) нинг қизлари номи билан боғлиқлигига ишонилса-да, „Биби Мушкулкушод“ деган номли қисса Ислом динида йўқ нарса, мумкин эмас нарса деб ҳисобланади. Ислом динида мушкулни кушод қилувчи яъники, банданинг бошига тушган оғирликни енгил қилувчи, мушкул ишларни кушойиш айловчи зот Аллоҳ таолонинг ўзи ҳисобланади.[2]

Биби Мушкулкушод ва Биби Сешанбалар эса мусулмон хотин-қизлар тасаввурида кишиларнинг мушкулини осон қиладиган авлиё хотинлар саналган. Қадимдан отинойилар, „кўзи очиқ“ аёллар мушкулкушод маросимини ўтказганлар. Бошига мушкул тушган аёл (оилада бирор фалокат, беморлик бўлса) маҳалланинг отинойисига иккита иссиқ нон, икки ҳовуч қора майиз, иккита пилта (пахта) чироқ, бир танга келтириб шу оила ҳимоясига Биби Мушкулкушоддан мадад сўраб тиловат ўқиттирилган. Бу маросим ҳар чоршанба куни ўтказилган. Чунки афсонага кўра, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг холалари ўроғини йўқотган ўтинчига ёрдам бериб ҳар чоршанба кунлари бу илоҳий аёлни эслаб, ис-чироқ қилиши лозимлигини тайинлаган. Шундан буён Биби Мушкулкушод руҳига бағишланган маросим фақат Чоршанба кунлари ўтказилиб келинган[3].

Биби Сешанба эса оила бахтининг ҳимоячиси саналган. Биби Сешанба маросими ҳам аёлларнинг диний урф-одати бўлиб, сешанба кунлари ўтказилган. Қур’оннинг маълум суралари ёдланиб, амр-у маъруф, диний қонун қоидалар, ҳадислар ўқилган эслатилган. Биби Сешанба одатида Мушкулкушодга нисбатан кўпчиликни ташкил этган. Биби Сешанбаларда пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Биби Фотима ҳаётидан турли ривоят-у ҳикоятлар, ибратли воқеа-ҳодисалар ҳикоя қилиб берилган. Шундай ривоятларнинг бирида айтилишича, Биби Фотима шунчалик меҳрибон, саховатли ва кўнгилчан бўлган эканларки, ҳатто супра ёйиб, нон қилишга ўтирганларида то хамир қориб нон ёпгунларича супрани турли қушлар, кабутарлар ўраб олиб, унни чўқишиб, истеъмол қилишаркан. Биби Фотима уларнинг бу ёқимли машғулотига халақит бермас эканлар. Бир гал тағин шу машғулот билан овора бўлганларида оталари Муҳаммад алайҳиссалом шошилтириб умматлари учун тезроқ нон ёпишларини талаб қилиб қолибдилар. Биби Фотима қуш-у кабутарларни супра устидан нечоғлик ҳайдамасинлар, улар нари силжишмасмиш. Шунда Биби Фотима қўлларидаги хамир чакичи билан бир қушнинг кўкрагига секин туртибдилар. Бу Биби Фотиманинг севимли паррандалари – беозор мусича бўлиб, шундан бу қушнинг кўкрагида чакич ўрни бир тўп хол бўлиб қолган экан… Шу сабабдан бўлса керак, баъзи жойларда мусичани Биби Фотима деб ҳам аташади. Биби Мушкулкушод, Биби Сешанба одатлари аёллар диний маросими сифатида хайр-садақа, худойи одатларига яқин бўлиб, ислом дини ақидаларидан бири сифатида яшаб келаётир[4].

Манбалар

  1. ↑ „“Биби сешанба” ва “Мушкулкушод” Исломда борми?“.
  2. ↑ ҳттпс://ислом.уз/мақола/4117
  3. ↑ Маҳмуд, Саттор. О'збек удумлари. Тошкент: "Адолат", 2004 — 177-178-бет. 
  4. ↑ Маҳмуд, Саттор. О'збек удумлари. Тошкент: "Адолат", 2004 — 179-бет.