Ноширлик (нашриёт иши) – нашриётлар ташкил этиш, китоблар, газета, журналлар, тасвирий санъат асарлари ва бошқалар. Босма маҳсулотларини тайёрлаш, нашр қилиш ва уни тарқатишга оид соҳа. Нашриётлар чиқарадиган маҳсулотининг турига қараб – китоб нашриёти, китоб-журнал нашриёти, газета-журнал нашриёти ва бошқалар, қандай ўқувчиларга мўлжалланганлигига кўра – илмий адабиёт, оммавий адабиёт, болалар адабиёти, ўсмирлар адабиёти нашриётлари ва ҳоказога бўлинади; мавзусига кўра – универсал ва муайян соҳага ихтисослашган нашриётлар бор. Универсал нашриётлар (Мас, „Ўзбекистон“ нашриёти) барча хил ёки кўп турдаги, ихтисослашган нашриётлар (Ибн Сино номидаги нашриёт ва б.) муайян соҳа бўйича китоблар нашр этади.

Китобчилик иши китоб босиш пайдо бўлишидан бир неча минг йиллар олдин мавжуд бўлган. Хусусан, Ўрта Осиёда милоддан аввалги асрлардаёқ китобчилик ишлари билан шуғулланганлар. Бу ерда араблар истилосига қадар анчагина нодир китоблар яратилган (қаранг: Китоб). Араб халифалиги даврида ҳам бу иш тараққий этди. Тарихчи, хушнавис, қоғозчи, муқовасоз, безовчи (ловаҳ) ва шаҳри к. касб эгалари етишди. Тарихчи-ёзувчилар асарларини илгаригидек ўзлари кўчириб ўтирмасдан бу ишни улардан тез ва яхшироқ бажара оладиган мутахассисларга топширадиган бўлдилар. Китобларни, асосан, қўлда махсус хушнавислар кўчириб кўпайтирганлар. Шу тариқа хаттотлик санъати (каллиграфия) юзага келди ва такомиллашиб борди. Китоб бетларини турли ўлчамдаги катакларга бўлиш, саҳифаларнинг четларига ранг-баранг чизиқлар, нақшлар чизиш, китоб номини муқовасига ва зарварақларига олтин ҳарф билан ёзиш китоб безагининг одатдаги услубига айланди. Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий ва б.нинг асарлари фақат мазмун жиҳатидан эмас, китобат санъати билан ҳам нодир ҳисобланади. Уларнинг кўплари жаҳондаги йирик кутубхоналарда қимматли ёдгорликлар сифатида сақланади.

Ўрта Осиёнинг мўғуллар томонидан босиб олиниши (ХИИИ асрнинг 1-ярми) бутун маданий ҳаётда бўлгани каби китоб яратиш ва тарқатиш ишларини анча сустлаштирди. Темурийлар ҳукмронлиги даврида у яна ривожланди. Айниқса, Шоҳрух, Улуғбек даврида адабий фаолиятда, хусусан, китобчилик ишларида катта ўзгаришлар рўй берди. Шоҳрухнинг ўғли Бойсунғур ташаббуси билан Ҳиротда катта бир кутубхона-устахона ташкил этилиб, унга ўз даврининг машҳур котиблари, мукрвасозлари, рассом-наққошлари ва б. китобсоз мутахассислар жалб этилган. Уларга зарур китобларни кўчириб ёзиш ва кўпайтириш вазифаси юкланган эди. Устахонада ҳар бир қўлёзма китоб бир неча мутахассис қўлидан ўтарди. Алишер Навоий ўзбек халқи маънавий хазинасини бойитган асарлар ёзиш билан бирга бадиий қўлёзма санъатини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. ХВ аср ва ХВИ асрнинг 1-ярмидаги бадиий қўлёзма санъатининг услуб ва анъаналари кейинги йиллардаги каллиграфия санъатининг асосини ташкил этди. Минглаб хаттотлар шу даврнинг усталаридан намуна олдилар, уларга эргашдилар (яна қаранг Китобат санъати).

Нашриёт босма маҳсулотлари чиқарадиган корхона, муассаса сифатида Европада ХВИ асрда пайдо бўлди. Босмахоналарнинг йириклашиши, айрим китоблар нашри устида узоқ, муддат ишлаш, ишлаб чиқаришни техника ва маблағ билан таъминлаш, китоб савдосини ташкил этиш зарурияти махсус касб эгалари – матбаачи-ноширлар пайдо бўлишини тақозо қилди. ХИХ асрга қадар нашриётлар китобчилик ишининг барча жараёнлари (таҳририй иш, босмахона, реклама тарқатиш ва б.)ни ўз ичига олган. ХИХ аср ўрталарида полиграфия саноати ўсиб, янги, кучли техника базасининг вужудга келиши билан ноширлик ишида нашриёт ва полиграфия корхоналарининг ихтисослашиш жараёни бошланди. ХИХ аср охири – ХХ аср бошларида нашриётлар ялписига аксиядорлик жамиятлари каби ташкилотларга айланди, кейинроқ китоб ва газета-журнал нашриётлари трестлари вужудга келди. Россияда ҳам ноширлик иши билан шуғулланадиган бир қанча фирмалар бўлган.

ХИХ асрнинг 2-ярмида Россиянинг чекка ўлкаларида, жумладан, Туркистонда ҳам ноширлик иши юзага кела бошлади. Туркистонда китоб нашр этиш билан дастлаб подшо Россияси статистика қўмиталари шуғулланди. Бу қўмиталар Туркистон ўлкасига оид турли маълумотларни, кейинчалик туркистоншунос рус олимларининг илмий ишларини нашр қилдирган. 1868-йилдан 1910-йилгача Туркистонда нашр этилган китобларнинг асосий қисмини русча китоблар ташкил этган. Туркистонда китоблар нашр этишда Тошкентдаги О. А. Порсев, В. М. Илин, Самарқанддаги Г. И. Демуров босмахоналари машҳур бўлган. 1910—17 йилларда ўзбекча нашр қилинган китобларнинг кўплари шу босмахоналардан чиққан. 1874-йил Хивада Муҳаммад Раҳимхон ИИ (Феруз) томонидан ташкил этилган босмахона то 1910-йилга қадар китоб нашр этган. Ўлка аҳолиси ўртасида нодир қўлёзма асарларни кўплаб нусхаларда нашр этиб тарқатишда, айниқса, Тошкентда „Ғуломия“, Наманганда „Ис’ҳоқия“ номи билан маълум бўлган босмахоналар муҳим рол ўйнаган. „Ғуломия“нинг ташкилотчиси Ғулом Ҳасан Орифжонов ўз фаолиятининг дастлабки йилларида ўртаосиёлик буюк мутафаккирларнинг машҳур асарларини нашр этишга эъти-бор берган. „Исъҳоқия“ босмахонасида унинг ташкилотчиси маърифатпарвар ва рус тилининг илк тарғиботчиларидан Исъҳоқхон тўра Жунайдулло Эшонов кўпгина асарларни нашр этган.

ХХ асрнинг 10-йилларида Туркистонда китоб нашр эттириш ва омма ўртасида тарқатиш ишлари билан шуғулланувчи ширкатлар, бирлашмалар, фирмалар пайдо бўлди. „Русская окраина“, „Туркестанское товаришество печатного дела“, „Маданият“, „Мактаб“, „Туркистон кутубхонаси“ ноширлик иши ширкатлари шулар жумласидандир. Бу ширкатларга маҳаллий аҳолининг бадавлат ва маърифатпарвар кишилари, жадидлар, шунингдек, илғор кайфиятдаги рус кишилари, татар зиёлилари уюшган эди.

Октабр тўнтаришидан сўнг, босмахоналар мусодара қилиниб, давлат ихтиёрига ўтказилди. 1918-йил Туркистон МИК ҳузурида Миллий ишлар халқ комиссариятида ва Матбуот бюросида нашриёт бўлимлари тузилиб, маҳаллий тилда сиёсий адабиётлар нашр этила бошлади. Туркистон АССР Маориф халқ комиссарлигининг нашриёт бўлими дарсликлар чиқаришга ҳаракат қилди. Шу даврда бошқа турли идоралар ҳам оз миқдорда босма маҳсулотлар чиқарарди. Китоблар Туркистон матбуот мар-казий бошқармаси („Турксентропечат“) томонидан бепул тарқатиларди. 1920-йил мартда Туркистон МИК Туркистон давлат нашриёти (Туркдавнашр) таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу Ўрта Осиёдаги илк китоб нашриёти бўлиб, унга ўлкадаги барча нашр ишларини бирлаштириш, қоғоз тақсимоти ва босмахона жиҳозларини назорат этиб, раҳбарлик қилиш вазифалари юкланди. Фуқаролар уруши тамом бўлиб, ҳарбий интервенсия тугатилгандан кейин барча нашр ишлари янги иқтисодий сиёсатга мувофиқ қай-та қурилди. ХКС нинг 1921-йил 28 ноябрдаги қарори билан нашрлар пулли бўлиб, китоб савдоси жорий қилинди. Нашриёт ва полиграфия корхоналари хўжалик ҳисобига ўтди. 1923-йилда Туркдавнашр Ўрта Осиё нашриёти деб атала бошлади. Бу нашриёт 1921-йилдан 1924-йилгача 1184 номда 3 млн.дан ортиқ нусхада китоб нашр этди. Туркистонда нашриёт ишини йўлга қўйишда И. И. Геер, Ғулом Ҳасан Орифжонов, Исъҳоқжон Ибрат, Абдураҳмон Сайёҳ Со-диқов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов ва б. салмоқли ҳисса қўшдилар.

Ўрта Осиёда миллий-давлат чегараланишидан сўнг (1925) Ўрта Осиё давлат нашриёти негизида Ўзбекистон давлат нашриёти – Ўздавнашр (ҳозирги „Ўзбекистон“ нашриёти) ташкил топди. 1925-йил Ўзбекистонда 334 номда 1,5 млн.дан ортиқ тиражда китоб нашр этилди.

30-йиллар нашриёт ишида кескин бурилиш даври бўлди. Нашриётлар маҳсулотларининг ғоявий-сиёсий йўналишда партиявийлик ҳукмронлиги мустаҳкамланди. Марксизм-ленинизм асарларини ўзбек тилида чиқариш мақсадида Ўзбекистон К.П МК ҳузурида Партия нашриёти (Ўзпартнашр) ташкил этилди. 30-йилларнинг 2-ярмида тегишли халқ комиссарлари ва ташкилотларининг ихтисослашган тармоқ нашриётлари барпо этилди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида нашриётлар фронт ва мамлакат ичкарисидаги эҳтиёжга мувофиқ қайта қурилди. Ўзбекистондаги 8 мустақил нашриёт Ўздавнашрга бирлаштирилиб, матбаа корхоналари ҳам унинг ихтиёрига берилди. Айрим муассасаларга қарашли нашриётлар ёпилди. Китоблар нашри кескин қисқарди.

Урушдан кейинги йиллар ихтисослашган нашриётларни тиклашга ҳаракат қилинди. 1950-йил „Ўқувпеддавнашр“ (хрз. „Ўқитувчи“ нашриёти) тикланди; 1957-йил Адабиёт ва санъат нашриёти; 1959-йил Медицина нашриёти; 1960-йил „Ёш гвардия“, 1964-йил Нукусда „Қорақалпоғистон“ нашриёти, 1968-йилда Тошкентда Ўзбек совет энсиклопедияси Бош таҳририяти очилди. Нашриёт ишларига раҳбарликни яхшилаш мақсадида 1963-йил Ўзбекистон Министрлар Совета ҳузуридаги матбуот комитети ташкил этилди (1978-йилдан Ўзбекистон Нашриёт, полиграфия ва китоб савдоси ишлари давлат комитети, кейинчалик, Давлат матбуот қўми-таси). Нашриётлар маҳсулотлари коммунистик мафкурага хизмат қилишга қаратилди. Шу мақсадда жуда кўп номда ва нусхада марксизм-ленинизм асарлари, ижтимоий-сиёсий адабиётлар нашр этилди. Айни вақтда Алишер Навоийнинг 15 жилдли асарлари, Ҳамза, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Комил Яшин, Миртемир каби ёзувчиларнинг сайланма асарлари, жаҳон мумтоз адабиёти намуналари чиқарилди.

Лекин, советлар тузумида Ўзбекистондаги нашриётларнинг моддий-техника базаси ривожланган мамлакатлар даражасидан анча орқада эди. Аксарият босмахоналарда ҳамон қўлёзмалар қўрғошин билан қуюладиган ҳарфларда териларди. Босиш усуллари ҳам эскича. Шу сабабли босилган китобларнинг матбаа ижроси сифациз эди. Нашриётларда муҳаррирлар „сиёсий хатолар“ ўтказиб юбормаслик учун мук тушиб қўлёзма, корректураларни қайта-қайта ўқишарди, айниқса, диний, тарихий адабиётларга „эҳтиёт“ бўлишарди. Мана шу эҳтиёткорлик туфайли Ўзбекистон Фанлар академияси „Фан“ нашриётида нашр этилган Алишер Навоийнинг академик нашридан (15 жилдли) „илоҳий“ ва б. мазмундаги шеърлар олиб ташланди ва ҳоказо. Нашриётларнинг йиллик режалари марказдан қатъий назорат қилинарди. Ижтимоий фанлардан маҳаллий муаллифлар дарсликлар ёзишларига имкон қадар йўл берилмасди. Марказда нашр этилган дарсликлар, асосан, таржима қилинарди.

ХХ асрнинг 50-йилларидан кейинги даврларида Ўзбекистонда нашриёт ишини, матбаачиликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда Жалолхон Азизхонов, Файзулла Юнусов, Воҳид Валиев, Тўлқин Рустамов, Абдулла Уразаев, Азиз Клеблеев, Вали Раҳим, Файзулла Эрғозиев, Мели Жўра, Юнус Юсупов, Насрулло Охундий, Адҳам Акбаров, Зиёд Есенбоев, Абдувосиқ Абдувалиев, Ислом Шоғуломов ва б.нинг хизмати каттадир.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ноширлик ишида кескин ўзгариш бўлди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг „Ноширлик фаолияти тўғрисида“ қонуни (1996-йил 30-август) ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур қонун асосида ноширлар ўз фаолиятларида, шу жумладан, ноширлик йўналишини, мавзуларини, ихтисослашувини, чиқариладиган маҳсулот нусхасини белгилашда, муаллифни танлашда мустақил фаолият юритадиган бўлди. Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганидан ва лицензия олганидан кейин Н. фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлишди. Нашрга тайёрланган қўлёзмалар ва материалларни сензурадан ўтказиш бекор қилинди. Матбаа маҳсулотини шартнома асосида тарқатиш жорий этилди. Нашриётлар бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, ҳаридоргир китоблар нашр этишга ҳаракат қила бошладилар. Китоб маҳсулотлари мазмун-мундарижасини белгилашда уларга тўла эркинлик берилди. Ўзбек тилига давлат мақоми берилиши муносабати билан ўзбек тилидаги китоблар салмоғи ошди. Амир Темур мавзуи, буюк мутафаккирлар, диний, миллий қадриятлар билан боғлиқ ўнлаб китоблар чиқарилди. Болалар адабиёти, илмий адабиётлар нашрига, истиқлол, миллий тафаккур ғоялари сингдирилган, шарқона одоб-ахлоқ, биродарлик, миллий ғурурни кўтаришга ундайдиган адаби-ётларга, мактаб дарсликлари нашрига алоҳида эътибор берилди. „Ўзбекистон“ нашриётида Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И. А. Каримовнинг иқтисодий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш юллари, мамлакат ижтимоий ва маънавий ҳаётни согломлаштириш, миллий қадриятларни тиклаш, анъаналарни бойитиш ва шаҳрик.га ба-ғишланган дастуриламал китоблари нашр этилди (яна қаранг Китоб).

Китоб ва б. босма маҳсулотлар нашр этишда нашриёт муаллиф билан тегишли шартнома – нашриёт шартномасини тузади. Унда муаллиф китоб қўлёзмасини маълум муддатда топшириш мажбуриятини, нашриёт эса уни нашр этиш, тарқатиш (айрим ҳолларда бу мажбуриятни олмайди) ва муаллифга тегишли ҳақ (гонорар) тўлаш мажбу-риятини олади. Шартномада китобнинг адади, чоп этиш муддати ва б. мажбуриятлар ҳам кўрсатилади.

Нашриёт фаолияти марказида муҳаррирлик туради. Муҳаррир нашриёт чиқармоқчи бўлган китоб қўлёзмасини дастлаб ўқиб чиқиб, ўз хулосасини беради: таҳрир учун қабул қилади; камчиликларини кўрсатиб қўлёзмани қайта ишлашга муаллифга қайтаради ёки умуман таҳрирга нолойиқ топади. Муҳаррир кўлёзмани таҳрир қилишда ижтимоийсиёсий, илмий ва адабий нуқтаи назардан ёндашади. Бундай ёндашув ундан муаллифнинг индивидуал услубини сакдаган ҳолда китобнинг мазмуни ва шак-лини такомиллаштиришга қаратилган муайян билим ва ижодий жараённи талаб қилади. Нашриёт мусаҳҳиҳи имло ва б. грамматик хатоларни тузатади. Муҳаррир таҳрир қилинган қўлёзмани матбаага топширишдан олдин нашриёт рассоми (бадиий муҳаррир) билан китобнинг бадиий безаги устида иш олиб боради. Айни вақтда техник муҳаррир билан бирга тегишли шрифтлар белгиланади, безаклар жойлаштирилади, қўлёзма ёки терилган матн саҳифаланади ва ҳоказо. Нашриётда тайёрланган қўлёзма нашриёт (буюртмачи) ва босмахона (буюртмани бажарувчи) ўртасида тузилган шартнома асосида чоп этиш учун мат-баага топширилади.

Ўзбекистон ноширлик ишига раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида“ги фармони (2002-йил 3-июл)га биноан, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги этиб қайта таш-кил этилди. Агентлик зиммасига, бош-қа вазифалар қатори, ноширлик ишлари ва матбаачиликни кенг миқёсда ривожлантиришга кўмаклашиш, амалдаги қонунчиликка риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ноширлик-матбаачилик фаолиятининг ишлаб чиқариш-техника базасини ривожлантириш ва янгилаш, стандартлаштириш ҳамда сертификациялаш соҳасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бошқарувининг ташкилий тузилмасида қуйидаги нашриётлар кирган: „Ўзбекистон“, „Ўқитувчи“, „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, „Чўлпон“, „Меҳнат“, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, „Ижод дунёси“ нашриёт уйи, Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, Ибн Сино номидаги нашриёт, „Ўзбланкнашр“. Булардан ташқари, „Шарк“ нашриёт-матбаа аксиядорлик компанияси Бош таҳририяти, „Камолот“ ёшлар ижтимоий ҳаракатининг „Янги аср авлоди“ нашриёт-матбаа маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси нинг „Фан“ нашриёти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг „Адолат“ нашриёти, Ўзбекистон Республикаси „Маънавият ва маърифат“ кенгашининг „Маънавият“ нашриёти, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг „Мовароуннаҳр“ нашриёти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг „Академия“ нашриёти, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент Ислом университети ва б. йирик олий ўқув юртларининг нашриётлари фаолият кўрсатади, шунингдек, хусусий, вилоят нашриётлари ҳам ноширлик иши билан шуғулланади. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида жами 58 нашриёт, 800 дан зиёд йирик ва кичик босмахона рўйхатдан ўтган (2003). Нашриётлар китоблари, асосан, Тошкент матбаа комбинати, Рангли босма фабрикаси, 1-Тошкент босмахонаси, Тошкент китоб-журнал фабрикаси, „Тезкор“ босмахонаси, Янгийўл китоб фабрикаси, „Растр“ қўшма корхонасида, "Шарқ нашриёт-матбаа аксиядорлик компанияси босмахонасида босилади. Нашриётчилар ва матбаачилар ўз сохаларига замонавий ноширчилик, босма усуллар, янги техника жорий қилиб бормоқдалар. Босмахоналар кейинги даврда технологик жиҳатдан қайта қурилди. Корхоналар ва ташкилотлар Германия, АҚСҲ, Швеция, Швейсария, Буюк Британия каби матбаа саноати та-раққий этган мамлакатлар билан амалий алоқалар ўрнатишган. Ўзбекистонда 2002-йил жами 969 номда 16,5 млн. нусха китоб чиқарилди. 2002—2003 ўқув йилида жами 519 номда 31,0 млн. нусхада мактаб дарсликлари чоп этилди. Ўзбекистонда Н.ка доир масалалар, асосан, „Ўзбекистон матбуоти“ жур.да ёритилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил