Наршах, Наржак, — Бухоро вилояти Вобкент туманидаги қадимги қишлоқ. Илк ўрта асрларда Наршахда катта ҳисор (қўрғон) бўлган.

Муқанна қўзюлониттг марказларидан бири шу қишлоқда жойлашган. 776-йил апрелда Муқанна тарафдорлари билан Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз лашкари ўртасида Наршахда катта жанг бўлади. Халифа Махдийнинг вазири Жаброил ибн Яқё арабларга ёрдамга келиб, Наршахни қамал қилади. Тўрт ойлик жангларда Ҳосим Аҳмад бошчилигидаги Муқанна тарафдорлари бўлган оқ кийимликлар ғалаба қозонишган. Бироқ, араблар ҳийла йўли билан Наршахни эгаллаб, қўзғолон раҳбарларини хоинларча ўлдиришади. Бу пайтда Наршахнинг ҳокими бўлган аёл киши (эрининг номи Шараф бўлиб, у Абу Муслимнинг лашкарбошиси бўлган)ни ҳам Жаброил ўлдиртирган.

Наршахдан машҳур тарихчи олим Наршахий чиққан. Наршах ҳақида Абу Саъд асСамъонийнинг "Китоб ал-ансоб" асарида ҳам муҳим маълумотлар мавжуд (ХИИ аср). Ҳозирги Наршах Нарчоқтепа номи билан машҳур.

Адабиёт

  • Наршахий, Бухоро тарихи. Т., 1966; Камалиддинов Ш., "Китоб алансаб" Абу Саъда Абдалкарима ибн Муҳаммада ас-Самъани как источник по истории и истории култури Средней Азии, Т., 1993.[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил