Офиуралар (Опҳиуроидеа), илондумлилар — игнатерилилар синфи. Дисксимон, гавдаси 10 см гача, ундан 5 та (баъзан 10 тагача) эгилувчан нурлар тарқалади. Айрим Офиураларнинг нурлари кўп марта шохланади (горгоноцефаллар). Гавдасининг узунлиги нурлари билан бирга 0,5 м га етади. Кўпчилик Офиуралар синган нурларини регенерация қилиш хусусиятига эга. Тропик денгизларнинг саёз қисмида яшайдиган Офиуралар ранги жуда чиройли. 2 туркуми: терили Офиуралар(бешнурли ва барча шохланган нурли Офиураларни ўз ичига олади) ва ҳақиқий Офиураларга ажратилади. 2 мингга яқин тури бор; денгиз ва океанлар тубида литоралдан бошлаб 8 км чуқурликкача учрайди. Кўпчилиги айрим жинсли, айрим турлари гермафродит, Жинсий ҳужайраларини сувга чиқаради, личинкаси офиоплетеус. Айрим турлари ўзгариш орқали ривожланади; тухумдан чиққан ёш Офиуралар махсус чиқариш халтасида усади. Фитопланктон ва зоопланктон организмларни оқимга қарши ёйилиб турадиган қўллари билан ушлайди. Баъзан денгиз тубида кўплаб тўпланади; бентофаг баликлар учун озиқ (яна қаранг Игнатерилилар).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил