Muz

Муз кристалл қаттиқ ҳолатдаги сувдир. Таркибидаги ҳаво миқдорига қараб қараб шаффоф ёки оқиш-кўкиш бўлиши мумкин. Нормал атмосфера босимида суюқ сув муз фазасига 0 °C (273.15 °К, 32 °Ф) ҳароратда ўтади. Баъзан сув газ ҳолатдан тўғридан-тўғри музга айланиши мумкин (қиров).
Муз — қаттиқ ҳолатдаги сув. Муз асли шаффоф, рангсиз, фақат катта хажмдагиси мовийроқ рангда. Қор ва қиров ҳам аслида муздан иборат. Эриш температураси — 0°. Музнинг 0°даги зичлиги 0,9168 г/см³, яъни сувникидан камроқ, шунинг учун сувда чўкмайди. Музнинг молекуляр тузилиши бўшлиқларни вужудга келтиради ва шу туфайли унинг зичлиги кам. 0° даги музнинг эриш иссиклиги 79,4 кал/г, сублимация иссиклиги (қаттиқ ҳолатдан тўғридан-тўғри буғга айланиши) 677 кал/г, иссиклик сиғими 0,487 кал/г. Тоза муз электр ўтказмайди. Муз пластик масса, температура пасайган сари пла-стиклиги камаяди. Юқори босим таъсирида (2000 атм дан бошлаб) музнинг янги крисгалли хиллари вужудга келади. Табиатдаги муз сувга нисбатан анча тоза бўлади, чунки музда моддалар (1МН4Ғдан ташқари) жуда ёмон эрийди. Муз таркибида механик аралашмалар — қаттиқ зарралар, консентрациялашган эритмаларнинг томчилари, газ пуфакчалари бўлиши мумкин. Туз кристаллчалари ва намакоб томчилари туфайли денгиз музи шўрроқ бўлади. Ер шарида музнинг умумий захираси 30 млн. км³ чамасида. Қуёш системасидаги сайёралар ва кометаларда ҳам муз борлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. Ер шаридаги музнинг аксари қисми қутбий ўлкаларда, асосан, Антарктидада тўпланган (бу ерда музнинг қалинлиги 4 км га етади). Ўрта Осиё тоғларининг денгиз сатҳидан 3000 метрдан баланд жойларида музликлар бор. Текисликларда эса қиш совуқ келган пайтларда дарё ва бошқа сув ҳавзаларида пайдо бўлади. Ана шундай пайтларда, мас, Сирдарё қуйилиш жойидан бошлаб 2000 км масофада муз билан қопланади.
Музнинг баъзи хоссалари бошқа моддалар хоссаларидан кескин фарқ қилади: бу эса табиат жараёнларида муҳим рол ўйнайди. Муз сувга нисбатан енгил бўлганидан сув юзидаги музлар дарёларни ва бошқа сув ҳавзаларини тубигача музлаб қолишдан сақлайди. Муз (0,45) ва хусусан қорнинг (0,95) ёруғликни қайтариш хоссаси катта бўлганидан муз ва қор билан қопланган ҳудуд (ҳар иккала ярим шардаги юқори ва ўрта кенгликларда йилига ўрта ҳисобда 72 млн. км² майдонни муз ва қор қоплаб ётади) қуёшдан меъёрдагидан 65% кам иссиқлик олади ва ер шари юзасини совитиб турадиган кучли манба ҳисобланади: ҳозирги иқлим зоналари кўп жиҳатдан ана шу манбага боғлиқ.
Атмосфера, сув ичи ва устидаги, ер юзасидаги ва Ер пўстидаги муз ўсимлик ҳамда ҳайвонларнинг яшаш шароити ва ҳаёт фаолиятига таъсир қилади. муз бир қанча табиий офатларни келтириб чиқаради (учувчи аппаратлар, кемалар, иншоотлар, темир йўл ва тупроқнинг музлаши, дўл уриш, қор бўронлари, қор босиши, даре ўзанига муз тиқилиб қолиб тошқин бўлиши, экинларни совуқ уриши ва ҳоказо). Бундай зарарли ҳодисаларни олдиндан айтиб бериш, уларга қарши курашиш ва муз дан турли мақсадларда фойдаланиш (далаларда қорни тутиб қолиш, муздан кечувлар, изотермик омборхоналар ясаш, омборларнинг юзини қоплаш ва ҳоказо), гидрометеорологик ва муҳандисликтехник билимларнинг, махсус хизматлар (муз разведкаси, қор кўчкиларини кўчириш, дўлга қарши кураш ишлари)нинг вазифасидир. Спорт мусобақалари ўтказиш мақсадида сунъий яхмалаклар ишланади. Табиий муздан озиқ-овқат маҳсулотларини, биологик ва тиббий препаратларини сақлаш ҳамда музлатишда фойдаланилади. Музларнинг йиғиндиси Ернинг узлукли пўсти — криосферани хрсил қилади, уларнинг энг кўп сони музликлар шаклида мавжуд. Музни ўрганиш билан глясиология, геокриология, қисман гидрология, метеорология ва иқлимшунослик фанлари шуғулланади[1].
Табиатда муз қор, дўл, қиров, айсберг каби кўринишларда тарқалган.
| Викиомборда „Муз“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |