Muxtoriyat
Мухторият – конституциявий ҳуқуқда бирон бир ҳудуднинг унга конституция йўл қўйган чегараларида давлат ҳокимиятини мустақил амалга ошириш ҳуқуқи. М. марказлашган тизимдан марказлашмаган тизимга ўтишнинг муайян даражасини билдиради, аммо бу – федератив давлатдагига нисбатан камроқ даражада бўлади. ХХ аср бошларида Туркистон жадидлари М. ҳаракатига мустақил давлат тузиш йўлидаги алоҳида босқич сифатида қараганлар ва бу йўлда курашганлар (қаранг Туркистон мухторияти). Россияда болшевиклар ҳокимият тепасига келгач, дастлаб Туркистон Автоном (Мухтор) Совет Республикасини ташкил қилишди (1918-йил, 30-апрел.). Ўзбекистон ССР тузилгач, унинг таркибида Қорақалпоғистон АССР (1936-йил 5-декабрдан) бўлган.
М. кенг маънода – бирон бир илмий муассаса (масалан, университет), турли ташкилотларнинг муайян масалаларни ўз ҳолича, мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи.[1]
Мухторият – умуман олганда, кимнингдир ихтиёрига топширилган масалаларни унинг ўзи мустақил равишда ҳал этиш ҳуқуқи. Конституциявий ҳуқуқда Мухторият тушунчаси бир нечта маънода қўлланади: а) давлат ёки вилоят мухторияти деб номланадиган миллий-давлатчилик тузилиши шаклини белгилаш учун. Бунда муайян миллий таркибдаги аҳоли зич жойлашган, алоҳида хўжалик ва турмуш хусусиятларига эга бўлган ҳудуд – мухтор давлат (республика) ёки автоном миллий-давлат тузилмаси (вилояти, округи) деб эълон қилинади; б) муайян миллатга мансуб фуқаролар гуруҳининг ўз миллий, маънавий, маданий ва бошқа манфаатларини амалга ошириш учун бирга ҳаракат этиш имкониятларини ифодалаш учун; в) у ёки бу конституциявий-ҳуқуқий муносабатларининг иштирокчиси ўзининг ваколатларини амалга оширишда эркинликка эгалигига алоҳида урғу бериш учун. Махсус адабиётлар ва рўзномаларда „вилоят ўз ишларида тўлиқ автоном“, „мансабдор шахс ўз ваколатларини амалга оширишда катта автономия олди“ каби ибораларни учратиш мумкин. Бу ерда „мухторият“ атамаси кўпроқ конституциявий-ҳуқуқий мазмунда эмас, балки умумий тушунча сифатида ишлатилади ва тегишлича давлатнинг, давлат тузилмасининг, маъмурий-ҳудудий бирликнинг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органининг, жамоат бирлашмасининг, мансабдор шахснинг эрки ўзидалигини ифодалайди.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |