Перитонеал синдром — яллиғланиш жараёни билан боғлиқ деярли ҳар қандай нозологик бирликка хос бўлиб, қоринда оғриқ, қусиш ва ичак ўтказувчанлигининг бузилиши билан кечади[1].

Касаллик кечиши

Бу касалликлар гуруҳига кавак ва паренхиматоз аъзолар ёрилиши билан боғлиқ ва албатта, қорин парданинг таъсирланиши ёки яллиғланишига олиб келадиган қорин ичи қон кетишларини ҳам қўшдик. Ушбу симптомларнинг кетма-кетлиги ва пайдо бўлиш вақти, уларнинг характери ҳамда жойлашуви муҳим ҳисобланади. Ўз-ўзидан маълумки, охирги ҳолат ҳеч муболағасиз эрта ёшдаги болаларга тааллуқли бўлиб, уларда ташқи ва ички қўзғовчиларга нисбатан умумий таъсирга эга. Каттароқ ёшдаги болаларда синчиклаб суриштирганда, маълум жойлашувдаги оғриқнинг пайдо бўлиш вақти ва хусусиятини аниқлаб олиш мумкин. Масалан: эпигастрал (қорин усти) соҳада (ўткир гастрир, панкреатит), ўнг қовурға остида (ўткир холесистит, холангит), киндик атрофида (Меккел дивертикулити, Крон касаллиги, қорин ичи қон кетишлари), қорин пасти ва ёнбош соҳаларда (ўткир аппендицит, тухумдон апоплексияси). Шунингдек, оғриқ характери: тўмтоқ оғриқ, бутун қорин соҳаси бўйлаб тарқалиб, кейин ёнбош соҳасида жойлашадиган, жадаллиги кучайиб бориб, кам ҳолларда бирдан йўқоладиган (ўткир аппендицит, перфорация), орқа, чов соҳаларига узатиладиган, ўраб олувчи оғриқ (холесистит, чаноқ соҳасида жойлашган аппендицит, панкреатит), тарқоқ, маълум жойлашувга эга бўлмаган оғриқ (перитонит, Крон касаллиги, Меккел дивертикулити), қорин пастидаги оғриқ аста-секин жадаллиги пасайиб борадиган оғриқ (тухумдон апоплексияси). Учраш сони ва пайдо бўлиш муддати бўйича иккинчи ўринда қусиш белгиси туради. Бу белги ҳам маълум нозологияга хос бўлиши мумкин. Масалан: бир ёки икки марталик қусиш (аппендицит, тухумдон кистаси буралиб қолиши, дивертикулит), кўп сонли ва тўхтовсиз қусиш (панкреатит, Крон касаллиги, перитонит)[1].

Симптоматикаси

Перитонеал синдромга хос нисбатан кечки белги ичак ўтказишининг бузилиши ичак парези (перитонит), кам ҳолларда қисқа муддатли диарея ёки қабзият билан намоён бўладиган ичак қисилиши сифатида намоён бўлиши ҳисобланади. Ошқозон-ичак йўли ўтказишининг бузилиши билан боғлиқ интестинал синдром ҳам юқоридаги белгилар билан намоён бўлади: қоринда оғриқ, қусиш ва ахлат келмаслиги. Бунда келтирилган симптомларнинг ҳар бири маълум турдаги ичак тутилишигагина хос бўлиши мумкин. Ҳар қандай патологик жараёндаги каби интестинал синдром ҳам қоринда оғриқ пайдо бўлиши билан бошланади. Оғриқ характерига кўра ичак тутилиши сатҳи ва турини аниқлаш мумкин. Масалан: ўткир, хуружсимон, баратараф қилинмайдиган оғриқ (чандиқли, странгулястион ичак тутилиши), тўмтоқ, симилловчи, интенсивлиги ўсиб борувчи оғриқ (обтурацион ичак тутилиши), ўткир оғриқ „вақтинча заифлашув“ билан бирга, давомийлиги қисқариб боради (инвагинация). Бошқа икки белгининг намоён бўлиш вақти, қусиш ва ахлат чиқишининг тўхташи ичак тутилиши сатҳи (юқори ёки пастки), кам ҳолларда турига (странгулястион ичак тутилишида рефлектор қусиш) боғлиқ бўлади. Масалан: эрта ва енгиллик берувчи қайт юқори механик ичак тутилишига хос, сафро аралашмаси билан ёки усиз қайт тутилиш сатҳи Фатер сўрғичи сатҳидан юқорида ёки пастда эканлигидан дарак беради, кечки, „енгиллик бермайдиган“, ичак сақламасида қайт қилиш — ичак тутилиши сатҳининг пастлигидан, фавқулодда кўнгил айниш — паралитик ичак тутилишига хос. Нажас чиқишининг тўхташи ҳам ичак тутилиши сатҳи ва турини тахмин қилишга имкон беради. Масалан, кичик порсияларда, тупукдек ахлат, қусиш ва қоринда оғриқ бўлганда, юқори ичак тутилиши ёки инвагинацияга хос. Инвагинацион ичак тутилиши кечки муддатларда парчаланган эритроситлар (эркин гемоглобин) сизиб чиқиши билан боғлиқ „малина желеси“ кўринишидаги ахлат билан намоён бўлади. Нажаснинг тўлиқ келмаслиги даврий тенезмлар (оғриқли сохта қисташ) билан пастки обтурацион ёки странгулястион ичак тутилишидан дарак бериши мумкин[1].

Диагностикаси

Юқорида санаб ўтилган белгилар қорин бўшлиғининг вертикал ҳолатдаги, имкони бўлса, тўғри ва ён проексиядаги кечиктириб бўлмайдиган рентгенографиясини, эхосканерлашни қорин бўшлиғи аъзоларининг Допплер ва рангли манзарасини чиқаришни талаб қилади[1]. Перитонеал синдромнинг рентгенологик манзараси:

  1. . „Соқов қорин“ — яллиғланиш жараёни ривожланишининг дастлабки босқичларид.
  2. . Кучли пневматоз, кам сонли ва майда „Клойбер косачалари“ — касаллик кечишининг кечки босқичларида Эхоскопия ва рангли тасвирлаш:
  3. . Аъзонинг яллиғланиш белгилари (деворлар қалинлашуви, эхозичлик пасайиши, „совуқ ва иссиқ“ тонлар — ўткир холесистит, ўткир аппендицит, панкреатит).
  4. . Қон оқими ва пулсацион индекс редуксияси.
  5. . Ўт қопида эхо бир жинсли бўлмаган сақлама.
  6. . Паренхиматоз аъзолар — жигар, талоқ, ошқозон ости бези тузилишининг бузилиши.
  7. . Қорин бўшлиғида эркин суюқлик.

Адабиётлар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 Алиев, М. М. „ИИ“, . Кўкрак қафаси а’золарининг ўткир хирургик касалликлари синдромлари, 2018 (О'збекча), Тошкент: "Янги нашр" — 42-бет. ИСБН 978-9943-22-157-4.