Nasha
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |

Наша ёки Cаннабис (лотинча: Cáннабис) — нашадошлар оиласига мансуб бир йиллик ўт ўсимликлар туркуми; йигириладиган луб толали, мойли экин. Ватани — Марказий Осиё. Толаси ва мойи учун милоддан аввалги 1-минг йилликдан экиб келинган. Бир-бирига жуда яқин 3 тури бор: маданий ёки экма наша (C.сатива) — тола олиш учун Россия, Беларус, Украина, Ғарбий Европа мамлакатларида, Ҳиндистонда экилади, ёввойи ҳолда Монголия, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Хитойда ўсади; ҳинд нашаси (C.индиcа) — Эрон, Туркия, Сурия ва бошқа мамлакатларда уруғидан қуюқ мой олиш учун, барги ҳамда пояси чекиладиган наша (наркотик маҳсулот — гашиш) ва урғочи тўпгулидан марихуана олиш учун етиштирилади, ёввойи ҳолда Ўрта Осиё, Покистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларда ўсади; ёввойи наша (C.рудералис) — Ўрта Осиё, Ғарбий Сибир, Волгабўйида баҳорги экинлар орасида, партов ерларда бегона ўт сифатида кўп ўсади.

Маданий нашанинг илдизи ўқ илдиздир. У 1,5—2,0 м чуқурликка кириб боради. Пояси 1–5 м гача етади, диаметри 10– 30 мм, 7—8 бўғинли, нисбатан иссиқ-севар, намсевар ўсимлик. Навига қараб вегетация даври 65—160 кун. Икки уйли (эркак ва урғочи ўсимликка бўлинади), четдан чангланади. Барглари панжасимон, яшил, бандлари қизғиш-бинафшаранг. Гултўплами шингил, урғочи ўсимликларида ғуж, барг қўлтиқларида, эркак ўсимликларида эса ён шохларининг учларида жойлашади. Гуллаш даври 15—25 кун давом этиб, эркак ўсимлик гуллари урғочи ўсимлик гулларидан 4—7 кундан кейин очилади. Меваси икки паллали, бир уруғли ёнғоқча, юзаси силлиқ, диаметри 2–5 мм. 1000 дона уруғи вазни 10—26 г. Уруғи 1—2° да униб чиқади, 8—10° да майсаланади, —5, —6° совуққа чидайди, 19—25° да яхши ривожланади. Шоналаш-гуллаш даврида сувни кўп талаб қилади. Эркак ўсимликлари эрта етилади. Толаси поя пўстлоғида жойлашади, дағал, йўғон, аммо жуда пишиқ, нам ўтказмайди. Поясида 27% гача тола бўлиб, ундан дағал газламалар, қоп-қанор, арқон тайёрланади. Уруғида 30—35% мой, 18— 23% оқсил мавжуд. Мойи қандолатчиликда, консерва, қайта ишлаш, лок-бўёқ саноатида, совун тайёрлашда ишлатилади. Кунжараси молларга берилади. Тола олиш учун ёппасига қаторлаб, уруғ олиш учун кенг қаторлаб экилади. Толаси учун гуллаш даврида урилади. Сувда ивитилиб, қуритилади ва толаси ажратиб олинади. Ўрта Осиёда қадимдан наркотик модда берадиган ҳинд нашаси чилим тайёрлаш учун экилган[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |