Nazariya
Назария — бирор ҳодиса ва фактларни изоҳловчи ва башорат қила билувчи билимлар тизими, схемасидир. Назариялар илмий услуб воситасида кашф этилади, шакллантирилади воқелик қонуниятлари ва ундаги муҳим алоқалар ҳақида бир бутун тасаввур берадиган билим шакли. Назария борлиқнинг муайян соҳасига оид бўлган тажрибалардан умумлаштирилган маълумотлар асосида келиб чиқади. Илмий билишда назариянинг асосий вазифаси тажрибалар берган далилларни изоҳлаш, шу билан бирга, нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятига чуқурроқ кириб бориш, юзага келадиган янги нарса ва ҳодисаларни олдиндан кўра олишдан иборат. Ҳар қандай назария илмий билишнинг натижаси сифатидаги билиш шакли бўлсада, лекин уни тугалланган, ўзгармас, мутлақ билим деб қарамаслик керак. Назария билиш жараёнида биз тўплаган билимларнинг натижасигина эмас, балки янги билимлар ҳосил қилиш йўлидаги бошланғич асосдир. Назария ҳамма вақт амалиёт билан узвий боғлик бўлади ва шундагина у ҳаракат ва ривожланишнинг қуролига айланади. Назариянинг бошланғич шакли гипотезалардир. Амалиётда гипотезанинг тўғри, ҳақиқат эканлиги исботланса, шу асосда янги назария юзага келиши мумкин. Илмий билиш жараёнида кишиларнинг илмий назариялар билан қуролланганлиги унга илмий олдиндан кўриш — илмий башорат қилиш имкониятини беради. Бу эса, ўз навбатида, янги қонуният ва янги назарияларнинг шаклланишига олиб келади[1].
- кундалик турмушда — бирор ҳодисага оид фараз ва фикрлар тўпламидир (масалан: Фитналар назарияси).
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |