Героин

Гиёҳвандлик воситалари — махсус рўйхатга киритилган ва давлат томонидан назоратга олинган, гиёҳвандликни келтириб чиқарувчи синтетик восита (препарат) лар ва ўсимликлар[1]. Гиёҳвандлик воситалари рўйхати БМТнинг 1988-йилги „Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш тўғрисида“ги конвенсиясида, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг қарорига (1995-йил 1-апрел) 1-сонли иловада берилган. Гиёҳвандлик воситаларилар сирасига марихуана, наша, каннабис смоласи, наша мойи, қорадори, морфин, героин, кодеин, эфедрон, кокаин ва бошқалар киради.

Ўзбекситонда

Гиёҳвандлик воситаларидан тиббий мақсадларда фойдаланилганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибга қатъий риоя этилиши керак. Гиёҳвандлик воситалари билан эркин муомала қилиш тақиқланган. Ўзбекистон Республикасининг 1999-йил 19-августдаги „Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида“ги қонунига биноан, уларни ветеринария, илмий ва ўқув мақсадларида, экспертлик фаолиятида, жисмоний шахсларга бериш ва бошқа мақсадларда муомалада бўлиш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, оз миқдорда, ғайриқонуний тарзда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган (ЎзР МЖК, 56-модда). Ўзбекистон Республикаси ЖКда таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган экинларни экиш ёки етиштириш (270-модда), қонунга хилоф равишда эгаллаш (271-модда), ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш (273-модда), гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб этиш (274-модда), уларни ишлаб чиқариш ёки фойдаланиш қоидаларини бузиш (275-модда), ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар (276-модда) учун жиноий жавобгарлик белгиланган. „Гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни экиш“, дейилганда уларнинг уруғини махсус тайёрланган ерга сепиш ёки кўчатини ўтқазиш тушунилади ва шу ҳаракатларнинг ўзи шахсни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади. „Гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни етиштириш“, дейилганда ҳар қандай ерда экилган ёки ўзи униб чиқиб, ўсиб ётган шундай ўсимликларни парвариш қилиш (суғориш, чопиш, ўғит бериш ва ҳоказо) тушунилади. „Гиёҳвандлик воситаларини конунга хилоф равишда эгаллаш“, дейилганда уларни ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш, талончилик, мансабни суиистеъмол этиш, товламачилик, босқинчилик каби йўллар билан эгаллаш тушунилади. Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаган, олган, сақлаган, ташиган шахс, агар шундай ҳаракатни биринчи марта содир этган бўлса ва улар миқсори кўп бўлмаса, ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиб келиб, гиёҳвандлик воситаларини топширса, жазодан озод қилинади (273-модда). Гиёҳвандлик воситаларининг конунга хилоф равишда муомалада бўлишига йўл қўйган юридик шахс суднинг карорига биноан тугатилиши мумкин.

Манбалар

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.