Musulmon birodarlar
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
"Мусулмон биродарлар" ("Ал Ихвон ал муслимун") (Араб: جماعة الإخوان المسلمين Жамāʿат ал-Икҳwāн ал-Муслимīн) — диний-сиёсий ташкилот. 1928-йил Мисрнинг Исмоилия шаҳрида тузилган. Асосчиси — Шайх Ҳасан ал Банно (1906—1949). Унинг сиёсий қарашлари Муҳаммад ал Ғазолий, Муҳаммад Абду, Жамолиддин ал Афғоний, Рашид Ризо каби панисломий модернистларнинг таъсирида шаклланган. У исломнинг суннийлик оқими таълимотидан четга чиқмаган ҳолда "жиҳод", "исломий миллиятчилик", "исломий давлат" консепсияларини ишлаб чиқди. Саййид Қутб, Мустафо ас Сибои ташкилотнинг таниқли мафкурачилари бўлган. Саййид Қутбнинг "Исломда ижтимоий адолат" асари уюшма таълимотининг шаклланишига катта таъсир кўрсатди. Ташкилотнинг мақсади мусулмон ўлкаларда "исломий адолат" тамойилларига асосланган жамият барпо этишдан иборат. Бунга эса "исломий тараққиёт йўли" билангина эришиш мумкин. "Мусулмон биродарлар" мафкурасининг ғоявий асосини "ислом фақатгина диний эътиқод бўлмасдан, балки мукаммал дунёқараш ҳамда ижтимоий тузумдир", деган ақида ташкил этади. "Мусулмон биродарлар" мураккаб тузилмали, ҳарбийлашган бўлимларни ўз ичига олган. Мисрдан бошқа мамлакатлар (Сурия ва Ливан)да ҳам бўлимлари бор. Унинг фаолияти кенг ижтимоий қатламларни қамраб олган бўлсада, ташкилот аъзолари талаба-ёшларни ўзларининг асосий зарбдор кучи деб ҳисоблаганлар. "Мусулмон биродарлар" хайр-эҳсон қилиш ва маърифатчилик фаолиятидан (1928—36) то сиёсий ҳаётда террор методини кенг қўллашда фаол иштирок этишгача бўлган мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтди. 1930-йилларнинг ўрталаридан халифалик шаклидаги "исломий давлат" қуриш ғояси тарғиботига зўр бера бошлади. Ҳасан ал Банно вафотидан сўнг "Мусулмон биродарлар" фаолияти янада сиёсийлашиб борди. Натижада у 3 йўналишга бўлиниб кетди: "мўтадил биродарлар" (асосан, Ҳасан ал Банно ва Саййид Қутб издошлари); "исломий демократлар" "исломий социализм" таълимотининг турли кöринишлари тарафдорлари; ҳарбийлашган экстремистик исломий ташкилотлар ("Катоиб Муҳаммад", "Жунуд Аллоҳ", "Ат такфир вал ҳижра", "Ат таҳрир ал исломий"). "Хизбут таҳрир ал исломий" диний сиёсий партияси ҳам шулар жумласига киради. "Мусулмон биродарлар" уюшмаси бўлиниши туфайли ягона ташкилот сифатини йўқотди ва 1950-йиллардан "Мусулмон биродарлар" ҳаракати ("ал Ихвонийя") деб юритила бошлади. Шу даврдан бошлаб "Мусулмон биродарлар" ҳаракати экстремистик фаолияти учун фақат Мисрда эмас, балки бошқа давлатларда ҳам ғайриқонуний деб эълон қилиниб ман этилган. "Мусулмон биродарлар" ҳаракати Миср, Сурия, Иордания ва Ливанда фаолият кўрсатиб, бу мамлакатлардаги сиёсий жараёнларга катта салбий таъсир қилмоқда. "Мусулмон биродарлар"нинг биринчи журнали "Ал ихвон ал муслимун" 1933-йилдан чиқа бошлаган. 1980-йиллардан бошлаб "Ад даъва" ("Даъват") журнали "Мусулмон биродарлар"нинг асосий нашридир.
Адабиёт
- Милославская Т. П., Деятелност "Братев-мусулман" в странах Востока, М., 1982; Коровиков Ф. В., Исламский экстремизм в арабских странах, М., 1990; Борисов А. Б., Рол ислама во внутренней и внешней политике Египта. ХХ век, М., 1991; Ҳусниддинов 3., Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар, Т., 2000.
Зоҳидилло Мунавваров.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |