Oila
Оила қон-қариндошлик, қариндошчилик (никоҳ орқали) ёки бирга истиқомат қилиш орқали боғланган одамлардан иборат ижтимоий гуруҳдир. Кўп жамиятларда оила болалар ижтимоийлашуви учун асосий институт вазифасини ўтайди. Антропологлар оилаларни матрилокал (она ва унинг болалари), эр-хотин (болалари бўлса, нуклеар оила дейилади) ва қон-қариндош (нуклеар оила ва қайната-қайнана бирга яшовчи) типларга ажратишади.
Оила – никоҳ ёки туғишганликка асосланган кичик гуруҳ. Унинг аъзолари рўзғорининг бирлиги, ўзаро ёрдами ва маънавий масъулияти билан бир-бирига боғланган. Оиланинг энг муҳим ижтимоий вазифалари – инсон зотини давом эттиришдан, болаларни тарбиялашдан, оила аъзоларининг турмуш шароитини ва бўш вақтини самарали уюштиришдан иборатдир. Оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодиса саналса-да, жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий муносабатлар билан белгиланади ва улар таъсирида ўзгариб боради. Шунга мувофиқ, ҳар бир жамият ўзгариб мос оила типини, оилавий муносабатларни ўрнатади.
Оила жамият тарихида азалдан мавжуд бўлмаган. Ибтидоий жамоа тузумининг биринчи босқичида, кишилар тўда-тўда бўлиб яшаётган даврда жинслар орасидаги муносабатлар муайян тартиб-қоидага эга бўлмай, тўдадаги барча эркаклар ва аёллар бир-бирларига умумий эр-хотин ҳисобланган. Тарихий тараққиёт жараёнида жинсий муносабатлар аста-секин муайян тартибга солина бошланди. Дастлаб ота-она билан фарзандлар, сўнгра ака-ука ва опа-сингиллар орасидаги жинсий муносабатлар тақиқланиб, гуруҳли оила пайдо бўлган, лекин бу оилаларда ҳали эр-хотин никоҳи барқарор алоҳида хўжаликка эга бўлмаган. Бу даврда табиий омил ўз вазифасини тугаллади, яъни жинсий муносабатлар доирасидан қон-қариндошлар истисно қилинди, жинсий муносабатлар фақат бир эркак ва бир аёл муносабатига айланди (яна қаранг: Патриархал оила, Полиандрия, Полигамия, Полигиния).
Ижтимоий ишлаб чиқариш – чорвачилик ва деҳқончиликнинг ривожланиши билан эркаклар меҳнатининг қадри ошди, маҳсулот ишлаб чиқаришда улуши ортди, бинобарин, уларнинг ижтимоий мавқеи ҳам тубдан ўзгарди. Мавжуд қоида тартиблар – фарзандларнинг онагагина тегишли бўлиши, она мулкига меросхўр саналиши эркакларнинг янги мавқеига зид келиб қолди. Натижада ота ҳуқуқига асосланган патриархал оила вужудга келди. Шундай қилиб, ҳозирги индивидуал оиланинг ўтмишдоши – моногам оила вужудга келган (қаранг: Моногамия).
Оила халқнинг, жамиятнинг ҳаёти, турмушига оид урф-одатларни ўзида синовдан ўтказади. Яхшиларини ўз бағрида асраб-авайлаб келажак авлодларга етказади. Оила ўз фарзандларини тарбиялаб, уларга умуминсоний қадриятларни сингдириш билан уларга бошланғич ижтимоий йўналиш беради. Ўз фарзандларини катта оқимга – жамиятга қўшиш билан эса оила жамият йўналиши, иқтисодиёти, маданияти ва маърифатини ҳам белгилашга ўз таъсирини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Шарқда оила қадим-қадимдан муқаддас қўрғон ҳисобланиб келинган. Хусусан, ўзбек оилаларининг серилдизлик, сербутоқлик хусусиятлари ҳозир ҳам сақланиб турибди. Ўзбекларда оилаларнинг муайян турмуш тарзи шаклланиб ҳаётий тажриба орттириб бориши, тежамли ва саришта рўзғор тутиши, фарзандларни одобли, маънавий етук бўлиб камол топишида кексалар, ота-онанинг роли катта. ўзбек оилалари ўзларининг мустаҳкамлиги, саранжом-саришталиги, болажонлиги, қариндош-қондошлик ришталарини ҳурмат қилиши, меҳр-оқибатли ва бошқа қадриятлари билан ажралиб туради (қаранг Оила тарбияси).
Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги туфайли халқимизнинг азалий миллий урф-одат ва маросимлари қайтадан тиклана бошланди, бу удумлар оилани мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистон ҳукумати оила масалаларига давлат сиёсати даражасида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифа сифатида қарайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади, у жамият ҳамда давлат томонидан муҳофазада бўлиш ҳуқуқига эга. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бошқа қонуний ҳужжатлар ҳам қабул қилиниб, амалий тадбирлар белгиланган. Жумладан, „Кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида“ 1994-йил 22-августда фармон чиқарилиб, муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам беришнинг кўлами кенгайтирилди. Оилани жамиятнинг равнақ топилишидаш тутган ўрни ва иштирокини янада ошириш, оилаларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий манфаатларини ва фаровонлигини яхшилашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳамда изчил таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 1998-йилни „Оила йили“ деб эълон қилди. Шунга асосан, оила манфаатларини таъминлаш борасидаамалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида давлат дастури ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида Республика "Оила" илмий-амалий маркази ташкил этилди. Оилавий ҳаёт масалаларини ҳуқуқий тартибга солишга бағишланган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси қабул қилинган.
Маълумки, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилалар қанчалик тинч ва тотув бўлса, шундагина давлат тинч ва барқарор равнақ топиши мумкин. Шу жиҳатдан, оила қўрғонининг мустаҳкамлиги ва унда маънавий жиҳатларнинг шаклланиши ҳамда амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин оила деб аталмиш муқаддас маконда фарзандлар камолга етади, улғаяди. Шундай экан, жамиятда юзага келаётган оилалар қанчалик мустаҳкам қурилмоқда, пойдевори чи? Дарҳақиқат, оиланинг барпо этилишида кимлар ёки нималар муҳим рол ўйнайди, ташқи таъсирлар чи? Мавжуд оилалар ва янги барпо этилаётган кичик бир оила ўз мавқеини қанчалик асрамоқда? Оила – муқаддас қўрғон, оила – маънавий камолот маскани ва бошқа бир қанча сўз ва иборалар билан оиланинг мавқеини белгилаймиз. Албатта, жамиятда намунали оилалар талайгина. Намунали оила деганда, оилавий муносабатлар маънавий мезонлар асосида қурилган, яхши ва ахлоқли фарзандлар тарбиялаган, нурли, пиру бадавлат отахон ва онахоналар кўз олдимизга келади. Уларнинг борлиги бошқалар учун ибрат мактабидир. Аммо, афсус, бизни ўйлантирган масала бу – оила қўрғонининг бузилишига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ташқи ва ички омиллардир. Ташқи омил сифатида ғарбона яшаш тарзининг ўзлаштирилиши бўлса, ички омил сифатида эса, ёшларнинг оилага маънавий жиҳатдан этарли тайёргарликка эга бўлмаслик масаласидир. Маънавий таҳдид сифатида баҳоланаётган ғарбона маданият, ғарбона яшаш, ғарбона муомала, ғарбона ҳаёт тарзи ва ҳоказолар бизнинг муқаддас қўрғонимизга қанчалик салбий таъсир кўрсатаётганини этарли даражада ўйлаб кўрмаяпмиз. Оддий ҳол сифатида қабул қилаётганимиз турли филмлар, сериаллар, клиплар аслида шовқинли, жангари, тошбағир бир ҳаёт тарзини бизга инъом этмаётганмикин. Ғарб сериалларида келинини эркалаётган қайнота, турмуш ўртоғини очиқдан очиқ ҳақорат қилаётган хотин ёки унинг эрига хиёнат қилаётган дугона, ярим яланғоч қиздан мамнун она, оиладан халоват топмаган фарзанднинг гиёҳванд моддаларга берилиши ва бошқалар бизнинг фарзандларимиз тарбиясига, оилавий муҳитнинг носоғлом бўлишига олиб келмасмикин. Аксарият оилалар бундай ҳаёт тарзини қандай бўлса, шундайлигича ўзлаштирмоқда. Кўп ҳолларда, бизнинг менталитетимизга, яшаш тарзимизга тўғри келадими, йўқми, буни ўйлаб кўрмаяпмиз. Натижада оилалар арзимас муаммо олдида дош беролмай, энгил элпи, ҳавойи бир нафс қурбонига айланишмоқда. Ғарб таклиф этаётган худбинлик, тошбағирлик, эгоизм каби иллатларни аксарият инсонлар яшашнинг мазмуни сифатида олмоқда. Бунинг оқибатида аёл кимнингдир қўғирчоғига айланмоқда, гўдаклар меҳрдан мосуво ҳолда этимликка маҳкум этилмоқда. Бу каби мисолларни яна қатор келтириш мумкин. Оила тинчлигига салбий таъсир кўрсатаётган бундай муаммолар аслида ҳар бир виждонли инсоннинг қалб оғриқлари эмасми? Ёнғин чиқса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади деганларидек, оила бузилса, ёинки фарзанд ахлоқсиз чиқса, биргина инсон эмас, атрофдаги инсонлар, борингки, бутун жамият ҳаётига, унинг фаровонлигига, тинчлигига раҳна солинган бўлади. Шундай экан, оила қўрғонини асраш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун нималарга эътибор бериш лозим. Бизнингча, ҳамма нарсанинг асоси маънавий этукликка бориб тақалади. Ахлоқимизга ташқи жиҳатлар салбий таъсир кўрсатаётган экан, улардан ҳимояланишнинг ягона йўли ҳам маънавий этукликдир. Маънан этук инсон атрофдаги ҳар бир нарсага бефарқ қарай олмайди. Маънан бой инсон ғарбона яшаш, ғарбона маданиятни қандай бўлса, шундайлигича ўзлаштирмайди, аксинча ўзбекона, миллий хусусиятларимизга уйғунлаштиради. Оила деб аталмиш муқаддас қўрғонни асраб авайлашга интилади. Оиланинг бир бутунлигини ташкил этаётган эр ва хотин маънан бой, ақлан камолга этган бўлса, ҳар қандай зарарли таъсирларни олдиндан кўради ва оиласини ҳимоя қила олади. Айни пайтда, фарзандлар тарбиясига ҳам шу мезонлардан туриб ёндашади. Оила мустаҳкамлигини таъминлашда тажрибали, кўпни кўрган отахон ва онахонлар ўгити, пурмаъно насиҳатлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олганда, жамиятда юзага келаётган янги оилаларга улар турмуши ибрат бўлса, тажрибасидан ўрганишса, ўйлаймизки, оила янада мустаҳкам ва вояга этаётган фарзандлар тарбияли бўлади. Бинобарин, оила қўрғони маънавий етуклик ва бой тажриба асосида янада мустаҳкамланиб борилади[1][2].
Адабиётлар
- Ризоуддин ибн Фахриддин, Оила, Т., 1991.
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ ҳттпс://религионс.уз/уз/неwс/детаил?ид=276
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Оилага тегишли иқтибослар мавжуд. |
- Фамилй Ресеарч Лабораторй (Wайбаcк Мачине сайтида 2011-11-26 санасида архивланган)(ингл.)
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |