Нурсоя — пластик санъат (тасвирий ва амалий безак санъати, меъморлик, дизайн)нинг ифода воситаларидан бири. Турли ёрқинликдаги ранглар ёки бир ранг тусларининг ажралишидаги изчилликка асосланади. Нурсоядаги изчиллик нур ва қоронғи (соя)нинг тарқалиши, тасвирланаётган муҳит, нарсаларни ҳажмли нур-ҳаво оғушида идрок қилиш имконини беради. Нарсаларга ёруғлик тушиши натижасида унинг сатҳи ёруғ ва қоронғи (соя) юзаларга ажралади (Масалан, тўртбурчак шаклдаги буюмларда бу ажралиш кескин бўлса, думалоқ ва силиндрсимон буюмларда бу ажралиш аста-секинлик билан боради). Натижада бундай буюмларда нурсоя орасида ярим соя ва соя томонида қайтган нурлар қисобига ёритилган юза — рефлекс мавжуд бўлади. Нурсоя йўналиши, нарсаларнинг ҳажмли шакл хусусиятлари, сифати ва ҳаво ҳолатига боғлиқ; у орқали ижодкор (рассом, ҳайкалтарош ва бошқалар) ўз ғоявий эстетик қарашларини ифодалайди, ундан лирик ёки драматик кайфият ҳосил қилишда фойдаланади.

Нурсоя имкониятлари қадимдан қўлланган. Юнон рассомлари (Полигнот, Парраси ва бошқалар) нурсоя воситасида катта ижодий ютуқларга эришган. Мусулмон Шарқида қадимдан меъморлик, амалий безак санъатида нурсоя имкониятларидан кенг фойдаланилган; ўймакорлик (ганч ва ёғоч), ҳайкалтарошлик (релеф ва бошқалар)да безакни жозибали бўлиши, таъсирчанлигини оширишда нурсоя ўйинига асосланилган. Нурсоя ва унинг назарий асослари Уйғониш даври усталари (Леонардо да Винчи) томонидан ишлана бошланди. Шу даврда нурсоя рассомлар томонидан бадиий асарнинг ифодалилигини белгиловчи восита сифатида кенг фойдаланилади, имкониятлари янада бойитилади. Бугунги кунда ҳам нурсоя реалистик тасвирнинг асосини ташкил этади, психологик асарлар яратишнинг муҳим манбаи ҳисобланади.

Манбалар