A.
Никоҳ узуклари.

Никоҳ (арабча сўздан олинган бўлиб таржимаси: “бирлашиш”)

Никоҳ , оила қуриш Аллоҳ таолонинг инсоният орасида жорий қилинган муқаддас қонунларидан бири бўлиб, насл-насабнинг давомийлиги, инсонлар орасида қариндош-уруғчилик , меҳр-оқибатни мукаммал бўлиши каби инсоният учун манфаатли мақсадлага хизмат қилади.

Давлатлар қонунчилигида

Ижтимоий муносабат сифатида никоҳ турли жамият ва тузумларда турлича кўринишда бўлган. Никоҳни қайд қилиш тартиби, никоҳ ёшига қўйиладиган талаблар турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қилади.

Бир қатор мамлакатларда никоҳ фуқаровий-ҳуқуқий битим ҳисобланиб, уни расмийлаштириш тартиби оила қонунчилиги билан эмас, фуқаро қонунчилиги билан белгиланади. Франсияда никоҳ ёши аёллар учун 15, эркаклар учун 18, Италияда тегишлича 14 ва 16, Германияда эса 16 ва 21, АҚШда (турли штатларида турлича) 14—18 ва 15—21 ёш қилиб белгиланган. Никоҳдан ўтишда бўлажак эр-хотиннинг мол-мулки тўғрисидаги масала катта аҳамиятга эга. Бунинг учун никоҳ шартномалари тузилади.

Ўзбекистон

Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 63-моддасида таъкидланишича, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади. Никоҳ масалалари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида (1998-йил қабул қилиниб, ўша йили 1-сентабрдан амалга киритилган) ўз ифодасини топган. Амалдаги оила қонунчилиги Никоҳнинг тузилиши тартибига, уни давлатнинг тегишли органлари томонидан расмийлаштирилишига алоҳида эътибор беради. Ўзбекистон Республикаси ОКнинг 13-моддасига биноан, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Шундай никоҳгина ҳуқуқ ва мажбуриятни вужудга келтиради. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ юридик кучга эга эмас. Шунингдек, сохта никоҳ, яъни эр-хотин ёки улардан бирининг оила қуриш мақсадини кўзламай тузган никоҳи ҳам ҳақиқий эмас деб топилади. Никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги ва никоҳ ёши никоҳдан ўтишнинг асосий шартлари ҳисобланади. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади. Никоҳ ёши Ўзбекистонда эркаклар учун 18, аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳланувчиларнинг илтимосига кўра, никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин. Лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида, лоақал биттасининг руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқациз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш шарт қилиб қўйилган. Унга кўра, никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтадилар. Белгиланган шартларнинг бузилиши суд томонидан никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкин.

Никоҳни бекор қилиш

Никоҳ эр-хотиндан бирининг ўлими ёки ўлган деб эълон қилиниши оқибатида тугатилади. Эр-хотин ҳаётлигида никоҳ никоҳдан ажралиш йўли билан бекор қилиниши мумкин.[1]

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар