Мухторжон Турдиалиевич Абдуллаев (1928-йил 30-декабр, Қўқон, СССР — 2002-йил 25-май, Бухоро, Ўзбекистон) — совет ва ўзбек диний, илмий ва жамоат арбоби. 1993—1997-йилларда Ўзбекистон Олий муфтийси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари. Бухородаги Мир Араб мадрасасининг узоқ йиллик мудири.

Мухторжон Турдиалиевич Абдуллаев
 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси
Мансаб даври
1993-йилдан – 1997-йилгача
Ўтмишдоши Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Вориси Абдурашид Баҳромов
 Моворуннаҳр мусулмонлари идораси раҳбари (Ўзбекистон)
Мансаб даври
1993-йил – 1997-йил
Ўтмишдоши Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Вориси Шайх Абдурашид қори Бахромов
Шахсий маълумотлари
Таваллуди
Мухторжон Турдиалиэвич Абдуллаэв

30-декабр 1928-йил
Қўқон
Вафоти 25-май 2002-йил(2002-05-25)
(73 ёшда)
Бухоро
Илмий унвони Ислом теологияси

Биографияси

Мухторжон Абдуллаев 1928-йилда Қўқон шаҳрининг Азриктепа маҳалласида таваллуд топган[1][2][3]. Унинг отаси Турдиали қори Қўқон мадрасаларидан бирида таниқли ислом домлаларидан таълим олган машҳур илоҳиёт олими, шунингдек, Худоёрхон даврида шайх ул-ислом унвонини олган Абдуллоҳжон домланинг ўғли бўлган.

Оиласи

СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан Фарғона водийсида мусулмон диндорларга ва совет ҳокимияти мухолифларига тинимсиз таъқиб қилинаётган бир даврда Турдиали қори оиласи хавфсизлигини ўйлаб ўзи яшаб турган ҳудуддан қочишга ҳаракат қилади. 1935-йилда Турдиали қори ўзига таниш бўлган илоҳиёт олимларининг таклифига кўра, оиласи билан бошқа бир тинчроқ шаҳар — Самарқандга яширинча қочиб кетади ва бу иши учун қидирувга берилган шахслар рўйхатига тушади. Оила икки йил давомида Самарқандда яшайди. Кунларнинг бирида Турдиали қори оиласи билан истиқомат қиладиган маҳаллада бир киши вафот этади, қори эса имом сифатида марҳумнинг яқинлари билан бирга жаноза намозини ўқишга қарор қилади. Маҳаллада жаноза намозини ўқиш қатъиян ман этилган бир пайтда Турдиали қори ҳақида ҳукумат вакилларига зудлик билан хабар беришади ва уни ҳибсга олишади. Ҳибсда ушланган даврида бир муддат Қўқонда фаолият олиб борган Самарқанд Ички ишлар комиссарлиги ходимларидан бири Турдиали қорини танийди, уни ҳурмат қилганлиги боис яширинча ҳибсдан озод қилади ва унга боғлиқ ишни босди-босди қилиб юборади. Шундан сўнг, унинг оиласи (шу жумладан, Мухторжон Абдуллаев ҳам) Туркманистон ССРга Афғонистон Қироллиги ёки Паҳлавийлар давлати орқали кетиш мақсадида Бухорога қочиб кетишади. Бу вақтга келиб, СССРнинг жанубий чегаралари совет аскарлари томонидан қаттиқ қўриқланарди, бунинг натижасида Турдиали қори мамлакатдан қочиш ҳақидаги фикридан қайтишга мажбур бўлади ва Бухорода қолиб, бошқа оддий кишилардан ажралиб турмаслик мақсадида совун заводига ишга жойлашади[4][5][6].

Таълими

Мухторжон Абдуллаев Бухоро шаҳридаги 6-сонли ўрта мактабни тугатганидан сўнг, ўз отасидан ва бошқа домлаларидан исломий таълим олган. Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида 4 йил таҳсил олгач, ўз иқтидори билан Тошкентдаги Бароқхон мадрасасига ўқишга кирган ва Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохондан[1][2][3] таълим олган.

Меҳнат фаолияти

Мухторжон Абдуллаев меҳнат фаолиятини Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида бошлайди. Орадан бироз вақт ўтиб, Бухородаги Мир Араб мадрасасига мудир этиб тайинланади. Кейинчалик Суриядаги Дамашқ университетининг шариат факултетига 3 йиллик ўқишга юборилади. Сурияда Абдуллаев араб тилини янада яхшилашга эришади. Суриядан қайтгач, Мир Араб мадрасасида мудирлик ва бир вақтнинг ўзида мударрислик фаолиятини давом эттиради. Шунингдек, Мухторжон Абдуллаев раҳбарлик қилган даврда Мир Араб мадрасасининг нуфузи янада ортиб, мадраса фаолиятига янгилик ва такомиллаштириш ишлари киритилади. Совет ҳокимияти ўрнатилгандан бери тақиқланган Рамазон ойида таровеҳ намози ва жамоавий ифторликларни биринчи бўлиб Бухоронинг ўша пайтда фаолият кўрсатган саноқли масжидларида қайта тиклайди. Мир Араб мадрасасидаги расмий фаолияти билан бир қаторда, ўз уйида ҳам ёшларга билимларини ошириш бўйича бир қача сабоқлар беради[7][8][9].

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари ва Ўзбекистон Олий муфтийси лавозимидан ҳокимият босими туфайли истеъфога чиқарилганидан сўнг, унинг ўрнига Мухторжон Абдуллаев Мусулмонлар идораси раиси этиб сайланади.

1997-йилда эса муфтийликдан олинади ва Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига қарашли масжидга қайтиб, то вафотигача шу ерда имом-хатиб бўлиб ишлайди. 1991-йилга қадар Шайх Мухторжон Абдуллаев доимий равишда Мир Араб мадрасасига раҳбарлик қилиб, СССР да ўта нуфузли ва машҳур илоҳиёт олими, шариат, фиқҳ, тафсир, калом, ҳадис, араб ва форс тиллари бўйича мутахассисга айланади ва суннийлик, ҳанафийлик мазҳаби тарафдорларидан бири сифатида сўфийлик тариқати, нақшбандияни қўллаб-қувватлайди.

1993-йилда Бухоро ва Тошкентда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллигига бағишланган халқаро анжуманлар ташкил этиб, нақшбандия тариқатининг тикланишига ҳам катта ҳисса қўшади[10][11][12].

Мухторжон абдуллаев ўзбек тилидан ташқари араб, форс, тожик, рус, озарбайжон, қрим-татар, татар, бошқирд, туркман тилларини ҳам яхши билган.

Мухторжон Абдуллаев 2002-йилнинг 25-майида 74 ёшида вафот этади. Қабри Бухородаги Ҳазрати Имом қабристонида.

Миср президенти Ҳусний Муборак билан

Ушбу воқеа 1994-йилда бўлиб ўтган. Шайх Мухторжон Абдуллаев Ўзбекистон Олий муфтийси ва Мусулмонлар идораси раҳбари сифатида Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикаси Президенти Ҳусний Муборак ҳузуридаги расмий делегацияси таркибида бўлади. Ҳусний Муборак саройида Ўзбекистон делегацияси шарафига ташкил этилган тантанали кечки овқатдан сўнг, барча иштирокчилар ўз ишлари билан шуғулланишади, Шайх Мухторжон Абдуллаев Ўзбекистон делегациясининг айрим аъзолари ва Миср расмийлари билан бирга сарой ҳовлисини айланиб чиқади. Унинг хотираларига кўра, ўша пайтда президент Ҳусний Муборак машинада шайхнинг олдига келади ва унга қуйидаги сўзларни айтади: „Ҳурматли шайх, тинчланинг ва хижолат бўлманг, сиз менинг азиз меҳмонимсиз. Сизни оилам билан таништираман, чунки уйимга муқаддас Бухоронинг атоқли фарзандини олиб келдим. Юртингизда (Қирғизистоннинг ҳозирги Бишкек шаҳридаги Фрунзе номидаги олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти назарда тутилади) ўқиб юрган кезларим Андижон, Тошкент, Бухоро, Самарқанд шаҳарларида бўлганман ва динимиз ривожланишига муносиб ҳисса қўшган юртингизни жуда ҳурмат қиламан. Мен сизнинг ҳудудингиздан кўплаб буюк уламолар чиққанини ҳам жуда яхши биламан“. Унинг хотираларига кўра, Миср президенти ёшлигида Ўзбекистонда бўлганини ҳаяжон ва меҳр билан эслайди ва президент билан кечган суҳбат жуда узоқ давом этганини, натижада меҳмонхоналарга жойлашган бошқа делегация вакилларидан фарқли равишда Мухторжон Абдуллаев Миср президентининг уйида тунаб қолади. Сўнгра Миср Президенти сўзларида давом этди: „Ҳурматли муфтий жаноблари, сиздан катта илтимос ва таклифим бор. Худо хоҳласа, президентингиз билан биргаликда муқаддас Бухорода Имом ал-Бухорий номини олган Халқаро ислом университетини тезроқ очмоқчиман. Бу мен ва буюк Миср халқининг азиз ва муҳтарам Ўзбекистон халқига ва муқаддас Бухоро шаҳрига, энг муҳими, буюк Ал-Бухорий хотираси учун қилинган ишлар учун чексиз миннатдорчилик белгиси сифатида туҳфа бўлар эди. Бу имконият Ўзбекистонга яна ислом сивилизацияси марказларидан бирига айланиш ҳуқуқини беради. Нафақат, Ўзбекистондан, балки бутун ислом оламидан 10—15 минг ёки ундан ҳам кўпроқ ёшлар ушбу университетда ўқишини истайман. Бу университет атрофида катта исломий тадқиқот маркази ҳам қурилиб, вақти келиб ушбу институт нуфузи бўйича бизнинг Ал-Азҳар университети билан рақобатлаша олади. Кўриб турганингиздек, ҳозир ислом оламида „Ал-Азҳар“га муносиб рақиб йўқ. Шунинг учун ҳам Ал-Азҳар олимлари ва ўқитувчилари, уларнинг шогирдлари Ал-Азҳарни ислом оламидаги энг яхши ўқув маскани бири деб билишади. Мен эса уларнинг бундай кибрга берилишларини ва ғурурланишларини ёқтирмайман. Дарҳақиқат, ҳозир бизникидан нуфузлироқ исломий таълим муассасаси йўқ, аммо „Ал-Азҳар“га яхши маънода муносиб рақиб бўла оладиган таълим даргоҳи бунёд этилишини ва бундай муассаса айнан менинг севимли ва муқаддас шаҳарларимдан бўлган Бухорода очилишини жуда истайман. Мамлакатингиз буларнинг барчаси учун улкан салоҳиятга эга". Эртаси куни эрталаб Ҳусний Муборак хайрлашаётганда: „Сиздан илтимос қиламан, суҳбатимиз ҳақида президентингизга айтинг. Бу мен учун жуда муҳим. Мен шахсан ўзимнинг ҳисобимдан 45 миллион доллар ажратишга тайёрман, бу масалага ўз давлатим ва қўшни давлатлардаги ҳамкорларимни ҳам жалб этишга ҳаракат қиламан“. Мухторжон Абдуллаевнинг сўзларига кўра, хайрлашув чоғида у президент Ҳусний Муборак ва унинг оила аъзоларини дуо қилиб, уларга миннатдорчилик билдирган ва уни ана шундай таълим муассасасини ташкил этишда фаол иштирок этишига ишонтирган[13][14].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 У. Алимов, Б. Бобожонов. Ўзбекистон уламолари. Тошкент: «Мовароуннаҳр», 2015. ИСБН 978-9943-12-324-3. 
  2. ↑ 2,0 2,1 А. Иноятов, М. Солиева. Зулматдаги зиёкорлар. Тошкент: «Ҳилол-нашр», 2016. ИСБН 978-9943-4632-1-9. 
  3. ↑ 3,0 3,1 „Ўзбекистон муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти“ (уз). узерк.орг. Қаралди: 2022-йил 14-июн.
  4. ↑ Ўзбекистон уламолари. 
  5. ↑ Зулматдаги зиёкорлар. 
  6. ↑ „Ўзбекистон муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти“ (уз). узерк.орг. Қаралди: 2022-йил 14-июн.
  7. ↑ Ўзбекистон уламолари. 
  8. ↑ Зулматдаги зиёкорлар. 
  9. ↑ „Ўзбекистон муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти“ (уз). узерк.орг. Қаралди: 2022-йил 14-июн.
  10. ↑ Ўзбекистон уламолари. 
  11. ↑ Зулматдаги зиёкорлар. 
  12. ↑ „Ўзбекистон муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти“ (уз). узерк.орг. Қаралди: 2022-йил 14-июн.
  13. ↑ „Ўзбекистон муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти“ (уз). узерк.орг. Қаралди: 2022-йил 14-июн.
  14. ↑ „Ўзбекистон муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти“ (уз). узерк.орг. Қаралди: 2022-йил 14-июн.