Пеллагра (италянча „пелле“ — дағал тери), авитаминоз ПП — организмда витамин ПП (никотин кислотаси ёки Вит Б3) етишмаслиги натижасида келиб чиқадиган касаллик. Озиқ-овқатлар таркибида витамин ПП миқдорининг камайиб кетиши, шунингдек, организмнинг витаминларни ўзлаштириш қобилиятининг пасайиб кетиши сабаб бўлади. Пеллаграда ич кетади, тил қизил рангда, ялтираб туради. Гавданинг очиқ қисмлари ва оёқ-қўл панжаларига қизил доғлар тушиб, улар кейинчалик пуфакчаларга айланади, кейинчалик, йирингли жараён бошланади. Пуфакчалар ёрилиб, йиринг чиқиб кетгач, тери қуриб, пўст ташлайди ва ўрни доғ бўлиб қолади. Бемор умумий шикоятлар: тинкаси қуриши, тез чарчаш, қуввацизлик, ҳолсизланиш, иш қобилиятининг пасайиши, бош оғриши, иштаҳаси йўқлиги, оғзи ачишиб, сўлаги оқиши кабилардан шикоят қилади. Руҳий ҳолатида ҳам ўзгаришлар содир бўлади. Атрофидаги воқеа ва ҳодисаларга бепарво бўлиб қолади, хотира ва ақлий салоҳият пасайиши кузатилади.

Касалликни даволашда врач кўрсатмасига биноан, В гуруҳ витаминлари билан никотин кислотаси берилади. Никотин кислотасига бой овқатлар — ҳайвон оқсили, жигар, тухум, балиқ, сут, қатиқ, сабзавот ва мевалар буюрилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил