Ниппур (ҳозирги Ниффер ёки Нуффар, Ироқдаги Бағдод ва Басра шаҳарлари орасида) — қад. Шумер шаҳарларидан бири, унинг бош диний маркази (милоддан аввалги 3-минг йиллик боши — 2-минг йиллик бошлари). Милоддан аввалги 3-минг йилликда Н.да шумерларнинг маҳаллий маъбудлари — "тогликлар" (Энлил бошчилигида) ва Эриду — "денгиз" (Энки бошчилигида) маъбудларини бирлаштирган бир саждагоҳи (пантеон) қурилган. Милоддан аввалги ХВИИИ асрда Н. Бобил томонидан босиб олинган. Шу муносабат билан Н. диний марказ сифатидаги ролини Бобилга берган. Бобилнинг бош маъбуди Мардук, олий маъбуд Бела номини олган Энлил деб эътироф этила бошланган.

Н. диний марказ сифатида Шумер шаҳар-давлатлари ҳаётида катта рол ўйнаган. Н. коҳинлари тан олмаган биронта ҳам подшо Шумерда тан олинмаган. Н. ибодатхонасида кутубхона барпо этилган бўлиб (милоддан аввалги 3-минг йиллик), унда тарих, география, астрономия, ботаника, зоология, филология ва бошқа фанларга оид шумерийларнинг рисолалари илоҳиёт, мунажжимлик-сеҳргарликка (уларнинг кўпчилиги милоддан аввалги 1-минг йилликда Ашшурнасирпал ва Ашшур банипал кутубхонаси олимлари томонидан қайта кўчирилган) оид асарлар билан бирга сақланган. Милоддан аввалги 2-минг йиллик бошида кутубхона Элам истилочиси Кудурмабук томонидан ёқиб юборилган. Милоддан аввалги 2 - 1-минг йилликларда Н. Бобилнинг "эркин шаҳри" сифатида ички мухторият ҳуқуқига эга бўлган. Аҳаманийлар даврида (милоддан аввалги В аср) Н.да Мурашу савдо-судхўрлик уйи мавжуд бўлган (унда катта архив ҳужжатлари сақланган). Сўнгра Н. кимсасиз шаҳарга айланиб, сосонийлар даврида некропол бўлган Н.да қазишма ишлари ХИХ асрдан олиб борилади; Энлил (Экур) ибодатхонаси, мактаб, кутубхона (80 хонадан иборат, 80 мингга яқин миххат ҳужжатлари, шундан 23 мингги кутубхонанинг энг қад. даврига оид), хусусий уй-жойлар ва бошқа топилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил