Отит (юн. отос — қулоқ, итис — яллиғланиш) — қулоқнинг яллиғланиши. Ташқи қулоқнинг яллиғланиши отит, ўрта қулоқнинг яллиғланиши ўрта отит ва ички қулоқнинг яллиғланиши лабиринтит дейилади.

Ташқи отитга ташқи эшитув йўлига инфексия кириши, шунингдек, қашиниб ёки ҳашарот чақиб яраланиши, куйиш, совуқ уриши, шпилка ёки бармоқ билан қулоқ ковлаш ва хоказолар сабаб бўлади.

Ўрта отит кўпинча ёш болаларда учраб, бирмунча оғир кечади, қулоқ қаттиқ оғрийди, ҳарорат кўтарилади, эши-тиш анча пасаяди, мия ва унинг пардасига асорат бериши мумкин. Ўрта отитга аксарият юқори нафас йўлларининг яллиғланиши билан кечадиган инфексион касалликлар: грипп, ўткир респиратор касалликлар, қизамиқ, скарлатина ва бошқа сабаб бўлади. Ўрта отитда врач тавсияси бўйича компресс қилинади; у оғриқни пасайтиради ва ноғора бўшлиғидаги яллиғланиш сўрилиб кетишига имкон беради. Ўрта қулоқ яллиғланишининг олдини олиш учун организмни чиниқтириш, сервитамин овқатлар истеъмол қилиш (қаранг Овқатланиш), физкултура ва спорт билан шуғулланиш ло-зим. Тамаки чекиш ва алкоголга ружу қилиш оқибатида нафас йўлларининг сурункали яллиғланиши кейинчалик ўрта қулоққа ҳам ўтиши мумкин. Тумов бўлганда бурунни тўғри қоқа билиш ҳам ўрта отитнинг олдини олишда айниқса муҳим. Ўз вақтида тўғри даво қилинса, бемор бутунлай тузалиб кетади, эшитиш қобилияти ўз ҳолига қайтади. Баъзан сўрғичсимон ўсиқ катаклари ва улар оралиғидаги тўсиқларнинг яллиғланиши (қаранг Қулоқ) каби асоратлар юзага келиши ёки касаллик сурункали шаклга ўтиши мумкин.

Сурункали отитда вақт-вақти билан йиринг оқиб туради, эшитиш қобилияти пасаяди. Сурункали отитга хос аломатлар пайдо бўлиши билан дарҳол врачга мурожаат этиш лозим. Ўз вақтида даво қилинмаса, менингит, сепсис, ҳатто мия тўқимаси абссесси каби асоратлар рўй беради. Ўрта қулоқ яллиғланишини мунтазам даволаш зарур, бемор врач-оториноларинголог назорати остида бўлиши лозим. Бу касалликда қулоқ пардасида доимий тешик мавжудлиги туфайли қулоққа сув кирганда дард зўраяди. Шунинг учун чўмил-ганда ва бош ювганда пахтани вазелин ёки бошқа суюқ мойга шимдириб, қулоққа тиқиб қўйиш керак.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил




Манбалар