Нотариал ҳаракатлар - нотариал идоралар (нотариат) томонидан ҳуқуқий ҳаракатларни тасдиқдаш, шаҳодатлаш ва ҳужжат бериш борасида амалга ошириладиган ишлар. Ўзбекистон Республикасида Нотариал ҳаракатларни давлат нотариал идорасида ишловчи ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар амалга оширади. Нотариуслар бўлмаган аҳоли пунктларида фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари), бошқа давлатларнинг ҳудудида Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг ушбу ҳаракатларни амалга ошириш ваколати берилган мансабдор шахслари амалга оширади. ЎзРда Нотариал ҳаракатлар ва уларни амалга ошириш қоидалари аввало Нотариат тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг 1996-йил 26-декабрдаги қонуни (ўзгартиш ва қўшимчалар 2003-йил 25-апрелда киритилган), шунингдек, адага оид Адлия вазирлиги чиқарган қўлланма ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Қонунга кўра, давлат нотариал идораларида ишловчи нотариуслар: битимларни васиятномаларни тасдиқлайди, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни беради; мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди ва тақиқни бекор қилади; меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради; мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради; ҳужжатлар нусхаларининг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини; ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди; кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради; фуқаронинг тирик эканлиги, муайян жойда эканлиги, фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди ва ҳоказо. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш ва мерос мол-мулкни қўриқлаш чора-тадбирларини кўриш ҳаракатларидан бошқа барча нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) қуйидаги Нотариал ҳаракатларни амалга оширади: васиятномаларни, ишончномаларни тасдиқлайди, автотранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно; мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради; ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди, ма’лумот ҳақидаги ҳужжат нусхалари бундан мустасно; ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди. Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари қуйидаги Нотариал ҳаракатларни амалга оширади: битимлар, шартномалар,  васиятномалар, ишончномалар ва ҳоказо)ни тасдиқлайди. ЎзРдаги уй-жойларни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномалар бундан мустасно; фуқаронинг тирик эканлиги, фотосуратда акс этган шахс эканлиги ва шахсини тасдиқлайди.

Нотариал ҳаракатлар нотариал идора ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи жойлашган бинода, фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра бора олмайдиган айрим ҳолларда мазкур фуқаро турган жойда, касалхонада ёки бошқа жойда амалга оширилиши мумкин. Нотариал ҳаракатлар ҳақ тўланганидан сўнг зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида Нотариал ҳаракатлар давлат тилида олиб борилади. Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан, нотариус ёки Нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи шахс томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил