Нутқ — тилнинг фикр ифодалаш ва алмашиш жараёнларида амал қилиши, тилнинг алоҳида ижтимоий фаолият тури сифатидаги муайян яшаш шакли. Нутқ деганда унинг оғзаки (овозли) ва ёзма равишда намоён бўлишидаги жараёнлар, яъни сўзлаш жараёни ва унинг натижаси (хотирада сақланган ёки ёзувда қайд этилган нутқий фикрлар, асарлар) тушунилади.

Лингвистик назарияда нутқ тушунчаси муайян тил жамоасида қабул қилинган ифода воситалари тизими ҳисобланган мавҳум тил тушунчасига ҳамда ижтимоий борлиқ (ҳаёт)нинг энг ҳарактерли кўринишларидан бўлган аниқ, бир қадар умумийроқтил тушунчасига қарамақарши қўйилади. Бошқа одамлар хулқатвори ва фаолиятига таъсир кўрсатиш мақсадида уларга ахборот, хабар етказишга хизмат қиладиган асл нутқ (ташқи нутқ), яъни гапириш, тил белгиларининг эшитиш аъзолари томонидан идрок қилинадиган (овоз ёзиб олувчи ускуналар ёрдамида қайд этиладиган ва қайта такрорланадиган) артикулясияси тарзида ёки ушбу белгиларнинг ёзувда шартли акс этиши тарзида юзага чиқади.

Асл нутқ („ташқи нутқ“) билан бир қаторда ички нутқ ҳам бор. У сўзловчи онгида билишга ёрдам берадиган турли хил масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишга қаратилади. Ички нутқ ташқи нут асосида, товуш ёки ёзув қўлланмаган ҳолда, фақат овозли нтқдаги сўзлар ҳақидаги аниқ тасаввурлар билан кечадиган ак/шй жараёнлар тарзида амалга ошади. Ёзма нутқ оғзаки нутқдан бир қадар шаклланганлиги, сўзларнинг ўта синчковлик билан танлаб олиниши, грамматик жиҳатдан аниқ, лекин мураккаб шаклланганлиги, оғзаки нутқ учун хос бўлган оҳанг, мимика ва қўл ҳаракатларининг бевосита қўллана олмаслиги билан фарқланади. Нутқнинг монологик (қаранг Монолог) ва диалогик (қаранг Диалог) турлари мавжуд.

Нутқ алоқа-аралашув вазифасидан ташқари яна бошқа вазифалар, чунончи, поэтик вазифа ҳам бажариши мумкин. Нутқнинг алоҳида кўриниши ўқишдир.

Ҳар бир кишининг нутқ индивидуал, ўзига хос хусусиятларга эга бўлади; ваҳоланки, асосий тил унсурлари — луғат таркиби ва грамматик қурилиши якка шахсларгагина тегишли бўлмай, умумникидир, яъни муайян тил жамоасига умуман тааллуқяи бўлади. Нутқ киши тафаккури, унинг онги билан чамбарчас боғлиқдир. Нутқда кишининг ўй-фикрлари шаклланади ва мавжуд бўлади. Нутқ туфайли ва нутқ асосида борлиқни умумлашган ҳолда мавхумий акс эттириш, индивидуаллик доирасидан чиқиб, жамоатчилик маҳсулига айланадиган мантиқий тушунчавий фикрлаш мумкин бўлади. Нутқ киши руҳиятининг бошқа жиҳатларини, унинг сезгилари, идроки, хотираси, ўйхаёллари, ҳиссиёти, иродаси ва бошқаларнинг намоён бўлиши ва амал қилишида, киши онгининг ривожланишида ҳам катта аҳамиятга эга. Нутқ қўлланиш соҳасига қараб бадиий нутқ илмий нутқ расмий нутқ каби шаклларга эга бўлади. Ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай ҳолатда ҳам аниклик, равонлик, соддалик, таъсирчанлик нутқнинг энг муҳим белгилари бўлиб қолиши керак[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Нутқ“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Н-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар