Перикл (қадимги юнонча: Περικλῆς; милоддан аввалги тахминан 490, Афина — милоддан аввалги 429) — юнон сиёсий арбоби, милоддан аввалги 444/443—429-йилларда (430-йилдан ташқари) Афина стратеги (бош қўмондони). Аристократлар наслига мансуб, демократик гуруҳ раҳбари. 443-йилдан Афина давлати бошлиғи Перикл Афина давлат тузумини янада демократлаштирган, жамоат бинолари (Парфенон, Пропилеи, Одеон) қурдирган. Ташқи сиёсатда Перикл Афина денгиз қудратини ошириш ва мустаҳкамлашга интилган, стратег сифатида бир қанча ҳарбий экспедицияларга раҳбарлик қилган. Милоддан аввалги 431—404-йиллардаги Пелопоннес уруши, спарталикларнинг Аттикага бостириб кириши ва қамалда қолган Афинада ўлат касалининг тарқалиши натижасида Периклнинг мавқеи пасайган. 430-йил у стратегликка сайланмаган, бундан ташқари, молиявий жиноят қилганликда айбланиб, йирик пул жаримаси тўлашга ҳукм этилган. 429-йил Перикл оқланган ва қайта стратегликка сайланган, лекин ўша йили ўлатдан вафот этган.[1]

Перикл

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил