Novgorod viloyati
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Новгород вилояти - Россия Федерацияси таркибидаги вилоят. 1944-йил 5-июлда ташкил этилган. Россия Европа қисмининг шимоли-ғарбида жойлашган. Шимоли-Ғарбий иқтисодий раён таркибида. Майдони 55,3 минг км². Аҳолиси 728,7 минг киши (2000), асосан руслар, шунингдек, украин, белорус ва бошқа миллат вакиллари яшайди. Шаҳар аҳолиси 71,2%. 21 маъмурий туман, 10 шаҳар, 22 шаҳарча бор. Маркази– Новгород шаҳри
Новгород вилояти релефига кўра, текислик (ғарбий) ва баланд (шарқий) қисмларга бўлинади. Ғарбий қисми Илмен бўйи пасттекислиги билан банд. Жануби-шарқида Валдай қирлари (энг баланд жойи – Рижоха тоғи, 299 м) жойлашган. Иклими мўътадил континентал. Қиши юм-шоқ, қорли. Январнинг ўртача температураси – 7°, июлники 16°. Ёзи мўътадил иссиқ. Йиллик ёғин 800 мм гача. Вегетация даври 120–130 кун. Йирик дарёлари: Мета, Ловат, Полист, Шелон. Илмен кўлидан Волхов дарёси бошланиб Ладога кулига қуйилади. Кўл кўп. Тупроқлари, асосан, чимли-подзол, шим,ғарбида ботқоқланган тупроклар. Вилоят ҳудудининг 50% ўрмон, 7% ўтлоқ, 11% торфли ботқоқзор. Ёввойи ҳайвонлардан лос, тулки, қундуз, норка, сассиқкўзан, сувсар, тийин, қуён, бўри бор. Дарё ва кўлларда балиқ тури кўп.
Машинасозлик ва металлсозлик (рангли телевизорлар, видеомагнитофонлар, телевизион системалар, оптик приборлар, ёғочсозлик станоклари, автоматлаштириш воситалари ва бошқалар), ўрмон, ёғочсозлик ва селлюлоза-қоғоз (мебел, қоғоз, фанера ва бошқалар), озиқ-овқат (сутгўшт, консерва, кондитер), кимё (минерал ўғитлар, метанол ва бошқалар), енгил (шу жумладан, зиғирга ишлов бериш) саноатлари, халқ ҳунармандчилиги – каштачилик ("Крестец строчка" фабрикаси) ривожланган. Вилоятнинг, энг йирик корхоналари: "Акрон", "Квант", "Планета", "Старт", "Волна", "Спектр", (ҳаммаси Новгород шаҳрида); Боровичидаги ўтга чидамли қурилиш материаллари комбинати, Старая Руссадаги "Староруссприбор" авиаремонт заводлари. Қишлоқ хўжалигида зиғирчилик ва гўшт-сут чор-вачилиги асосий ўринда. Буғдой, жав-дар, сули, толали зиғир, картошка, сабзавот, ем-хашак экинлари экилади. Қорамол, қўй, чўчқа, парранда боқилади. 1149 км темир йўл, 6 минг км га яқин автомобил йўли, 700 км сув йўли бор. Волхов, Мета дарёлари ва Илмен, Валдай кўлларида кема қатнайди. 2 олий ўқув юрти, жамоат кутубхоналари, 7 музей, драма театри фаолият кўрсатмоқда. Вилоят ҳудудида Старая Русса балнеобалчиқ курорти, санато-рийлар бор.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Россия оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |