Россия харитасидаги автоном вилоят

Мухтор вилоят ёки Автоном вилоят – СССР ва айтим бошқа давлатларда (масалан, Ғарбий Босния мухтор вилояти, Кри мухтор вилояти) давлат автономияси шакли, маъмурий-ҳудудий тузилма.

Ҳозирги кунда собиқ совет иттифоқи давлатларидан Россияда (Яҳудийлар мухтор вилояти) ва Тожикистонда (Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти) мухтор вилоятлар бор.

Тарихи

Октябр инқилобидан кейин РСФСР (кейинроқ СССРда ҳам) ҳудудида, асосан, рус бўлмаган (иттифоқ республикаларида – асосан титул миллат бўлмаган) аҳоли яшайдиган жойларда мухтор вилоятлар пайдо бўла бошлади. Аввалига мухтор вилоят губерния, вилоят, республика (АССР) билан бир қаторда мустақил субект бўлган, кейинроқ эса улар губерниялар билан бирлаштирилиб, ўлкаларни ташкил қилган. Кейинчалик аксарият мухтор вилоятлар мухтор республикалар шаклида қайта ташкил қилинди, 1936-йил декабридан яна алоҳида тузилмага айлантирилди.

Хронологик тартибда РСФСР ҳудудида қуйидаги мухтор вилоятлар ташкил қилинган:

  • Волгабўйи немислари мухтор вилояти (1918), 1923-йилдан – Волгабўйи немислари АССР;
  • Воцкая МВ (1920), 1932-йилдан – Удмурт МВ, 1936-йил декабрдан – Удмурт АССР;
  • Қалмоқ МВ (1920, 1957), 1935-йилдан – Қалмоқ АССР (1943-йилда тугатилган), 1958-йилдан – Қалмоқ АССР;
  • Карелия меҳнат коммунаси (1920), 1923-йилдан – Карелия АССР;
  • Марий МВ (1920), 1936-йил декабрдан – Марий АССР;
  • Чуваш МВ (1920), 1925-йилдан – Чуваш АССР;
  • Бурят-Монгол МВ (1921), 1923-йилда Монгол-Бурят МВ билан бирлаштирилиб, Бурят-Монгол АССР ташкил қилинган;
  • Кабардин МВ (1921), 1922-йилда Болқор округи билан бирлаштирилиб, Кабардин-Болқор МВ ташкил қилинган;
  • Коми (Зирян) МВ (1921), 1936-йил декабрдан – Коми АССР;
  • Монгол-Бурят МВ (1921), 1923-йилда Бурят-Монгол МВ билан бирлаштирилиб, Бурят-Монгол АССР ташкил қилинган;
  • Адигей (Черкас) МВ (1922), биринчи ойда Черкас (Адигей) МВ деб аталган, 1928-йилда Адигей МВ деб қайта номланди (1990-йилдан бошлаб Краснодар ўлкаси таркибида)
  • Кабардин-Болқор МВ (1922), 1936-йил декабрдан – Кабардин-Болқор АССР
  • Қорачой-Черкас МВ (1922), 1926-йилда Қорачой автоном вилояти ва Черкас миллий округига (1928-йилдан Черкас МВ) бўлинади, 1943-йилда Қорачой МВ тугатилади, 1957-йилда Черкас МВга собиқ Қорачой МВ ҳудудлари қўшилади ва Қорачой-Черкас МВ деб қайта номланади (1990-йилдан – Ставропол ўлкаси таркибида)
  • Ойрат МВ (1922), 1932-йилдан Ойрот МВ, 1948-йилдан Тоғли-Олтой автоном вилояти (1990-йилдан – Олтой ўлкаси таркибида)
  • Чечен МВ (1922), 1934-йилда Ингуш МВ билан бирлаштирилиб, Чечен-Ингуш МВ ташкил қилинган;
  • Ингуш МВ (1924), 1934-йилда Чечен МВ билан бирлаштирилиб, Чечен-Ингуш МВ ташкил қилинган;
  • Қорақирғиз МВ, 1925-йилдан Қирғиз МВ, 1926-йилдан Қирғизистон АССР, 1936-йил декабрдан Қирғизистон ССР;
  • Шимолий Осетин МВ (1924), 1936-йил декабрдан – Шимолий Осетия АССР;
  • Қорақалпоқ автоном вилояти (1925), 1930-йилга қадар Қозоғистон АССР таркибида, 1932-йилдан Қорақалпоғистон АССР шаклида РСФСР таркибида, 1936-йил декабрдан – Қорақалпоғистон АССР ЎзССР таркибида;
  • Мордва МВ (1930), 1934-йил декабрдан – Мордва АССР;
  • Хакас МВ (1930) (1990-йилдан Красноярск ўлкаси таркибида);
  • Яҳудийлар МВ (1934) (1990-йилдан Хабаровск ўлкаси таркибида);
  • Чечен-Ингуш МВ (1934), 1936-йил декабрдан – Чечен-Ингуш АССР;
  • Тува МВ (1944, қўшиб олинган ҳудудда), 1961-йил окябрдан – Тува АССР.

Бир қатор иттифоқдош республикаларда ҳам мухтор вилоятлар ташкил қилинади. Масалан, Грузия ССРда Жанубий Осетин (1922), Озарбайжон ССРда Тоғли-Қорабоғ (1923), ЎзССР таркибидаги Тожикистон АССРда Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятлари(1925).

1990-йил ҳолатида СССР таркибида саккизта мухтор вилоят бор эди: бештаси РСФСР ўлкалари таркибида ва учтаси иттифоқдош республикаларда.

1990-йил 15-декабрда РСФСР мухтор вилоятлари ўлкалар таркибидан чиқарилиб, мустақил субектларга айлантирилди, 1992-йил 21-апрелда республика мақомини олди (Яҳудийлар МВдан ташқари)[1].

Собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидан фақатгина Тожикистон таркибида Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти сақланиб қолган.

Грузия ва Озарбайжонда мухтор вилоятлар тугатилган. Воқеаларнинг бундай ривожи собиқ мухтор вилоятлар аҳолисининг норозилигига сабаб бўлди, натижада қуролли тўқнашувлар келиб чиқди ва ерларнинг бир қисми устидан назоратни йўқотди. Собиқ мухтор вилоятлар ҳудудларида амалда мустақил тан олинмаган давлатлар – Жанубий Осетия ва Тоғли Қорабоғ Республикаси тузилди. Тоғли Қорабоғ Республикаси 2023-йил сентябрда тугатилди[2].

Совет Иттифоқидаги мухтор вилоятлар рўйхати

Мухтор вилоят Ташкил этилган сана Тугатилган сана Маъмурий маркази Иттифоқдош республика Титул миллат Изоҳ
Волгабўйи немислари МВ 19.10.1918 19.12.1923 Покровск РСФСР немислар Ҳозирги Саратов вилояти
Удмурт МВ (01.01.1932 гача – Воцкая) 04.11.1920 28.12.1934 Ижевск[3] РСФСР удмуртлар (вотяклар) Ҳозирги Удмуртия
Марий МВ 04.11.1920 05.12.1936 Ёшкар-ола РСФСР марийлар Марий АССР (1936—1993), Ҳозирги Марий Эл Республикаси
Бурят-Монгол МВ 27.04.1921 30.05.1923 Чита РСФСР бурятлар Ҳозирги Бурятия
Монгол-Бурят МВ 09.01.1922 30.05.1923 Иркуцк РСФСР бурятлар Ҳозирги Бурятия
Кабардин МВ 01.07.1921 16.01.1922 Налчик РСФСР кабардинлар Ҳозирги Кабарда-Болқория
Қалмоқ МВ 1921 1958 1928-йилгача Астрахан, Элиста РСФСР қалмоқлар Ҳозирги Қалмоғистон
Коми (Зирян) МВ 1921 1936 Сиктивкар[4] РСФСР комилар Ҳозирги Коми
Қорачой-Черкас МВ 12.01.1922 16.05.1992 Черкесск РСФСР қорачойлар, черкаслар Ҳозирги Қорачой-Черкасия
Жанубий Осетин МВ 20.04.1922 Схинвали Грузия ССР осетинлар Ҳозирги Жанубий Осетия (баҳсли)
Тоғли-Олтой (1932-йилгача Ойрат МВ, 1948-йилгача Ойрот МВ) 01.06.1922 16.05.1992 Горно-алтайск РСФСР олтойлар Ҳозирги Олтой Республикаси
Адигей МВ (24.08.1922 гача – Черкас (Адигей) МВ, 13.08.1928 гача – Адигей (Черкас) МВ 27.07.1922 16.05.1992 Майкоп[5] РСФСР черкаслар Ҳозирги Адигея
Тоғли Қорабоғ МВ 05.07.1923 26.11.1991 Хонканди Озарбайжон ССР арманлар Ҳозир Озарбайжоннинг Қорабоғ иқтисодий раёни таркибида
Шимолий Осетин МВ 07.07.1924 05.12.1936 Владикавказ РСФСР осетинлар Ҳозирги Шимолий Осетия Алания
Ингуш МВ 07.11.1924 15.01.1934 Владикавказ РСФСР ингушлар Ҳозирги Ингушия
Тоғли-Бадахшон МВ 02.01.1925 ҳозирга қадар Хоруғ Тожикистон ССР[6] Помир халқлари Ҳозир ҳам мавжуд
Қорақалпоқ МВ 16.02.1925 20.03.1932 Тўрткўл РСФСР қорақалпоқлар Ҳозирги Қорақалпоғистон
Мордва МВ 10.01.1930 20.12.1934 Саранск РСФСР мордвалар Ҳозирги Мордовия
Хакас 20.10.1930 16.05.1992 Абакан РСФСР хакаслар Ҳозирги Хакасия
Яҳудийлар МВ 07.05.1934 ҳозирга қадар Биробижан РСФСР яҳудийлар Ҳозир ҳам мавжуд
Тува МВ 11.10.1944 10.10.1961 Қизил РСФСР тивалар Ҳозирги Тива

Яна қаранг

Россия вилоятлари

Адабиётлар

Манбалар

  1. ↑ Закон России № 2708-И, от 21 апреля 1992 года.
  2. ↑ „“Озарбайжон суверенитети тикланди”: Алиев Тоғли Қорабоғдаги операция бўйича мурожаат қилди“. Дарё.уз. Дарё.уз (2023-йил 20-сентябр). Қаралди: 15-декабр 2023-йил.
  3. ↑ 1921-йил январдан июнгача – Глазов
  4. ↑ 1930-йилгача УстСисолск деб аталган
  5. ↑ 1936-йил 10-апрелгача – Краснодар, мухтор вилоят таркибига киритилмаган Краснодар пойтахт вазифасини бажаради
  6. ↑ 1929-йил 16-октябрга қадар ЎзССР таркибидаги Тожикистон АССР