Омон Мухтор (асли исми: Мухтор Сулаймонович Омонов; 16-июл, 1941 — 10-май, 2013) Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Машҳур актёр Бахтиёр Ихтиёров билан синфдош бўлган. Ёзувчи, шоир, драматург бўлган. 1958-йил Бухоро шаҳрида мактабни, 1964-йил Тошкент Давлат Университети журналистика бўлимини тугатган. Болалар газетаси, Ўзбекистон радиоси, Кино қўмитасида ишлаган. Адабиёт нашриётида муҳаррирлик қилган. 1983-йилдан „Шарқ юлдузи“ журналида ишлаб келади. Вафотидан аввал журналнинг бош муҳаррири эди.

Мухтор Сулаймонович Омонов
Таваллуди 16-июл 1941-йил
Бухоро шаҳри
Вафоти 10-май 2013-йил(2013-05-10)
(71 ёшда)
Тахаллуси Омон Мухтор

Омон Мухторнинг „Ёғду“ (1979), „Марварид“ (1985), „Шиддат“ (1990) ва бошқа шеър тўпламлари, таржима китоблари босилган. Бундан ташқари катталар ва болаларга мўлжалланган янги эртаклар, хаёлий манзаралардан иборат бир неча китоблари ҳам нашр этилган. Адиб қатор ҳикоялар ва қиссалар китоблари муаллифи, „Нигоҳ“ (1968), „Қушлар ва тушлар“ (1971), „Шаҳарлик келинчак“ (1973), „Вазифа“ (1988), „Ўлмаган жон“ (1995) сингарилар шулар жумласидан. Унинг қаҳрамонлари оддий касб-ҳунар кишилари. Шеърларида ҳам, ҳикоя ва қиссаларида ҳам ёзувчи бировга эргашмайди, ўзи топган аниқ фикр билан жонли манзара чизишга уринади. Айний, Фитрат, Ғафур Ғулом каби устозлардан сабоқ олгани сезилиб туради.

Омон Мухтор дастлаб „Йиллар шамоли“ (1976) ва „Эгилган бош“ (1989) деган икки роман эълон қилди. Бу романлар кейинчалик „Бухоролик бир йигит“ (1998) ва „Ўлмаган жон“ (1995) китобларида қайта нашр этилди. Ёзувчининг шундан сўнг „Тўрт томон қибла“ трилогияси („Минг бир қиёфа“, „Кўзгу олдидаги одам“, „Тепаликдаги хароба“ романлари) (2000) босилди. У яна „Ффу“, „Аёллар мамлакати ва салтанати“ (1997), „Афлотун“ (1998), „Майдон“ („Шарқ юлдузи“ журнали 2001-йил 1-сон) романларини ёзди. Дастлабки икки романи маълум даражада анъанавий услубда бўлса, кейинги романлар ўз шакли ва йўналиши билан бутунлай янгичадир. Улар асосан, ўзбек халқ эртаклари, қиссалари, достонлари ва афсоналарига суянган ҳолда, бу кунги инсон ҳаётини акс эттириш билан бирга, унинг хаёл оламига, руҳиятига саёҳатни эслатади. Адиб ижодига хос бўлиб келган фалсафага мойиллик бу романларда бўртиб кўринади. Инсон қисмати ҳам, унинг руҳ олами ҳам нақадар мураккаб эканлигини акс эттиради.

Омон Мухтор 2013-йил 10-май куни вафот этди.[1]

Асарлари

  • Омон Мухтор. Минг бир қиёфа. Роман. Тошкент, „Шарқ“, 1994.
  • Омон Мухтор. Кўзгу олдидаги одам. Қисса ва роман. Тошкент, Адабиёт ва санъат, 1996.
  • Омон Мухтор. Аёллар мамлакати ва салтанати. Романлар. Тошкент, „Шарқ“, 1997.

Адабиётлар

Манбалар

  1. ↑ „Шоир ва ёзувчи Омон Мухтор вафот этди“. кун.уз (2013-йил 10-май). 7-сентабр 2013-йилда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 13-май 2013-йил.