Оссиллятор (лот. осcилларе — тебраниш) — механик, электромагнит ва бошқа тебранишлар ҳосил қиладиган физик тизим. Тизим ҳолатини ифодаловчи катталиклар вақт бўйича даврий ўзгарадиган тизимлар учун О. атамасидан фойдаланилади. Тизимни мувозанат ҳолатидан чиқарувчи куч уни мувозанат ҳолатига қайтарувчи кучга мутаносиб бўлса, бундай О. гармоник (уйғунлашган) О. дейилади. Бунда О. частотаси тизим параметрларига боғлиқ бўлиб, гармоник тарзда тебранади. Мас, кичик тебранишлар билан ҳаракатланаётган маятник гармоник О. ҳисобланади. Электромагнит майдон назариясида О. дипол деб аталади. Бундай О.нинг тўлқин тарқатиши электродинамика масалаларини ҳал қилишда жуда муҳим. Молекула ва қаттиқ жисмдаги ионлар, атомлар, радикаллар ва бошқаларнинг тебраниши ҳам О. деб қараш мумкин.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил