Оқсил касаллиги ёки протаинопатиялар, яшур — асосан, жуфт туёқли ҳайвонларда шиддатли ўтадиган юқумли касаллик. Ҳайвонларнинг оғиз-бурун, туёқ ва елин териси эпителийларида пуфакчалар ҳосил бўлади. Одамларга ҳам юқиши мумкин. Касалланган ҳайвонлар сути камаяди, озиб кетади, бола ташлайди: 50—70% ўлади. Оқсил касаллиги Осиё ва Африка мамлакатларида кўп учрайди.

Қўзғатувчиси

Филтрланувчи вирус; у 1897-йил Леффлер ва Фрош томонидан аниқланган. Ҳозирги вақтда иммунологик хоссаларига кўра, 7 хили ва кўпгина вариантлари аниқданган. О. хили — 13, С хили — 5, САТ-1—7, CАТ-2 хили — 3, САТ-3 хили —4 ва Осиё -1 хили эса 2 вариантда мавжуд. Вируслар ташқи муҳит таъсирига чидамли, ажралиб тушган тери эпителийларида 67 кун, ахлат ва сийдикда 39 кун, музлаган гўштда 680 кун, кўлмак сувда 103 кун ўз хусусиятини сақлайди. Совуқ унча таъсир қилмайди, юқори ҳароратда тез ўлади, ўювчи ишқор ва формалдегид кучли таъсир этади.

Ривожланиши

Касаллик ҳайвондан оғиз, жароҳатланган тери ва шиллиқ пардалар орқали юқади ҳамда 2—3 ойлик бузоқлар, қўзилар ва чўчқа болаларида, кўпинча, оғир, эпизоотик ёки панзоотик кўринишда ўтади.

Вирус организмга тушиб, тери эпителийсида ривожланади ва шу жойни яллиғлантиради, кейинчалик қонга ўтиб, септицемия авж олади. Касалликнинг типик ва хавфли (атипик) кўри-нишлари бор. Типик кўринишда сўлак ажралиши кучаяди, кавш қайтариш сусаяди ва тана ҳарорати 40,5—41,5°гача кўтарилади. Касалликнинг 2—3 куни оғиз бўшлиғининг шилимшиқ пардаларида, туёқ оралиғи ва елин териси эпителийсида пуфакчалар вужудга келади. Кейинчалик улар ёрилиб, эрозиялар пайдо бўлади, ҳайвон оқсайди, туёғи тушиши мумкин. Маститлар, эндометритлар ривожланади. Ёш бузоқларда ўткир гастроэнтерит пайдо бўлиб, кўпинча, ўлим билан тугайди. Хавфли кўриниш, кўпинча, типик кўринишнинг давоми бўлиб, тузала бошлашнинг 7—10-кунида бирданига ҳайвон ҳолати оғирлашади, юрак фалажи натижасида 20—50% ҳайвон ўлади.

Курашиш чоралари

Оғиз жароҳатлари калий перманганат, фурациллин эритмалари билан чайиб турилади. Туёқ жароҳатлари формалин эритмаси, ёд настойкаси ёки калий перман-ганат-стрептоцид аралашмаси, елин жароҳатлари эса антисептик мазлар билан даволанади.

Олдини олиш

Карантин эълон қилинади, фаол ва пассив иммунизация ташкил этилади, касал ҳайвонлар соғломларидан ажратиб даволанади. Молхоналар ҳар куни дезинфексия қилинади. Дезинфексия учун 1% формалдегид эритмаси тавсия этилади. Гўнг биотермик йўл билан зарарсизлантирилади. Шундай хайвонларнинг гўшт ва сут маҳсулотларини қайнатиб истеъмол қилиш мумкин. Одамлар Оқсил касаллиги билан жуда кам касалланади. Уларга Оқсил касаллиги касал ҳайвонлар орқали, хом сут истеъмол қилганда юқиши мумкин.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил