Наҳда (арабча: النهضة — “уйғониш”), шунингдек, Араб уйғониши, Араб ма’рифатпарварлиги ёки Араб ренессанси деб аталади. ХИХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида Усмонли империясининг араблар яшайдиган ҳудудларида, хусусан, Сурия, Ливан, Миср ва Тунисда ривожланган маданий ҳаракатдир.

Мустафа Фаррухнинг 1945-йилда ишланган, Наҳда ҳаракатини рамзий ифодаловчи Уйғониш картинаси

Ан’анавий қарашларга кўра, Наҳда ҳаракати 1798-йилда Наполеон Бонапартнинг Мисрга бостириб кириши ортидан юзага келган маданий ўзгаришлар ва Муҳаммад Али пошо каби ҳукмдорларнинг ислоҳотлари билан боғлиқ. Бироқ кейинги тадқиқотлар бу ҳаракат фақат Ғарб та’сирида шаклланмаганини кўрсатади. Унинг ривожланишига Усмонли империясидаги Танзимат ислоҳотлари, конституциявий бошқарувнинг жорий этилиши, янги сиёсий қатламнинг пайдо бўлиши, матбуот ва нашриёт фаолиятининг кенгайиши ҳамда Миср, Сурия ва Ливандаги ички ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳам та’сир кўрсатган.[1][2]

Наҳда Миср ва Левант ҳудудида деярли бир вақтда бошланди. Мисрда ҳаракатнинг сиёсий жиҳатларига, Левантда эса маданий масалаларга кўпроқ э’тибор қаратилди. Бироқ бу фарқ қат’ий бўлмаган ва ҳаракат ривожлангани сари икки йўналиш бир-бирига яқинлашган.[3][4]

Дастлабки намояндалар

Рифо’а ат-Таҳтовий

Рифо’а ат-Таҳтовий (1801–1873)

Мисрлик олим Рифо’а ат-Таҳтовий (1801–1873) Наҳда ҳаракатининг дастлабки етакчиларидан бири ҳисобланади. 1826-йилда Муҳаммад Али ҳукумати уни Ғарб фанлари ва та’лим усулларини ўрганиш учун Парижга юборган. Дастлаб унинг вазифаси Париждаги ҳарбий академияда таҳсил олаётган мисрлик курсантларга имомлик қилиш бўлган.

Ат-Таҳтовий Франсия жамиятига ижобий баҳо берган, бироқ унинг айрим жиҳатларини ҳам танқид қилган. Франсуз тилини ўрганиб, илмий ва маданий асарларни араб тилига таржима қилган. Шунингдек, 1830-йилдаги Июл инқилоби воқеаларини кузатган. Кейинчалик парламент бошқаруви ва аёллар та’лимини қўллаб-қувватлаган.[5]

Франсияда беш йил бўлгач, Мисрга қайтган ва ислоҳотлар ҳақидаги қарашларини Такҳлис ал-Ибриз фи Талкҳис Бариз номли асарида баён қилган. 1834-йилда нашр этилган ушбу асар Франсия ва Европани мисрлик мусулмон нуқтайи назаридан тасвирлайди. Ат-Таҳтовий Миср ва мусулмон дунёси Европадан кўп нарсани ўрганиши мумкинлигини та’кидлаган, шу билан бирга ислоҳотлар исломий маданият қадриятларига мослаштирилиши лозимлигини илгари сурган. Бу ёндашув Наҳда ҳаракатининг муҳим ғояларидан бирига айланган.

Аҳмад Фарис аш-Шидёқ

Аҳмад Фарис аш-Шидёқ (1805 ёки 1806–1887)

Аҳмад Фарис аш-Шидёқ 1805 ёки 1806-йилда ҳозирги Ливан ҳудудида туғилган. У дастлаб мароний насроний бўлган, кейинчалик эса ҳаётининг турли даврларида Қоҳира, Малта, Буюк Британия, Париж ва Тунисда яшаган. Қоҳирада яшаган йилларида протестантликни қабул қилган. Буюк Британияда арабча Инжил таржимаси устида ишлаган, кейинчалик Тунисда яшаган вақтида исломни қабул қилиб, Аҳмад исмини олган.

1860-йилда Истанбулга кўчиб ўтиб, Усмонли ҳукумати учун таржимон бўлиб ишлаган ва араб тилидаги газета ташкил этган. Нашр Усмонли империяси, Миср ва Тунис томонидан қўллаб-қувватланган ҳамда ХИХ асрнинг сўнгги йилларигача чоп этилган.

Аш-Шидёқ араб тили ва маданиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, Усмонли ҳукмронлиги давридаги турклаштириш сиёсатига қарши чиққан. У замонавий араб адабиётининг асосчиларидан бири ҳисобланади.

Бутрус ал-Бустоний

Бутрус ал-Бустоний, 1860-йил

Бутрус ал-Бустоний (1819–1893) 1819-йил январида Ливаннинг Шуф ҳудудидаги Диббие қишлоғида мароний насроний оиласида туғилган. У кўп тилларни билган ма’рифатпарвар, педагог ва жамоат арбоби бўлиб, ХИХ аср ўрталарида Байрутда кечган Наҳда ҳаракатининг муҳим намояндаларидан бири эди.

Америкалик миссионерлар та’сирида протестантликни қабул қилган ва дастлаб уларнинг мактабларида дарс берган. Шунингдек, Инжилни араб тилига таржима қилиш ишларида қатнашган. Кейинчалик миссионерлардан мустақил фаолият юрита бошлаган.

1860-йилдаги друзлар ва маронийлар ўртасидаги қонли тўқнашувлардан кейин, диний мансублик асосида бўлиниш кучайган бир шароитда, ал-Бустоний 1863-йилда дунёвий тамойилларга асосланган Миллий мактабни — ал-Мадраса ал-Ватанийяни ташкил этди. Ушбу мактабда Наҳда ҳаракатининг етакчи намояндалари фаолият юритган ва ундан янги авлод ма’рифатпарварлари етишиб чиққан.

Ал-Бустоний мактаб дарсликлари ва луғатлар тузган, араб тилидаги матбуот ривожига ҳисса қўшган. У Нафир Сурийя журналида миллий бирликка чақирувчи мақолалар э’лон қилган. Шунингдек, Эли Смит ва Корнелиус Ван Дейк билан бирга Инжилни араб тилига таржима қилиш устида ишлаган.

Ал-Бустонийнинг асарлари замонавий араб насрий услубининг шаклланишига та’сир кўрсатди. У Ғарб технологияларини ўрганишни қўллаб-қувватлаган, бироқ дунёвийлик тамойилларига ҳам қат’ий амал қилган. Унинг ўғли Салим ал-Бустоний ҳам Наҳда ҳаракатида қатнашган.[6][7]

Ҳайриддин пошо

Ҳайриддин пошо (1820–1890)

Ҳайриддин пошо ат-Тунисий (1820–1890) Усмонли Тунисига қул сифатида олиб келинган, кейинчалик эса Тунис ҳукмдори Аҳмад Бей ҳукуматида юқори лавозимларга кўтарилган. У дипломатик топшириқлар билан Усмонли империяси ва Европа мамлакатларига сафар қилган ҳамда Ғарб ғоялари ва Танзимат ислоҳотлари билан танишган. 1859–1882-йилларда Тунис бош вазири бўлиб ишлаган ва мамлакатни модернизация қилишда муҳим рол ўйнаган.

У ўз асарларида исломий ан’аналарни Ғарб модернизацияси билан уйғунлаштириш мумкинлигини илгари сурган. Европа ма’рифатпарварлиги ва араб сиёсий тафаккуридан илҳомланиб, Тунис халқининг мустақиллигини, шунингдек, мусулмон халқларининг сиёсий эркинлигини сақлашга интилган. Унинг қарашлари Тунис ва Усмонли империясидаги сиёсий тафаккурга катта та’сир кўрсатган.[8]

Франсис Марраш

Франсис Марраш (1835 ёки 1836–1874)

Суриялик олим, публицист, ёзувчи, шоир ва шифокор Франсис Марраш ёшлигида Ғарбий Осиё ва Франсия бўйлаб саёҳат қилган. Унинг тахминан 1865-йилда нашр этилган Гҳабат ал-ҳаққ асарида сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар ғоялари илгари сурилган.

Марраш замонавий мактаблар ташкил этиш ва диний қарашлардан холи ватанпарварликни ривожлантириш зарурлигини та’кидлаган. У миллий ўзликни белгилашда тилнинг аҳамиятига э’тибор қаратиб, тил диний ва мазҳабий фарқларни мувозанатлаштириши мумкинлигини илгари сурган.[9][10][11]

Марраш замонавий даврнинг дастлабки космополит араб зиёлиларидан бири сифатида э’тироф этилади. У Франсия инқилоби тамойилларини қўллаб-қувватлаган ва ўз асарларида Усмонли ҳукмронлигини билвосита танқид қилган. Шунингдек, замонавий араб ше’риятининг ифода услуби, мавзулари, метафоралари ва образларини янгилашга ҳаракат қилган.[12]

Сиёсат ва жамият

Наҳда тарафдорлари, одатда, жамиятни ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаган. Бутрус ал-Бустоний ва Аҳмад Фарис аш-Шидёқ ислоҳотларни инқилобсиз амалга ошириш тарафдори бўлган бўлса, Франсис Марраш ва Адиб Ишоқ каби зиёлилар янада кескин ўзгаришларни илгари сурган.[13]

1876-йилда Усмонли империяси Танзимат ислоҳотларининг якуни сифатида конституцияни э’лон қилди. Бу мамлакат тарихидаги Биринчи конституциявий даврнинг бошланишига сабаб бўлди. Европа бошқарув тизимларидан илҳомланган конституция султон ваколатларини чеклашга қаратилган бўлса-да, сиёсий ва рамзий жиҳатдан катта аҳамиятга эга эди.

Парламент бошқарувининг жорий этилиши Усмонли империяси тасарруфидаги вилоятларда янги сиёсий қатламнинг шаклланишига ёрдам берди. Кейинчалик ушбу қатламдан либерал ва миллатчи зиёлилар етишиб чиқди. Миср миллатчилиги араб миллатчилигидан фарқли равишда, Мисрнинг ўзига хос тарихи ва этник ўзлигини та’кидлади. Шу билан бирга, Усмонли марказий бошқарувига қарши норозилик ва султоннинг авторитар сиёсатига қаршилик араб миллатчилиги ғояларининг ривожланишига ҳам та’сир кўрсатди.

Наҳданинг сўнгги босқичларида Сурия ва Фаластин миллатчилиги каби бошқа миллий ҳаракатлар ҳам ривожланди. Уларнинг айримлари араб миллатчилигидан кўра муайян ҳудуднинг ўзига хослигини та’кидлади.

Аёллар ҳуқуқлари

Аҳмад Фарис аш-Шидёқ 1855-йилда Парижда нашр этилган Лег Овер Лег асарида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган. Ливанлик яҳудий ёзувчи Эстер Мойял эса 1890-йилларда Тҳе Фамилй журналида аёллар ҳуқуқларига бағишланган мақолалар ёзган.

Дин

Мусулмонлар

Жамалиддин ал-Афғоний

Жамалиддин ал-Афғоний (1839–1897) исломга модернистик ёндашувни илгари сурган. У Европа давлатларининг та’сири кучайиб бораётган бир пайтда мусулмонларнинг бирдамлигини қўллаб-қувватлаган ва мустамлакачиликка қарши чиққан. Ал-Афғоний авторитар монархиялар ўрнига вакиллик бошқарувини жорий этиш тарафдори бўлган. Унинг фикрича, диний тафаккурдаги турғунлик ва ан’аналарни танқидсиз такрорлаш исломий жамиятларнинг ривожланишига тўсқинлик қилган.

Муҳаммад Абдуҳ

Ал-Афғонийнинг энг таниқли шогирдларидан бири Муҳаммад Абдуҳ (1849–1905) эди. У ал-Афғоний билан биргаликда қисқа муддат фаолият юритган Ал-Урва ал-Вусқо журналини ташкил этишда қатнашган. Абдуҳ исломий муассасалардаги айрим раҳбарларни ахлоқий ва интеллектуал турғунликда айблаган. У мусулмонлар Қур’он ва Муҳаммад пайғамбар та’лимотларини чуқурроқ ўрганиши ҳамда диний қарашларни ақл ва адолат тамойиллари асосида қайта кўриб чиқиши кераклигини та’кидлаган.

Абдуҳнинг шогирдларидан бири суриялик исломшунос ва ислоҳотчи Рашид Ризо (1865–1935) бўлиб, у адолатли исломий бошқарув ҳақидаги ғояларни ривожлантирган. Унинг қарашлари кейинчалик замонавий исломий сиёсий ҳаракатларга, жумладан, Мусулмон биродарлар ташкилотига ҳам та’сир кўрсатган.

Шиа олимлари ҳам Наҳда ҳаракатига ҳисса қўшган. Улар орасида тилшунос Аҳмад Ризо ва унинг куёви, тарихчи Муҳаммад Жабер ас-Сафа бор эди. Эронда ҳам сиёсий ислоҳотлар амалга оширилиб, конституциявий ҳаракат шаклланди. Бу жараёнларнинг айрим жиҳатлари Мисрдаги Наҳда ислоҳотларига ўхшаш бўлган.

Насронийлар

Қалам уюшмасининг тўрт а’зоси: Насиб Арида, Жуброн Халил Жуброн, Абд ал-Масиҳ Ҳаддод ва Михаил Нуайма

Араб насронийлари Наҳда ҳаракатида муҳим рол ўйнаган. Уларнинг та’лим олган жамоа сифатидаги мавқеи адабиёт, сиёсат, бизнес, фалсафа, мусиқа, театр, кино, тиббиёт ва фан соҳаларига сезиларли ҳисса қўшиш имконини берган.[14]

Дамашқ, Байрут, Қоҳира ва Ҳалаб ҳаракатнинг асосий марказлари бўлган. Ушбу шаҳарларда мактаблар, университетлар, театрлар ва босмахоналар ташкил этилган. Та’лим муассасалари, жумладан, Авлиё Юсуф университети, кейинчалик Байрут Америка университетига айланган Сурия протестант коллежи ва Бағдоддаги ал-Ҳикма университети араб маданиятининг ривожланишига ҳисса қўшган.

ХХ аср бошларида араб насронийлари орасидан кўплаб таниқли араб миллатчилари ва зиёлилари етишиб чиқди. Улар орасида Константин Зурайқ, Мишел Афлақ ва Журжи Зайдон бор эди.

Маҳжар — араб диаспораси адабий ҳаракати — ҳам араб адабиётининг ривожланишига ҳисса қўшган. ХХ аср бошларида Ливан, Сурия ва Фаластиндан Америкага кўчиб кетган араб тилида ижод қилувчи ёзувчилар ушбу ҳаракатни шакллантирган. 1920-йилда Ню-Ёркда фаолият юрита бошлаган Қалам уюшмаси (ар-Робита ал-Қаламийя) унинг муҳим адабий ташкилотларидан бири бўлган. А’золари орасида Жуброн Халил Жуброн, Илиё Абу Мозий, Михаил Нуайма ва Амин ар-Райҳоний бор эди.

Фан

ХИХ аср бошларида Мисрдан кўплаб талабалар сан’ат ва фанларни ўрганиш, техник кўникмаларни эгаллаш учун Европа университетларига юборилган. Кейинчалик араб тилидаги журналларда оммабоп илмий мақолалар ҳам чоп этила бошлади.

Замонавий адабиёт

ХИХ аср ва ХХ аср бошларида араб адабиётида янги йўналишлар пайдо бўлди. Дастлаб мумтоз адабий шакллар сақланган бўлса-да, ёзувчилар замонавий мавзулар ва араб дунёси дуч келаётган муаммоларни ёритишга киришдилар.

Франсис Марраш араб адабиётига франсуз романтизми та’сирининг кириб келишида муҳим рол ўйнаган. Унинг ше’рий наср ва насрий ше’р шаклларидан фойдаланиши замонавий араб адабиётининг янги босқичига йўл очган.

Мисрда Аҳмад Шавқий (1868–1932) мумтоз қасида имкониятларини кенгайтиришга уринган. Ҳофиз Иброҳим (1871–1932) каби шоирлар эса мустамлакачиликка қарши ғояларни ше’риятда ёритган. 1914-йилда Муҳаммад Ҳусайн Ҳайкал (1888–1956) томонидан нашр этилган Зайнаб романи кўпинча илк замонавий Миср романларидан бири сифатида тилга олинади.

Жуброн Халил Жуброн, Маҳжар адабий ҳаракатининг таниқли вакили

1925-йилда бир гуруҳ ёш ёзувчилар Ал-Мадраса ал-Ҳадиса (“Янги мактаб”) ҳаракатини шакллантириб, Ал-Фажр (“Тонг”) адабий журналини нашр эта бошлади. Уларнинг ижодига ХИХ аср рус ёзувчилари, жумладан, Фёдор Достоевский, Лев Толстой ва Николай Гогол та’сир кўрсатган.

Америкада яшаган Маҳжар шоирлари ҳам араб ше’риятининг шакллари ва мавзуларини бойитган. Уларнинг энг машҳурларидан бири Жуброн Халил Жуброн (1883–1931) бўлиб, у сиёсий ва диний муассасаларни танқид қилган ҳамда Қалам уюшмасида фаолият юритган. Михаил Нуайма (1898–1989) ҳам ушбу адабий муҳитнинг муҳим вакилларидан эди.

Журжи Зайдон (1861–1914) араб тарихий романи жанрининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ну’мон ал-Қасатилий ва Салим ал-Бустоний ҳам Наҳда даврининг муҳим романнавислари қаторига киради. Май Зиаде (1886–1941) эса ХХ аср бошидаги араб адабий муҳитининг етакчи намояндаларидан бири бўлган.

Қустаки ал-Ҳимсий, замонавий араб адабий танқидининг асосчиларидан бири

Ҳалаблик ёзувчи Қустаки ал-Ҳимсий (1858–1941) замонавий араб адабий танқидининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Унинг танқид назариясига бағишланган асарлари араб адабиёцҳунослигининг ривожланишига та’сир кўрсатган.

Азиз пошо Абаза мумтоз араб ше’рияти шаклида панарабизм ғояларини ифодалаган шоирлардан бири эди.

Ғояларнинг тарқалиши

Газета ва журналлар

Наҳда ҳаракатининг тарқалишида босмахоналар, газета ва журналлар муҳим ўрин тутган. Яқин Шарқдаги дастлабки босмахоналардан бири 1610-йилда Ливандаги Авлиё Антоний Козҳая монастирида ташкил этилган. Унда сурёний тилидаги ва гаршуний ёзувидаги, я’ни сурёний алифбосида ёзилган арабча китоблар босилган.

Араб ҳарфларидан фойдаланган илк босмахоналардан бири 1734-йилда Ливандаги Хинишара монастирида Абдуллоҳ Зохир томонидан ташкил этилган ва 1899-йилгача фаолият кўрсатган.

1821-йилда Муҳаммад Али пошо Мисрга босмахона олиб келди. Замонавий босма технологиялари тез тарқалиб, Миср матбуотининг ривожланишига ва ислоҳотчилик ғояларининг ўрта табақа орасида ёйилишига ёрдам берди.

1855-йилда Ризқоллоҳ Ҳассун фақат араб тилида чоп этиладиган газета ташкил этди. Қоҳирада Ал-Аҳрам газетаси 1875-йилда Салеэм Такла томонидан асос солинган. 1870–1900-йилларда Байрутда қарийб 40 та янги даврий нашр ва 15 та газета ташкил этилган.

Ал-Урва ал-Вусқо журнали

Муҳаммад Абдуҳ ва Жамолиддин ал-Афғоний 1884-йилда Ал-Урва ал-Вусқо (“Энг мустаҳкам ришта”) журналини нашр эта бошлаган. Журнал мусулмонлар бирдамлиги ва мустамлакачиликка қарши кураш ғояларини илгари сурган. Нашр атиги бир неча ой фаолият юритган бўлса-да, Миср ва Ҳиндистондаги Британия ма’мурлари томонидан тақиқланганига қарамай, Марокашдан Ҳиндистонгача кенг тарқалган.

Энсиклопедиялар ва луғатлар

Европа ва Америка адабиётини таржима қилиш араб тилининг замонавийлашувига ёрдам берди. Илмий ва академик атамалар, янги ихтиролар номлари араб тилига киритилди, шунингдек, араб тилининг сўз ясаш имкониятлари асосида янги сўзлар яратилди.

ХИХ аср охирида Бутрус ал-Бустоний замонавий араб энсиклопедиясини тузди. Аҳмад Ризо (1872–1953) эса Матн ал-Луға номли замонавий араб луғатини яратди.

Матбуот ва та’лимнинг ривожланиши натижасида мумтоз араб тилидан замонавий адабий араб тилига ўтиш жараёни тезлашди. Бугунги кунда замонавий адабий араб тили араб дунёсида расмий ва ёзма мулоқотда кенг қўлланади.

Адабий мажлислар

Наҳда даврида адабий мажлислар ва салонлар ҳам ривожланди. Маряна Марраш ХИХ асрда араб дунёсида оилавий уйида адабий салон ташкил этган илк араб аёлларидан бири бўлган. Қоҳирада эса малика Назли Фозилнинг салони таниқли адабий йиғинлардан бири эди.

Адабиётлар

  • Ҳоурани, Алберт. Арабиc Тҳоугҳт ин тҳе Либерал Аге, 1798–1939. Cамбридге Университй Пресс, 1983.
  • Жайюси, Салма Кҳадра. Трендс анд Мовеменц ин Модерн Арабиc Поэтрй. Брилл, 1977.
  • Мореҳ, Шмуэл. Модерн Арабиc Поэтрй 1800–1970. Брилл, 1976.
  • Мореҳ, Шмуэл. Студиэс ин Модерн Арабиc Просе анд Поэтрй. Брилл, 1988.
  • Сулеиман, Ясир. Тҳе Арабиc Лангуаге анд Натионал Идентитй: А Студй ин Идеологй. Эдинбургҳ Университй Пресс, 2003.
  • Wатенпаугҳ, Ҳегҳнар Зеитлиан. “Тҳе Ҳарем ас Биограпҳй: Доместиc Арчитеcтуре, Гендер анд Носталгиа ин Модерн Сйриа”. 2010.
  • Wатенпаугҳ, Кеитҳ Давид. Беинг Модерн ин тҳе Миддле Эаст: Револутион, Натионалисм, Cолониалисм, анд тҳе Араб Миддле Cласс. Принcетон Университй Пресс, 2006.
  • Wиэландт, Ротрауд. “Франсис Фатҳаллаҳ Маррашс Зуганг зум Геданкенгут дер Ауфклäрунг унд дер франзöсисчен Револутион”. 1992.
  • Зачс, Фрума ва Ҳалеви, Шарон. Гендеринг Cултуре ин Греатер Сйриа: Интеллеcтуалс анд Идеологй ин тҳе Лате Оттоман Период. И.Б. Таурис, 2015.

Манбалар

  1. ↑ Аднан А. Мусаллам, “Араб Пресс, Соcиэтй анд Политиcс ат тҳе Энд оф тҳе Оттоман Эра”.
  2. ↑ Степҳен Шеэҳи, Фоундатионс оф Модерн Араб Идентитй. Гаинесвилле: Университй Пресс оф Флорида, 2004.
  3. ↑ Ансари, Абдул Латиф. Тҳоугҳц анд Идеологиэс оф Микҳаил Ну'аима, тҳе Маҳжар Поэт ин тҳе Девелопмент оф Модерн Арабиc Поэтрй; А Cритиcал Студй. Шодҳганга, 2010. 
  4. ↑ „Ҳисториэс оф тҳе Модерн Миддле Эаст“. Тҳе Университй оф Техас ат Аустин. Қаралди: 2017-йил 27-сентябр.
  5. ↑ Петер Гран, “Таҳтаwи ин Парис”, Ал-Аҳрам Wеэклй Онлине, 2002-йил 10–16-январ.
  6. ↑ Степҳен Шеэҳи, “Бутрус ал-Бустани: Сйриа'с Идеологуэ оф тҳе Аге”, Тҳе Оригинс оф Сйриан Натионҳоод: Ҳисториэс, Пионеэрс, анд Идентитй, 2011, 57–78-бетлар.
  7. ↑ Степҳен Шеэҳи (Май 2007). "А Соcиал Ҳисторй оф Эарлй Араб Пҳотограпҳй ор а Пролегоменон то ан Арчаэологй оф тҳе Лебанесе Имаго". Интернатионал Жоурнал оф Миддле Эаст Студиэс 39 (2): 186. дои:10.1017/С0020743807070067. 
  8. ↑ Ордер анд Cомпромисе: Говернмент Праcтиcес ин Туркей фром тҳе Лате Оттоман Эмпире то тҳе Эарлй 21ст Cентурй. БРИЛЛ, 2015-02-26. ИСБН 9789004289857. 
  9. ↑ Wиэландт 1992, сс. 129–130, 135
  10. ↑ Мореҳ 1988, с. 95; Ҳоурани 1983, с. 247
  11. ↑ Сулеиман 2003, с. 114
  12. ↑ Мореҳ 1976, с. 45
  13. ↑ Зеицчрифт фüр интернатионале Фреимаурерфорсчунг, 2006 — 62-бет. 
  14. ↑ Паcини, Андреа. Чристиан Cоммунитиэс ин тҳе Араб Миддле Эаст: Тҳе Чалленге оф тҳе Футуре. Cларендон Пресс, 1998 — 38, 55-бет. ИСБН 978-0-19-829388-0.