Обихингов — Тожикистондаги дарё, Вахш дарёсининг чап ирмоғи. Узунлиги 196 км, ҳавзасининг майдони 6660 км². 500 га яқин катта-кичик ирмоғи бор. О. Федченко музлигининг тармоғи — Гарм музлигидан бошланади, ғарбий йўналишда оқиб, Лабитор қишлоғи яқинида Сурхоб билан қўшилиб, Вахшни ҳосил қилади. О. асосан, музликларнинг ҳамда мавсумий қор қопламининг эришидан ҳосил бўлган сувлар ҳисобига тўйинади. Ўртача йиллик сув сарфи 225 м³/сек. Жазирама ёз ойларида О.да тўлинсув даври кузатилади. Энг катта сув сарфи 1300 м³/сек. гача етади. Оқимининг асосий қисми (80% га яқини) май—сентабр ойларига тўғри келади. Дарёда энг кам сувли давр куз-қишда кузатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил