Олмош[1] (лотинча: прономен) – от, сифат, сон ўрнида қўлланувчи мустақил сўз туркуми. Олмошларнинг асосий маъноси ва қайси сўз туркуми ўрнида қўлланиши матнда ойдинлашади. Олмошларнинг маъноси ноаниқ ва умумий бўлади. Маъно ва грамматик хусусиятларига кўра, Олмош умумлашган предмет (олмош-от: мен, сен, у, ким, нима, ҳеч ким, ҳеч нима), умумлашган белги (олмош-сифат: бу, шу, ўша, қайси, аллақандай, ҳеч қандай), умумлашган миқдор (олмош-сон: қанча, неча, шунча, ўшанча) билдирувчи олмошларга бўлинади.

Олмошлар ноаниқлиги, сўз ясалишининг йўқлиги билан бошқа сўз туркумларидан фарқланади. Олмошлар маъно ва грамматик хусусиятларига кўра, қуйидаги турларга бўлинади:

  • Кишилик олмошлари – мен, сен, у, биз, улар бўлиб, шахслар ўрнида ишлатилади.
  • Ўзлик олмоши – ўз сўзидан иборат бўлиб, предмет маъносини кучайтириб, таъкидлаб кўрсатади.
  • Кўрсатиш олмоши – бу, шу, ўша, у, ана, мана кабилар предмет ва унинг белгиларини кўрсатади.
  • Сўроқ олмоши – ким? нима? қанча? қандай кабилар предмет, белги ва миқдор ҳақида сўроқни билдиради;
  • Белгилаш-жамлаш олмоши – ҳамма, бари, баъзан, ҳар нима ҳар қандай кабилар предмет ва унинг белгисини умумлаштириб, жамлаб кўрсатади.
  • Бўлишсизлик олмоши – ҳеч ким, ҳеч қандай, ҳеч қанақа, ҳеч қайси кабилар инкор маъносини билдиради.

Манбалар

  1. ↑ мора, алтон (2012-10-18), „гоогле доодле“, Радиопаэдиа.орг, Радиопаэдиа.орг, қаралди: 2025-02-08