Обаки — ўртапишар маҳаллий узум нави. Обакининг тупи ўртача ўсади. Барги йирик. Ўртача кертикли дойра шаклида, терс тарафининг туклари сийрак. Гули қўш жинсли. Узум бошлари йирик (300— 350 г), конуссимон. Шингиллари тиғиз, тухумсимон, серет, сершира, ранги қизил ёки пушти. Июл охирида пиша бошлайди. Сентабр бошларида тўла етилади. Меваси таркибида 20—21% қанд, 6—7% кислота бор. Гектаридан 100—150 с ҳосил олинади. Обакининг Оқ Обаки хили ҳам бор. Оқобакининг узум боши ўртача катталикда (200—250 г), конуссимон ёки силиндр — конуссимон, ҳовол. Ғужумлари тухумсимон, ранги оч-яшил, етилганда бир оз сарғаяди. Куртаклари бўрта бошлагандан кейин 173 кунда (Тошкент атрофида) пишиб етилади. Ҳосилдорлиги 150—180 с/га. Совуққа анча чидамли. Замбуруғли касалликларга чидамсиз. Меваси ейилади, вино тайёрланади. Тошкент, Сирдарё, Наманган вилоятларида кўп экилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил