Охунд (охун) (Персиан. — ваъзхон, нотиқ, дин тарғиботчиси) — мулла, муаллим, устоз.

Бухоро хонлигининг (кейинчалик амирлигининг) олий таълим соҳасида олий даража. Бу сўз Абдуллахон ИИ даврида таълим соҳасидаги расмий атамага айланган. Охунд дастлаб Абдуллахон, сўнгра Кўкалдош мадрасасида дарс берган. Шўролар инқилобига қадар фаолият юритишган[1].

Хива хонлигидаги катта мадрасаларда охундлар сони кўп бўлган, жумладан, Оллоқулихон мадрасасида 7 та О., 2 та муаззин, 2 та фаррош, 1 та сартарош ва мешкобчи хизмат қилган. Мударрис ва охундлар ўзлари таълим бераётган мадраса вақфидан маош олиб туришган, мадрасада уларга ҳужра ҳам ажратган.

Қўқон мадрасалари бўйича тадқиқот ўтказган И. А. Алимов, „… охунд унвони мадрасада кўп йиллар ишлаб, хизмат кўрсатган мударрисга бериладиган унвон. …“ — деб, таъриф беради.

Хитой мусулмонлари орасида кенг тарқалган ном. Мадрасаларда мударрислик (ўқитувчилик) ва масжидларда имомлик қилган шахслар ҳурмат юзасидан умумлаштирилган ҳолда охунд деб номланган. Қашқар аҳолиси орасида ҳам ҳурмат юзасидан бир-бирининг исмига охунд сўзини қўшиб айтиш одат бўлган. Шу боис қашқарликларни охунд деб аташ ўзбеклар орасида ҳам учраб туради[2].

Манбалар

  1. ↑ Бухоро мадрасалари тарихидан / Асророва Л. Қ. — Т.:Ҳилол-Нашр, 2017. — 224 б.
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Адабиётлар

  • Абдураҳмонов А. Улуғбек академияси. Тошкент: Қомуслар бош таҳририяти, 1994 — 26-бет. ИСБН 5-89890-078-0. 
  • Алимов И. А. Қўқон хонлиги мадраса ва мактаблари тарихи. Тошкент: Фан, 2017 — 302-бет. ИСБН 978-9943-19-405-2.