Ню (франс. пи — яланғоч) — тасвирий санъатнинг яланғоч, кўпроқ аёл танасини тасвирловчи жанри. Уйғониш даврида мифология, аллегория (мажоз), тарихий ва маиший жанрлар соҳасида юзага келган. Жоржоне, Тициан, Коррежо ва бошқаларнинг асарларида ялангоч аёл танаси тасвири оркали италян инсонпарварларининг аёл гўзаллиги ҳақидаги тасаввурлари ифода этилган. Жанр сифатида ХВИИ асрда шаклланган.

П.П.Рубенс асарларида бароккога хос ҳашамдор шакллар, ёш гўзалнинг ҳаётий нафосати акс этган. Веласкеснинг "Венера кўзгу билан" (1651) асарида аёл танаси асосий мавзуга айланса, Рембрандтнинг "Сувга тушаётган аёл" (1655) асарида аёл нозик маиший ҳолатда тасвирланади. Г. Курбе асарларида мифологик асосдан воз кечади, О. Ренуар асарларида яланғоч аёл манзара билан уйғунликда (нур ва ҳавога чўмилаётгандай) тасвирланади. Н. намуналаридан бири — А.С. Белолли (1820—1881 )нинг "Чўмилаётган аёл" асари (1870) Ўзбекистон санъат музейида сақланади. ХХ аср тасвирий санъатида Н. ривожи янги ифода воситалари излаш билан боғлиқ бўлиб (П. Пикассо, А. Модиляни ва бошқалар), бу образлар таъсирчанлигини оширди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил