Отлашув, субстантивация — транспозициянинг бир тури, бошқа туркумга оид сўзларнинг отга кўчиши. Сифат, сон, равиш, сифатдош, ҳаракат номи отлашади, келишик, эгалик ва кўплик аффиксларини қабул қилиб, от бажарган синтактик вазифани бажаради. Отлашган сўз предметнинг белгисини ёки бошқа хусусиятларини эмас, балки унинг ўзини билдиради ва от жавоб берадиган сўроқларнинг бирига жавоб бўлиб келади.

Сифат ва сифатдошлар кўпроқ от хусусиятига эга. Сифат қуйидаги ҳолларда отлашади:

а) предмет аниқланмиш тушиб қолганда: Кўр тутганини қўймас, кар эшитганини (кар одам, кўр одам);

б) киши ёки ҳайвонларнинг табиий ҳолатини (нуқсон, камчиликларини) билдирувчи сифатлар аниқланмишсиз от тарзида қўлланганда: пакана, чўлоқ, маймоқ, малла, кал, семиз.

Сифатдошлар отлашганда, отларга хос синтактик вазифаларни бажаради: Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим (мақол).

Сон абстракт маънода қўлланса, у кўпинча отга яқин вазифани бажаради: Ўннинг ярми беш. Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни йиқар (мақол).

Ҳаракат номи ҳаракатнинг бажарилиши ва у билан боғлиқ бўлган бошқа маъноларни билдирмайди, балки ҳаракат-ҳолатнинг номини билдиради. Шу сабабли отлашувларга хос грамматик кўрсаткичларни қабул қилади ва гапда О.ларга хос вазифаларни бажаради: ўтиришга, кўришим, ейиши, ётишда, кетувини.

Отлашган сўзлар эмоционал — экспрессив ёки кўчма маъно ифодалаши мумкин: заҳар (одам), тилла (бола), шакар (қиз) каби[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил