Пангу — қадимги Хитой афсоналарига кўра Ер юзидаги илк инсон, у ҳақидаги мифлар милодий 3-асрдан ёзма шаклда тарқалган. Ривоятга биноан, борлиқнинг ибтидоси хаосдан иборат бўлиб, ушбу хаосдан универсал тухум, ундан эса Пангу юзага келган. Кейинроқ, у улкан болтасини силкиши натижасида Ин ва Ян бир-биридан ажралиб, қоронғулик (Ин) ва ёруғлик (Ян) ёки осмон ва замин яралган. Осмон ва ер бир-бирига яқинлашмаслиги учун Пангу уларни узоқлаштириб турган. Охирида осмон ва ер фаолияти ўз изига тушиб, Пангу аралашига эҳтиёж қолмагач, у ўлган. Пангунинг нафаси шамол, овози момақалдироқ, чап кўзи қуёш, ўнг кўзи ойга айланган. Шунингдек, унинг қўл ва оёқларидан ернинг тўрт томони, ер ости сувлари, қонидан дарёлар, томиридан йўллар, сочидан юлдуз ва ўсимликлар, тиши ва суягидан металл, суяк иягидан нефрит (минерал) вужудга келган[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 315.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.